21 август куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими бўлди.
Меморандумни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Тошкент давлат юридик университети ректори, профессор Бахшилло Ходжаев имзоладилар.
Томонлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг назарий-амалий аҳамиятини юқори баҳоладилар. Ушбу Меморандум икки ташкилот ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, юридик таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, илғор миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда ёш ҳуқуқшуносларнинг касбий салоҳиятини ошириш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани таъкидланди.
Тадбир давомида томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Меморандумнинг асосий йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилади.
Меморандум доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилади, конференция, семинар, давра суҳбати ва тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, экспертлар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида илмий-маърифий тадбирлар ўтказиш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий ва таълимий контентни такомиллаштириш ҳисобланади. Бунда замонавий ўқитиш методикаларини жорий этиш ҳамда миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни ўзаро уйғунликда ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-экспертлик салоҳияти билан Тошкент давлат юридик университетининг таълим, илм-фан ҳамда ёш кадрлар тайёрлаш борасидаги имкониятларини бирлаштириш орқали янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилади. Миллий марказ билан Университетнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш бўйича орттирган катта тажрибаси ўзаро ҳамкорлик доирасида юридик таълимни амалиёт билан янада яқинлаштириш имконини беради.
Томонлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро механизмлар, ҳуқуқий таълим, илмий тадқиқотлар, академик ҳамкорлик ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳаларида тажриба ва ахборот алмашишни ривожлантиришни мақсад қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
