Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик фанларининг ривожи ва истиқболлари: илмий-назарий таҳлил

21 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги: давлатчилик ва ҳуқуқий тизим эволюцияси. Ҳуқуқшунослик фанларининг ривожи ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланди.

Мазкур конференция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Фанлар академиясининг Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган анжуманда мамлакатимизнинг юридик соҳага ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, бакалаврлар, талабалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд ва адлия тизими ходимлари, академик ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очиб берди. Таниқли ўзбек ҳуқуқшуноси “Мустақиллик ва ҳуқуқшунослик фани: натижалар ва истиқболлар” мавзусидаги маърузасида мамлакатимиз давлатчилиги ва ҳуқуқий тизимининг шаклланиши, ривожланиши ҳамда модернизация қилиниши жараёнларини илмий жиҳатдан таҳлил қилишда ҳуқуқшунослик фанининг эришган ютуқлари ва долзарб муаммоларини муҳокама этиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигига эътиборни қаратди.

Бунда, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг назарий-амалий аҳамиятини баҳолаш жуда муҳим. Шу ўринда соҳа ривожи йўлида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ва ижрога қаратилганлигини таъкидлаш лозим.

Кейинги йилларда, хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 16 февралда қабул қилинган «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида ҳуқуқшунослик соҳасида юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Ўз навбатида, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони юридик таълим, ҳуқуқшунослик фани ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Айни шу 2020 йилнинг ўзида соҳа ривожига оид яна бир нечта муҳим ҳужжатлар қабул қилингани таҳсинга сазовор. Хусусан, 23 сентябрдаги «Таълим тўғрисида»ги қонуни билан таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг янги ҳуқуқий асослари белгиланди.

Шунингдек,  Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 30 октябрда «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Унга кўра,  Давлат ва ҳуқуқ институти давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий йўналишларда фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширувчи, юриспруденция соҳасида илмий йўналишларни мувофиқлаштирувчи бош илмий марказ сифатида ўз фаолиятини бошлади.

Ўтган йилда бу соҳада янада муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республика сида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида юридик таълимни халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш, ҳуқуқшунослик фанини ривожлантириш ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишнинг устувор вазифалари белгиланди.

Шу билан бирга,  Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, Фанлар академияси тизимини 2035 йилгача ривожлантириш ҳамда илмий муассасалар фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Академик А. Саидов ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида соҳани чуқур ислоҳ этиш жараёнлари ва самараларига атрофлича тўхталди. Маърузачи, шунингдек, мазкур илмий-амалий конференция ҳуқуқшунослик фанларининг замонавий тараққиёт тенденциялари ва истиқболли йўналишларини белгилаш, миллий ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш орқали давлат ва ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш борасида ўзига хос ўрин тутишига ишонч билдирди.

Анжуман ишига Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов модераторлик қилди.

Конференция давомида ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти Назарий тарихий, давлат-ҳуқуқий ва конституциявий ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Джурабой Ташкулов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори Асқар Гафуров, ТДЮУ Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси профессори, юридик фанлар доктори, профессор Фируза Муҳитдинова, ИИВ академияси Давлат-ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси профессори, юридик фанлар доктори, профессор Каринэ Джавакова, ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси профессори, юридик фанлар доктори, профессор Қумринисо Абдурасулова, ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти Фуқаролик ҳуқуқий ва халқаро ҳуқуқ фанлари ҳамда халқаро ташкилотлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Миродилжон Баратов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Ўткир Очиловнинг маърузалари тингланди.

Конференцияда мустақиллик йилларида мамлакатимиз давлатчилиги ва ҳуқуқий тизимининг шаклланиши, ривожланиши ва модернизация қилиниши жараёнлари, ҳуқуқшунослик фанининг эришган ютуқлари ва долзарб масалалари теран таҳлил этилди. Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг назарий-амалий аҳамияти, шунингдек, юридик илм-фаннинг замонавий ривожланиш тенденциялари ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 21.08.2026 Ko'rishlar 33
Ulashish