Оксфорд луғати йил сўзини rage bait деб атади. Бу нима ўзи?

Ижтимоий тармоқларни варақлар экансиз, борган сари жаҳлингиз чиқаётганини ҳис қиляпсизми? Шунда сиз Оксфорд инглиз тили луғати йил сўзи деб тан олган тушунча - rage bait’га дуч келган бўлишингиз мумкин.

Британиянинг дунёга машҳур Оксфорд луғати йил сўзини rage bait деб атади. Бу ҳақда BBC хабар берди. Rage bait ёки бу иборани сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «ғазабни қўзғатувчи хўрак» фойдаланувчиларнинг интернетдаги фаоллигини оширишга қаратилган манипуляцион тактикаларни англатади. Луғат ношири маълумотларига кўра, сўнгги 12 ой ичида ундан фойдаланиш уч баравар ошган.

Rage bait нима?

Сўзнинг ўзи сизга нотаниш бўлса ҳам, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси сифатида, эҳтимол, «ғазабни қўзғатувчи хўрак» билан кўп марта тўқнаш келгансиз.

Оксфорд луғати ношири Oxford University Press таърифига кўра, бу ғазаб ёки ғазабни қўзғатиш, ғазаблантириш, провокация ёки ҳақорат қилиш учун махсус яратилган интернет контентдир.

Бундай контент одатда веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар трафигини ошириш учун жойлаштирилади. Гарчи унинг ишлаш механизми кликбейтга ўхшаса-да, мақола ёки видеога ўтишга мажбур этадиган баландпарвоз сарлавҳалари бўлса-да, rage bait вазифаси фойдаланувчиларда ғазаб ва норозилик туйғуларини аниқ уйғотишдан иборат.

Йил сўзини танлашда Оксфорд инглиз тили луғати 2025 йилдаги мунозараларни белгилаб берган кайфият ва мавзуларни акс эттиришга ҳаракат қилди. Йил сўзи 30 мингдан ортиқ киши иштирок этган жамоатчилик сўровида аниқланди.

«Rage bait атамасининг мавжудлиги ва ундан фойдаланишнинг бундай тез ўсиши шуни англатадики, интернетда бизни манипуляция қилаётганларини тобора кўпроқ англаб етмоқдамиз», деди Oxford Languages президенти Каспер Гратвол.

«Агар илгари интернет бизнинг қизиқишларимиздан фойдаланиб, клик учун эътиборимизни эгаллашга интилган бўлса, энди ҳис-туйғуларимиз ва реакцияларимизга таъсир кўрсатишга ўтмоқда. Бу технология оламида инсон бўлиш нима экани ва онлайн маданиятнинг ҳаддан ташқари чекловлари ҳақидаги давом этаётган суҳбатнинг табиий ривожланиши бўлиб туюлади», деб қўшимча қилди Гратвол.

Ўтган йили Оксфорд луғати йил сўзи сифатида «мия чириши» (brain rot) иборасини танлади, бу ҳам ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ бўлиб, фойдасиз маълумотларни доимий равишда истеъмол қилиш туфайли инсоннинг психологик ҳолати ва когнитив қобилиятининг ёмонлашишини англатарди.

Гратвол сўзларига кўра, 2024 ва 2025 йилларнинг ғолиб сўзларини умумий ғоя бирлаштиради.

«Улар биргаликда кучли айланма ҳаракатни ҳосил қилади, унда ғазаб иштирокни келтириб чиқаради, алгоритмлар уни кучайтиради ва доимий ўзаро таъсир ақлий чарчоққа олиб келади», деди у.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech