Давлат ва фуқаролик сектори ўртасидаги шерикликни янада кучайтирувчи майдон
Пойтахтимизда давом этаётган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари” тўғрисидаги Миллий маъруза тақдимотига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида бир қатор мутахассис ва экспертлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди:
Нодир Тилаволдиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:
– “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” сўнгги йилларда мамлакатимизда изчил анъанага айланди. Уни айнан Конституция куни арафасида ўтказишимиз ҳам бежиз эмас — бу фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва демократик жараёнларга кенг йўл очишга қаратилган муҳим рамзий қадамдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биз фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қиладиган ҳуқуқий-меъёрий асосларни янада мустаҳкамлаш устида изчил иш олиб бормоқдамиз. Парламентда жамоавий ташаббуслар бўйича комиссия ташкил этилгани, шунингдек, барча қўмиталар ҳузурида Жамоатчилик кенгашларининг фаолият юритаётгани — фуқаролар фикри ва ННТлар ташаббуслари қонун ижодкорлиги жараёнида тўлақонли инобатга олиниши учун яратилган самарали майдондир.
Айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу кенгашлардаги иштироки ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Бу нафақат парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлайди, балки жамиятдаги долзарб муаммоларни ҳал этишда давлат ва фуқаролик сектори ўртасидаги шерикликни янада кучайтиради.
Азамат Пардаев, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори:
– Бугун биз Янги Ўзбекистон тарихида илк бор “Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари” мавзусидаги миллий маърузани тақдимот қиляпмиз.
Маърузада мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида шаклланган фуқаролик жамиятининг бугунги қиёфаси холис баҳоланди, эришилган ютуқлар таҳлил қилинди ва истиқболдаги стратегик йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантиришдаги иштироки ҳамда соҳани янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Бобур Бекмуродов, "Юксалиш" ҳаракати раиси:
– Жамоатчилик кенгашлари давлат ва жамият ўртасидаги муҳим ижтимоий кўприк бўлиб, уларнинг самарали фаолияти “халқчил давлат” тамойилини амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳозирги ҳолат таҳлили кенгашларда расмиятчиликка мойиллик, мустақиллик ва ташаббускорлик етишмаслиги, моддий ва ташкилий қарамлик сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Муаммоларни бартараф этиш учун кенгашларни шакллантириш жараёнларини тўлиқ шаффоф ва жамоатчилик иштирокида ташкил этиш, молиявий мустақилликни кучайтириш, грант ва ижтимоий буюртмалар орқали фаолиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда барча қарор ва баённомаларни ягона очиқ платформада эълон қилиш зарур.
Ана шунда Жамоатчилик кенгашлари фақат номига эмас, балки ҳақиқий назорат ва жамоатчилик фикрини ифода этувчи институтга айланиши, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўпригига, мулоқотнинг таъсирчан механизмига айланиши мумкин.
Камолиддин Ишанхўжаев, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси раиси:
– Мамлакатимизда ННТларнинг ташаббусли ижтимоий лойиҳаларини молиялаштириш механизмлари кўллаб-қувватланмоқда. БҲМнинг 1000 бараваригача танловсиз молиялаштириш имконияти ташкилотларнинг институционал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, хорижий грант ва маблағларни жалб қилиш тартибининг соддалаштирилиши ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим омилга айланди. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатининг қисқартирилиши ва рухсатсиз олиниши мумкин бўлган маблағ миқдорининг оширилиши натижасида охирги уч йилда 120 миллион доллардан ортиқ халқаро маблағлар жалб қилинди.
Электрон ҳукумат имкониятларининг кенгайиши ННТлар фаолиятида янги босқични бошлаб берди. 2019 йилда ишга туширилган e-ngo.uz платформаси орқали 99 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилгани бюрократияни камайтирди, ҳисобдорлик ва шаффофликни оширди.
Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи:
– Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти бир қатор глобал муаммолар – ижтимоий тенгсизлик, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни сақлаш ва жамият барқарорлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга ечим изламоқда.
Бу борада маҳаллий даражадаги таъсирчан ва инсонпарвар институтлар – давлат ва жамият ўртасидаги ишончли ижтимоий кўприк сифатида улкан аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ана шундай институт — маҳалла ҳисобланади.
Маҳалла — одамларнинг онгли ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш жойи. Нодавлат ташкилот сифатида одамлар ҳаётидаги энг муҳим муаммоларни аниқ мақсадли усулда еча олишга қодир муассаса.
2024 йил 1 январдан бошлаб республикадаги 9 008 та маҳаллада 57 минг нафарга яқин “маҳалла еттилиги” ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бирга, аҳолининг муаммолари билан тўғридан тўғри ишлайдиган ва жойида хал қиладиган тизим яратилди. Одамларнинг ҳар қандай масаласи, муаммолари, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш маҳалланинг ўзида ҳал этиляпти.
Абдуазиз Абуталипов, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси бош директори:
–Журналистика этикаси ва профессионализм Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг етилишини белгилайдиган стратегик омилга айланди. Журналист – бу шунчаки ахборот тарқатувчи эмас, балки жамоатчилик ишончи, ислоҳотлар мазмуни ва миллий мулоқот сифатини шакллантирувчи етакчи фигурадир.
Бугунги ахборот тезлиги шароитида фактга таяниш, инсон қадрини ҳурмат қилиш, сенсацияга берилмаслик ва манбаларни текшириш журналистнинг асосий этик мажбуриятларидир. Профессионал журналистика жамиятда ишончни мустаҳкамлайди, давлат ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқотни кучайтиради. Шу боис фактчекинг стандартларини ривожлантириш, масъулият маданиятини ошириш, ўқитиш ва халқаро тажрибани жорий этиш, медиа саводхонлик платформаларини кенгайтириш зарур.
Журналистнинг ҳар бир сўзи жамият кайфияти ва ишонч муҳитини ўзгартира олади. Шунинг учун Ўзбекистонда кучли, ростгўй ва профессионал медиа маданиятини шакллантириш нафақат касбий вазифа, балки ижтимоий миссиядир.
Нурилло Насриев тайёрлади.
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский