Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига бағишланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да “Инсон ҳуқуқлари тарихи: Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги” мавзусида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий марказ ходимлари, Тошкент давлат транспорт университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этиб, ривожланиш ҳуқуқининг халқаро инсон ҳуқуқлари тизимидаги ўрни, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда бугунги кундаги аҳамияти юзасидан фикр алмашдилар.

1986 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим халқаро ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Унда ривожланиш фақат иқтисодий тараққиёт кўрсаткичи эмас, балки ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани эътироф этилган.

Давра суҳбатида мазкур Декларациянинг қабул қилиниш тарихи, мазмун-моҳияти ва унда белгиланган асосий тамойиллар атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва жамият тараққиёти ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалаларига эътибор қаратилди.

Илмий-амалий мулоқот давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ходимлари Ў. Очилов, О. Ахмадов, Ҳ. Мўминов, А. Рамазонов ва И. Турғунов мавзу юзасидан маърузалар билан иштирок этдилар.

Маърузачилар Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияда мустаҳкамланган тамойилларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғун жиҳатларига тўхталдилар. Хусусан, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия доирасида белгиланган вазифалар билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати талабаларнинг Миллий марказ ва “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти билан яқиндан танишиши бўлди. Ёшларга ушбу масканда ҳуқуқий билимларни ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва халқаро ҳужжатлардан фойдаланиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг кутубхона фонди, халқаро ҳужжатлар базаси ва замонавий рақамли имкониятлари таништирилди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига Миллий марказ раҳбарияти, бўлим бошлиқлари ва профессор-ўқитувчилар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Суҳбатда ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, назарий билимларни амалиёт билан боғлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришда бундай учрашувларнинг аҳамияти таъкидланди.

Тадбир якунида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни таълим жараёнига сингдириш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 22.10.2026 Ko'rishlar 247
Ulashish