Танзила Норбоева: Аҳолида зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат кучайиб бормоқда

Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» кампанияси давом этмоқда. Бу йилги тадбир  “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётир.

Мазкур кампания ҳақида фикр билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда аёллар, болалар ва ҳар бир фуқарони зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини алоҳида қайд этди. 

– Давлатимиз раҳбари ўз чиқишлари ва йиғилишларда зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантиришга эътибор қаратиб келади, – деди Т.Норбоева. – Қонунчиликни такомиллаштириш, жабрланувчилар учун самарали ҳимоя механизмларини яратиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш каби устувор вазифалар белгилаб берилди. Нафақат йўналиш, балки барча идоралар учун бу ишларни амалга ошириш учун зарур шароит ва имкониятлар ҳам яратиб берган. 

Президентимиз топшириқларига мувофиқ, парламентимиз кейинги йилларда зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор муҳим қонунларни қабул қилди. Уларда жабрланувчиларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлари, зўравонлик ҳолатлари бўйича ишлаш механизмлари, тезкор ҳимоя, жавобгарлик чоралари аниқ белгилаб қўйилди.

Бу қонунлар бугунги кунда ўз натижасини бера бошлади. Бироқ, ҳаёт кўрсатяпти, ушбу иллат билан ҳар куни ва турли усуллар билан, ҳамжиҳатликда курашиш лозим. Шу боис, қонунларни доимий равишда такомиллаштириб бориш – парламентнинг устувор вазифаси бўлиб қолади.

Институционал асосларнинг такомиллаштирилиши – тизимли ҳимоянинг асосий устуни. Шу маънода, қабул қилинган қонунлар асосида мамлакатимизда замонавий ва яхлит институционал ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизимда Ижтимоий ҳимоя агентлиги муҳим ўрин эгаллай бошлади. Агентлик аҳолига кўмак кўрсатиш, ижтимоий хизматларни мувофиқлаштириш ва идоралараро ҳамкорликни таъминлаш бўйича асосий вазифани бажаряпти.

Шу билан бирга, мамлакатимизда реабилитация марказлари, вақтинчалик бошпана – шелтерлар, ижтимоий хизматлар, 24 соат ишлайдиган ишонч телефонлари, ички ишлар ва прокуратурадаги махсус бўлинмалар, идоралараро комиссиялар бир-бирини тўлдирувчи ягона тизим сифатида ишламоқда.

Муҳими, зўравонликка қарши давлат идоралари, ННТ, халқаро ташкилотлар ва фаоллар томонидан амалга оширилаётган тарғибот ва таълим дастурлари натижасида аҳолида зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат кучайиб бормоқда. Жабрланувчилар ёрдам сўрашдан чўчимаяпти. Муаммоларни яширин ҳолда эмас, очиқ муҳокама қилиш маданияти шаклланмоқда. Бу – профилактиканинг энг самарали йўналишларидан бири.

Бу йилги кампания БМТ томонидан «Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик» шиори остида ўтказилмоқда. Бу бежиз эмас. Рақамли маконда зўравонликнинг қатор хавфли шакллари пайдо бўлиб, кун сайин кенгайиб бораётгани сир эмас. Бу – кибербуллинг, онлайн таъқиб ва таҳдид, шахсий маълумотларни тарқатиш, рақамли назорат, ижтимоий тармоқлар орқали босим ва манипуляция ўтказиш, болаларни интернет орқали алдов йўли билан эксплуатация қилиш каби ҳолатлар.

Бу кўзга кўринмас, аммо салбий таъсири жуда оғир бўлган зўравонлик турларидир. Шунинг учун ҳам рақамли хавфларга мос қонунчилик ва амалий чора-тадбирларни янада мустаҳкамлаш зарур.

Технологияларни тўғри йўналтирсак, хавфсизлик ва ҳимоя имкониятлари ниҳоятда катта. Булар – онлайн маслаҳатлар, тезкор хабар бериш иловалари, электрон мурожаат платформалари, идоралараро рақамли маълумот алмашинуви, таҳлил ва хавфларни эрта аниқлаш тизимларини яратишдан иборат.

Кампания давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбирлар ўтказилмоқда. Маҳаллалар, мактаб ва таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, давлат органлари ва ННТларда, оммавий ахборот воситалари орқали давом этаётган тарғибот ишлари кенг қамровли бўлиб, бу жараён умумхалқ ҳаракатига айланди.

Зўравонликка қарши курашиш – узлуксиз жараён. У янги шароитда янги чоралар ишлаб чиқилишини талаб қилади. Инсон ҳуқуқларини бузадиган зарарли стереотипларни батамом бартараф этиш – бизнинг олдимизда турган муҳим вазифа. Биз аниқ айтамиз: ҳеч қандай стереотип зўравонликни оқлай олмайди.

Биз ҳаммамиз, бир ёқадан бош чиқариб, бу борада Президентимиз белгилаган вазифаларни изчил амалга оширамиз, қонун устуворлигини таъминлаймиз. Аҳолининг хавфсиз, муносиб ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз. 

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech