Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Мигрантлар ҳақидаги журналистик суриштирув Европа мукофотини олди

Албанияда ташкил этилган мигрантларни сақлаш марказларида инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги журналистик суриштирув Европа парламентининг «Дафне Каруана Галиция» мукофотига сазовор бўлди.

“De Correspondent” нашри 2026 йил январда эълон қилган материалда мигрантларни ушбу марказларга жойлаштириш тартиби ва Европа қонунларига мувофиқлиги шубҳа остига олинган.

Журналистлар Майте Вермёлен ва Жакомо Зандино ўлканинг Шенгин ва Гядёр шаҳарларидаги марказлар фаолиятини ўрганиб, мигрантларни сақлаш ва кўчириш жараёнида асосий ҳуқуқлар бузилгани ҳақида маълумот тўплаган.

Суриштирувда келтирилишича, марказларнинг дастлабки икки йиллик фаолиятига тахминан 259 миллион евро сарфланган, бу даврда эса 256 киши ушлаб турилган. Муаллифлар лойиҳани мигрантларни қайтаришни тезлаштиришдан кўра кўпроқ пиар тадбири сифатида баҳолаган.

Материалда Италия расмийлари келишув тафсилотларини жамоатчиликдан яширгани ҳам танқид қилинган: журналистларга марказларга киришга рухсат берилмаган, ахборот сўровларининг кўпчилиги жавобсиз қолган, шартномалар эса эълон қилинмаган.

Суриштирув муаллифлари фикрича, Италия тажрибаси Европа Иттифоқидан ташқарида мигрантларни қайтариш марказларини ташкил этишга интилаётган бошқа давлатлар учун намунага айланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Nashr sanasi 22.10.2026 Ko'rishlar 205
Ulashish