Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Кексалар учун қисқартирилган иш вақти жорий этиш режалаштирилмоқда

2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда қисқартирилган иш вақтини белгилаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилганларни мажбурий ижтимоий солиқ тўлашга ўтказиш режалаштирилмоқда.

 2027 йил 1 январдан бошлаб умумий белгиланган пенсия ёши бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия тайинлаш тартиби бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақдаги фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.  

2027 йил 1 январдан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими Халқ банкидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилади. Тўпланган маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Шунингдек, кейинги йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳам келгусида пенсия таъминоти ҳамда давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланишини кафолатлаш мақсадида ижтимоий солиқни қатъий белгиланган тартибда тўлаш тизими жорий этилиши мумкин. Бунда уларга ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Лойиҳага кўра, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этилади. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда оила аъзоларининг мақомини белгилашда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклардан расмий даромад талаб этилмайди.

Корхона ва ташкилотларга ижтимоий солиқ тўлови бўйича янги имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди. Мавжуд имтиёзлар эса 2030 йил 1 январдан бекор қилинади.

Қайд этилишича, пенсия ёшини ошириш даврида пенсияолди ёшидаги фуқароларга қуйидагилар кафолатланади:

  • пенсияолди ёшини важ қилган ҳолда ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўйилмайди;

  • ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга 2 йил аввал муддатдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;

  • ерости ишларида, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда меҳнат тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркакларга 50-55 ёш ҳамда аёлларга 45-50 ёшдан қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;

  • пенсия олувчиларга татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш имтиёзлари сақлаб қолинади;

  • эркакларга 60 ёшдан ва аёлларга 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқи берилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 16.09.2026 Ko'rishlar 99
Ulashish