Маълумот учун, WТТC ўз таҳлилларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлиб амалга оширади ва Марказий Осиё уларнинг орасида бир нечта асосий кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринни эгаллади. Эътиборлиси, Ўзбекистон ушбу кўрсаткичларнинг барчасида Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори ўринда қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, 2025-йилда Марказий Осиё минтақасида туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, тўғридан-тўғри ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошгани кўрсатилган. Минтақада туризм хизматлари экспорти (visitor exports) 9,9 миллиард АҚШ долларга етгани ва бу кўрсаткич бир йилда 26,4 фоизга ошиб, ўсиш суръати бўйича ҳам Марказий Осиё жаҳонда биринчи ўринни эгаллагани қайд этилган. Ушбу кўрсаткичнинг деярли тенг ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу борада мамлакатда 2025 йилда 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари экспорт қилинган.
WТТC нинг 2025 йил маълумотларига кўра, Марказий Осиё аҳолиси ўз саёҳатларини энг кўп амалга оширадиган оммабоп йўналиш сифатида Ўзбекистон кўрсатилган. Минтақа аҳолисининг асосий саёҳат йўналишлари қуйидагича:
Ўзбекистон — 25%;
Қозоғистон — 23%;
Қирғизистон — 18%;
Россия — 16%;
Туркия — 6%.
Ташкилот Ўзбекистоннинг биринчи ўринни эгаллашини мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва минтақа сайёҳлари учун жозибадорлиги билан асослаган. “Умуман, бу рақамлар туризмнинг минтақавий хусусиятини тасдиқлайди: Марказий Осиё аҳолиси кўпинча минтақанинг ўз ичида саёҳат қилади” дейилади ҳисоботда.
Бундан ташқари ҳисоботда Марказий Осиёда ягона минтақавий туристик макон яратиш учун салмоқли имконият борлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, чегараларни соддалаштириш, авиақатновлар ва транспорт-логистикасининг ривожлантирилиши, қўшма туризм маршрутлари ва минтақани ягона йўналиш сифатида тарғиб қилинаётганлиги минтақадан ташқаридаги халқаро оқимларни ҳам оширишга хизмат қилаётганлиги келтирилган.
Туризмда 2025 йилда айланган маблағларнинг 64,3 фоизи хорижий сайёҳлар, 35,7 фоизи эса минтақанинг ички сайёҳлари ҳиссасига тўғри келганлиги, саёҳат мақсадига кўра харажатлар тақсимоти эса хорижий сайёҳларнинг 84,5 фоизи дам олиш мақсадида, 15,5 фоизи бизнес мақсадида ўз маблағларини сарфлагани ҳисоботда қайд этилган.
WТТC прогнозига кўра, истиқболда туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига умумий ҳиссаси 2036 йилга бориб 29,7 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati
