Адлия вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжатга мувофиқ, Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими биринчи навбатда коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги “қониқарсиз” деб баҳоланган, коррупцияга оид жиноятлар сони ошган ёки коррупциявий хавфи юқори бўлган давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади.

Режа-график ҳар йили март ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тасдиқланади. Баҳолаш ишларини эса Агентликнинг масъул ходими раҳбарлигида камида етти нафардан иборат ишчи гуруҳ амалга оширади.

Ташкилотлар фаолияти функционал хусусиятларидан келиб чиқиб, кўпи билан 14 иш куни давомида масофадан туриб ва ёки жойига чиққан ҳолда баҳоланади. Баҳолаш дастури етти йўналишни, жумладан очиқлик ва шаффофлик, жамоатчилик назорати ҳамда коррупциянинг олдини олиш механизмларини қамраб олади.

Натижалар 100 баллик тизим асосида баҳоланади. 81–100 балл тўплаган ташкилотлар “яхши”, 55–80 балл олганлар “қониқарли”, 55 баллдан кам натижа кўрсатганлар эса “қониқарсиз” деб эътироф этилади.

“Яхши” баҳога эга ташкилотларга уч йил муддатга амал қиладиган Миллий сертификат берилади. “Қониқарли” деб баҳоланган ташкилотларга камчиликларни бартараф этиш учун бир ойгача муҳлат ажратилади ва талаблар бажарилганидан кейин сертификат тақдим этилади.

Фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ёки белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмаган ташкилотлар сертификат олмаган ҳисобланади. Бу эса коррупцияга қарши менежмент тизими жорий этилгунга қадар ташкилот раҳбарларига нисбатан рағбатлантириш тўловларини тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Kun.uz