Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бешинчи Самарқанд форуми минбаридан

Юқори мартабали хорижий иштирокчилар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қаторида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк мурожаати ҳам тақдим этилди. Мурожаатни Форум қатнашчиларига БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё минтақавий бўлинмасининг минтақавий вакили в.б. Эннио Боати ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда Самарқанд форумининг давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ҳамда экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги мулоқот учун халқаро майдон сифатидаги аҳамияти қайд этилди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мурожаатда шундай таъкидланди:

«Ўзбекистон салмоқли ислоҳотларни амалга ошириш мумкинлигини намоён этди. Ҳозирги босқичдаги вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, сақланиб қолаётган камчиликларни бартараф этиш ҳамда қўлга киритилган силжишни ҳар бир инсон ҳис этишини таъминлашдан иборат».

Мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Фолькер Тюрк Ўзбекистонни ва Форум иштирокчиларини Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянсда (Global Alliance for Human Rights) фаол иштирок этишга чақирди. Инсон ҳуқуқларини амалда илгари суриш йўлида давлатлар, фуқаролик жамияти, бизнес, ёшлар, илмий доиралар ва бошқа манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 06.10.2026 Ko'rishlar 324
Ulashish