Тошкентда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” тадбирлари бошланди
Бугун пойтахтимизда парламент аъзолари, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хорижий экспертлар иштирокида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бошланди. Тадбир фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифларни муҳокама қилишни мақсад қилган.
Ҳафталик доирасида ННТ миллий форуми, Олий Мажлис палаталари ва Адлия вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар, халқаро конференциялар, акциялар ва ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, соҳа фаолларини рағбатлантириш мақсадида “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти ва бир қатор кўкрак нишонлари топширилиши белгиланган.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим ташаббусларини молиялаштириш мақсадида “Мақсадли лойиҳалар” акцияси ҳам уюштирилади. Бу механизм орқали ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларнинг қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундай тадбирлар институтлар ўртасидаги мунтазам мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади менимча. Асосийси, муҳокамалардан амалиётга ўтадиган аниқ механизмлар шаклланса, фуқаролик жамияти ривожи янада тезлашиши мумкин.
Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат), ЎзА
Ўзбекча
English
Русский