14 август куни пойтахтимизда «Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.
Ушбу маъруза матни тақдим этилмоқда:
“Бугун мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратилмоқда”.
Ш.М.Мирзиёев
Ҳурматли халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари!
Муҳтарам депутатлар ва сенаторлар!
Ҳурматли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари!
Алоҳида эҳтиром хорижий депутат ва меҳмонларга!
Азиз ҳамкасблар!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор сизларни давлатчилигимиз, эркинлигимиз ва миллий ғуруримизнинг энг улуғ, энг муқаддас айёми — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман ва самимий табриклайман!
Бугун биз Ўзбекистон миллий давлатчилиги ва демократик тараққиётининг энг муҳим институтларидан бири — парламентаризмнинг 35 йиллик ривожланиш йўлини илмий ва амалий нуқтаи назардан таҳлил қилиш учун йиғилдик.
Конференция мавзуси, менимча, оддий бир тарихий юбилей мавзуси эмас.
Чунки парламент — бу фақат қонун қабул қиладиган муассаса эмас. Парламент:
· бу халқ иродасининг сиёсий ифодаси;
· бу турли ижтимоий манфаатларнинг қонуний мулоқот майдони;
· бу ҳокимиятнинг мувозанат ва тийиб туриш механизмларидан бири;
· бу давлат сиёсатининг қонунийлиги ва халқчиллигини таъминловчи демократик институтдир.
Шу маънода, Янги Ўзбекистонда парламентаризмнинг 35 йиллик тарихига назар ташлаш — аслида мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги, демократик институтлар, сиёсий плюрализм қандай шакллангани ва ривожланганини кўриш демакдир.
ХХ аср янги ўзбек романшунослигининг асосчиси ва адабиётининг улкан намояндаси Абдулла Қодирий сўзлари билан айтганда, «Мозийға қайтиб иш кўрмоқ хайрликдир».
Менимча, замонавий парламентаризмнинг энг олий мезони — парламентнинг халққа қанчалик наф келтираётгани, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жамият тараққиётига қандай ҳисса қўшаётгани билан белгиланади. Зеро, халққа хизмат қиладиган парламент, охир-оқибат, давлатнинг ўзига ҳам, унинг келажагига ҳам хизмат қилади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг
«Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур»
каби мисралари айнан ҳар бир депутат, сенатор фаолиятининг мезонини ташкил этиши лозим.
35 йил мобайнида Ўзбекистон парламентининг ўзи ҳам ўзгарди, унинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ҳам ўзгарди, парламентга нисбатан жамиятнинг талаби ҳам ўзгарди.
Кеча парламент учун асосий савол «Қандай қонун қабул қилиш керак?» бўлган бўлса, бугун унга янада мураккаброқ савол қўйилмоқда: «Қабул қилинган қонун инсон ҳаётини қандай ўзгартирди?»
Менимча, Ўзбекистон парламентаризмининг кейинги тараққиёт босқичини айнан ана шу савол белгилаб бериши керак.
Жаҳон парламентаризмининг тарихий илдизлари
“Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари
- Янги Ўзбекистоннинг таянчидир”.
Ш. М. Мирзиёев
Жаҳон парламентаризм тарихига қарасак, Англиядаги парламент анъаналари, Европадаги вакиллик органлари, кейинчалик конституционализм ва демократик давлатчиликнинг ривожланиши замонавий парламентаризмнинг шаклланишига асос бўлган.
XVIII–XIX асрларда халқ вакиллиги, сайлов ҳуқуқи, сиёсий партиялар ва парламент назоратининг ривожланиши парламентаризмни замонавий давлат тизимининг муҳим институтига айлантирган.
XX асрда эса парламентаризм демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва ҳокимиятлар бўлиниши принциплари билан узвий боғланган.
Буюк Британия парламентининг тарихи асрлар давомида шаклланган анъаналарга бориб тақалади. Германияда парламент демократияси партиявий ва пропорционал вакиллик билан уйғунлашган. АҚШда икки палатали Конгресс президентлик тизимида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг мустақил маркази сифатида фаолият юритади. Францияда эса парламент аралаш бошқарув, яъни ярим президентлик тизимидаги ҳокимиятлар мувозанатининг бир қисми ҳисобланади.
Мамлакатимиз тарихига назар ташласак, парламентаризмнинг илдизлари қадимги халқ йиғинлари ва вакиллик институтларига бориб тақалади.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, “Авесто” каби мамлакатимиз тарихига оид энг қадимги манбалардан шу нарса маълумки, жамият ва давлат ҳаётидаги энг муҳим қарорлар якка ҳукмдор эмас, балки халқ йиғинлари, оқсоқоллар ва қабила бошлиқларининг жамоавий машварати орқали қабул қилинган. Бу — жамоа манфаатларини муҳокама қилиш ва келишувга асосланган бошқарувнинг илк маданий пойдевори эди.
Турк ҳоқонлигида давлатнинг энг муҳим масалалари — Қурултой ва Кенгаш йиғинларида муҳокама қилиниб, келишув асосида ҳал этилган. Маҳмуд Қошғарий қаламига мансуб туркий тилларнинг илк қомусий луғати «Девону луғотит турк»да “Кенгашда қилинган ишнинг кенгчилиги, енгиллиги бўлади; кенгашсиз қилинган иш эса торлик (қийинчилик) келтиради”, деб ёзилган.
Соҳибқирон Амир Темур салтанатида «Машварат» (кенгаш) ва олий «Қурултойлар» давлат ишларини ҳал этишда муҳим ўрин тутган. Темур тузукларида “Салтанат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилади” – деб насиҳат берилган. Амир Темурнинг бу тажрибаси бизга бир муҳим ҳақиқатни эслатади: давлат қарорларининг пухталиги кўп жиҳатдан фикрлар хилма-хиллиги ва маслаҳат маданиятига боғлиқ.
Бугунги кунда «Энг яхши парламент модели қайси?» деган саволга ягона жавоб йўқ. Энг яхши модель — муайян мамлакатнинг тарихий тараққиёти, давлат тузилиши, сиёсий маданияти ва жамият эҳтиёжларига энг мос келадиган моделдир.
Парламентаризмнинг асосий мезонларидан бири - парламентнинг бор-йўқлиги эмас, балки унинг давлат ҳокимияти тизимида қанчалик таъсирчан ва мустақил институт эканлигидир.
Бугун дунёда парламентларнинг икки асосий ташкилий модели:
· бир палатали;
· икки палатали парламентлар мавжуд.
Парламентлараро Иттифоқ маълумотларига кўра, 188 миллий парламентнинг 81 таси икки палатали, 107 таси эса бир палатали ҳисобланади. Парламентлараро Иттифоқнинг ўзи 183 миллий парламентни бирлаштиради. Шунингдек, ташкилот таркибида 15 та минтақавий парламент бирлашмалари уюшган аъзо сифатида қатнашади.
Парламентаризм: тушунчаси ва аҳамияти
Жаҳон парламентаризмига назар ташласак, “парламент” деганда ҳамма давлатларда бир хил институтни англаш мумкин эмаслигини кўриш мумкин.
Парламентаризм ҳақида сўз юритганда, аввало, унинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб олиш муҳим. Чунки парламентаризм тушунчаси оддий маънода фақат парламентнинг мавжудлиги ёки унинг фаолияти билан чекланмайди.
Парламент мураккаб ва кўп қиррали сиёсий-ҳуқуқий воқелик бўлиб, ўзининг норматив ва амалий жиҳатларига эга.
Шу нуқтаи назардан, «парламентаризм» тушунчасини шартли равишда ўзаро боғлиқ уч маънода талқин қилиш мумкин.
Биринчиси, парламентаризм — бу қонунчиликдир.
Парламентаризм, энг аввало, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қонунларни қабул қилиш, такомиллаштириш ва уларнинг ижросини назорат қилиш билан боғлиқ жараёнларни англатади.
Парламентнинг энг асосий ва классик функцияси — қонун қабул қилишдир. Бироқ замонавий парламентаризмни фақат қонун қабул қилиш жараёни билан чеклаб бўлмайди. Бугун парламентнинг қонунчилик фаолияти билан бир қаторда, давлат бюджети, парламент назорати, Ҳукуматнинг ҳисобдорлиги, сиёсий партиялар фаолияти, инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик манфаатларини ифодалаш халқаро парламентлараро алоқалар каби вазифалари ҳам парламентаризмнинг узвий ажралмас қисмидир.
Шундай қилиб, парламентаризмнинг қонунчилик маъноси — парламентнинг қонун ижодкорлиги орқали жамиятдаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини яратиш фаолиятида намоён бўлади.
Иккинчиси, парламентаризм — бу парламентаризм назариясидир.
Парламентаризм назарияси «Парламент қандай бўлиши керак?», «Парламент қандай ишлаши лозим?», «Парламентнинг давлат ва жамиятдаги ҳақиқий вазифаси нимадан иборат?», деган фундаментал саволларга жавоб излайди.
Бу нуқтаи назардан парламентаризм сиёсатшунослик, давлат ва ҳуқуқ назарияси, конституциявий ҳуқуқ, парламент ҳуқуқи ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар кесишувида шаклланган тизимли мустақил илмий йўналиш сифатида намоён бўлади.
Шу боис, биз Ўзбекистон парламентаризмининг 35 йиллик тараққиётини ўрганар эканмиз, фақат қабул қилинган қонунлар ёки парламентнинг ташкилий тузилиши билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Биз, шунингдек, парламент институтининг назарий асослари қандай ўзгаргани, парламентаризмга бўлган илмий ва сиёсий ёндашувлар қандай ривожлангани, миллий парламентаризм модели қандай шаклланганини ҳам тадқиқ этишимиз зарур.
Учинчиси, парламентаризм — бу парламентаризм амалиётидир.
Парламентаризм амалиёти — бу парламентнинг кундалик фаолияти, депутатларнинг сайловчилар билан муносабати, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёни, парламент назоратини амалга ошириш, Ҳукумат ҳисобдорлиги, парламентдаги сиёсий партиялар ва фракциялар фаолияти, парламент мухолифати, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, шунингдек, парламент дипломатияси каби кўплаб жараёнларни қамраб олади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай илмий назария ва ҳуқуқий норма фақат амалиётда ўзининг ҳақиқий тасдиғини намоён этади.
«Назария — қуруқ оғочдир,
Аммо яшнар ҳаёт дарахти»,
деб ёзган эди Гёте ўзининг дунёга машҳур «Фауст» трагедиясида. Ушбу сатрлар Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Эркин Воҳидов томонидан моҳирона таржима қилинган эди.
Парламентаризм: қонунчилик, назария ва амалиёт бирлиги
Демак, парламентаризмнинг амалий мазмунини «Парламент амалда қандай ишлаяпти?», деган савол орқали изоҳлаш мумкин:
· агар қонунлар сифатли бўлса-ю, лекин улар ижро этилмаса — бу тўлақонли парламентаризм эмас;
· агар парламентнинг ваколатлари Конституцияда белгилаб қўйилган бўлса-ю, лекин улар амалда самарали ишламаса — бу ҳам тўлақонли парламентаризм эмас;
· агар парламентда сиёсий партиялар мавжуд бўлса-ю, лекин улар ўртасида реал фикрлар хилма-хиллиги ва конструктив сиёсий рақобат бўлмаса — парламентаризмнинг сиёсий мазмуни тўлиқ намоён бўлмайди.
Шу боис, парламентаризмнинг ҳақиқий моҳиятини “қонунчилик — назария — амалиёт” бирлиги асосида баҳолаш зарур.
Бу уч элементни бир-биридан ажратиб бўлмайди:
· қонунчилик парламентаризмнинг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этади;
· назария унинг илмий ва концептуал ва маънавий-ахлоқий асосларини белгилайди;
· амалиёт эса ушбу ҳуқуқий ва назарий асосларни ҳаётга татбиқ этади.
Ушбу уч элемент ўзаро узвий боғлиқ ва бир-бирини тўлдириши лозим:
· агар қонунчилик илғор бўлса-ю, лекин амалиёт унга мос келмаса — ҳуқуқий нормалар декларатив характерга эга бўлиб қолиши мумкин;
· агар амалиёт мавжуд бўлса, лекин унинг назарий ва ҳуқуқий асослари етарли даражада ривожланмаган бўлса — парламентаризм тизимли ва барқарор ривожлана олмайди;
· агар назария кучли бўлса-ю, лекин у қонунчилик ва амалий фаолиятга таъсир қилмаса — у ҳаётдан узилиб қолган илмий ғояга айланиши мумкин.
Шунинг учун ҳақиқий парламентаризм — бу илмий назария, мукаммал қонунчилик ва самарали парламент амалиётининг уйғунлигидир.
Менимча, Ўзбекистонда парламентаризмнинг 35 йиллик тараққиётини ҳам айнан шу уч ўлчов асосида баҳолаш мумкин.
Биринчиси — бизда қандай қонунчилик тизими яратилди?
Иккинчиси — миллий парламентаризмнинг қандай назарий ва концептуал асослари шаклланди?
Учинчиси — ушбу қонунчилик ва назарий асослар парламент амалиётда қай даражада ўз ифодасини топди?
Ана шу уч саволга жавоб бериш орқали биз Ўзбекистон парламентаризмининг ҳақиқий тараққиёт даражасини, унинг ютуқлари билан бир қаторда, мавжуд муаммолари ва истиқболларини ҳам холисона баҳолай оламиз.
Ўзбекистон парламентаризмининг ҳам энг муҳим вазифаларидан бири — хорижий парламент тажрибасини механик равишда кўчириш эмас, балки жаҳон тажрибасидан миллий давлатчилик хусусиятларига мос бўлган энг самарали институт ва механизмларни танлаб олишдир.
Мустақил Ўзбекистон парламентаризми: шаклланиши ва ривожланиш босқичлари
“Парламент халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси бўлиши зарур”.
Ш. М. Мирзиёев
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон парламентаризмининг энг муҳим амалий натижаларидан бири — миллий қонунчилик тизимининг изчил шакллантирилиши ва такомиллаштирилиши бўлди.
Рақамларга мурожаат қилайлик: 1991–2026 йиллар мобайнида мамлакатда жами 1 563 та қонун ҳамда 19 та кодекс қабул қилингани миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимнинг мустақил тараққиёт йўлини яққол намоён этади. Шу даврда Ўзбекистон томонидан 129 та халқаро шартнома ратификация қилиниб, 3 та халқаро шартнома эса денонсация қилинди.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас — улар парламентнинг қонун ижодкорлиги, миллий ҳуқуқий маконни шакллантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини миллий қонунчилик билан уйғунлаштириш борасидаги салмоқли фаолиятининг аниқ ифодасидир.
Мустақил Ўзбекистон парламентаризмининг замонавий тарихи 1990 йилда Олий Кенгашнинг ташкил этилиши билан боғлиқ жараёнлардан бошланиб, мустақил Ўзбекистон парламентининг шаклланиши, кейинчалик икки палатали парламентга ўтилиши ва бугунги конституциявий ислоҳотларгача бўлган 35 йиллик мураккаб эволюцион жараённи қамраб олади.
Мен Ўзбекистон парламентаризми тараққиётини шартли равишда уч босқичга ажратишни таклиф этаман.
Биринчи босқич — 1990–2004 йиллар, яъни сохта халқ вакиллигидан ҳақиқий парламентаризмга ўтиш даври.
1990 йилда Олий Кенгашнинг ташкил топиши, Президентлик институтининг жорий этилиши ва 1991 йилда давлат мустақиллигининг эълон қилиниши Ўзбекистон парламентаризми учун янги тарихий босқични бошлаб берди. Бу даврда миллий давлатчилик ва халқ вакиллиги институти янги сиёсий-ҳуқуқий шароитда шаклланди ва ривожланди.
Бу даврни бир палатали миллий парламент ва конституциявий парламентаризмнинг шаклланиш босқичи деб аташ мумкин. 1992 йилги Конституция парламентнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди. Шу даврда қонун ижодкорлиги, парламент қўмиталари, депутатлик фаолияти ва сиёсий партияларнинг парламентдаги иштироки шакллана бошлади.
Иккинчи босқич — 2005–2016 йиллар, яъни икки палатали парламент тизимига ўтиш босқичи.
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат икки палатали тизимга ўтилиши парламент институционал ривожида туб бурилиш бўлди. Бунинг асосий мақсади — бир томондан, халқнинг сиёсий иродасини ифодаловчи ва қонун ижодкорлигига ихтисослашган профессионал Қонунчилик палатасини шакллантириш бўлса, иккинчи томондан, ҳудудий вакилликни таъминлайдиган Сенатни ривожлантириш эди.
Учинчи босқич — 2017–2026 йиллар, яъни Янги Ўзбекистон парламентаризми даври.
Бу даврни парламентнинг сиёсий ва назорат ваколатларини кенгайтириш босқичи деб баҳолаш мумкин. Айниқса, Ҳаракатлар стратегияси доирасида парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролига янгича ёндашув шаклланди.
Парламент назоратининг янги шакллари ривожланди. «Ҳукумат соати» институти кенгайди. Парламент сўровлари, депутатлик сўровлари, қўмиталарда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти кучайди.
Энг муҳими, парламент фаолиятида «қонун қабул қилишдан — қонун ижросини назорат қилишга» ўтиш тенденцияси пайдо бўлди.
Бу босқичда конституциявий модернизация амалга оширилди.
2023 йилда янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши ва 2024 йилда янги конституциявий асосда парламент сайловларининг ўтказилиши Ўзбекистон парламентаризми тарихида муҳим босқични бошлаб берди.
2024 йилги парламент сайловлари Ўзбекистон тарихида Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими асосида ўтказилган биринчи сайлов бўлди: 150 депутатлик ўринларининг 75 таси бир мандатли округларда мажоритар тизим, 75 таси эса партия рўйхатлари асосида пропорционал тизим бўйича шакллантирилди.
Шундай қилиб, 35 йиллик Ўзбекистон парламентаризми бир палатали парламентдан — икки палатали парламентга, вакиллик органидан — профессионал парламентга, қонун ижодкорлигидан — таъсирчан парламент назоратига сари ривожланди.
Янги Ўзбекистон ва парламентаризм
“Бугунги Ўзбекистон – самарали парламентаризм
институти фаолият кўрсатаётган мамлакатдир”.
Ш.М. Мирзиёев
Миллат сардори олға сурган Янги Ўзбекистон ғоясининг энг муҳим жиҳатларидан бири — «халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», деган тамойилнинг давлат бошқарувининг барча бўғинларига татбиқ этилишидир.
Буюк Алишер Навоийнинг:
«Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами», деган машҳур мисралари бу тамойилни яққол ифодалайди.
Янги Ўзбекистон ғоясини ҳаётга татбиқ этишда парламентнинг ўрни алоҳида. Чунки парламент — давлат ва халқ ўртасидаги энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий кўприкдир.
Янги Ўзбекистон парламентаризмида учта асосий тенденцияни кўрсатиш мумкин.
Биринчи тенденция — парламентнинг давлат ҳокимияти тизимида сиёсий роли ва аҳамияти ошиб бормоқда. Қонунчилик палатасининг ижро ҳокимияти билан муносабатларида парламентнинг роли кучаймоқда. Ҳукумат аъзоларининг парламентдаги ҳисобдорлиги ортмоқда.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда “Миллий парламентаризмни ривожлантириш ва халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилмоқда”.
Қонунчилик палатасининг Бош вазир номзодини кўриб чиқиши, Ҳукумат аъзолари номзодларини маъқуллаши, Ҳукумат ҳисоботларини эшитиши парламент масъулиятини сезиларли даражада оширмоқда. Янгиланган Конституциянинг 94-моддаси Қонунчилик палатасига Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Ҳукумат аъзолари номзодларини кўриб чиқиш, Ҳукуматнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш каби ваколатларни белгилайди.
Иккинчи тенденция — парламент назоратининг мазмуни кенгаймоқда. Парламент назорати энди фақат вазирнинг ҳисоботини эшитиш билан чекланмаслиги керак. Унинг асосий мезони:
«Парламент қабул қилган қонун амалда инсон ҳаётини қанчалик ўзгартирди?» - деган саволга жавоб беришдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзлари билан айтганда, “Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак”.
Шунинг учун парламент назоратини аниқ ва самарали натижага йўналтирилган назоратга айлантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Учинчи тенденция — парламентнинг халқ билан алоқаси мустаҳкамланмоқда. Депутат сайлов округига бориб, фақат учрашув ўтказиши эмас, балки муаммони аниқлаши, уни қонунчилик ташаббусига айлантириши ва унинг ечимини назорат қилиши керак.
Шу маънода, депутатнинг фаолиятини баҳолашнинг янги мезони зарур: «Депутат нечта йиғилишда қатнашди?» эмас, балки «У ўз сайловчилари ҳаётида қандай ўзгариш қилди?» - ана шу савол муҳим.
Депутат сайловчи ҳузурига бориши, ҳудуддаги муаммоларни ўрганиши ва уларнинг ечимини назорат қилиши керак. Шу билан бирга, парламент назорати ижтимоий соҳадан ташқари иқтисодий, бюджет, инвестиция ва бошқа стратегик масалаларга янада кенгроқ кириб бориши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси – парламент ва вакиллик органлари учун амалий дастур бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Мурожаатнома мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишларни белгилаб берувчи ҳамда қонун ижодкорлиги бўйича аниқ таклифларни акс эттирувчи муҳим дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Эътиборлиси, илгари ушбу нутқ фақат парламентга қаратилган бўлса, бугунги кунда у бевосита бутун Ўзбекистон халқига йўналтирилиб, унинг мақоми ва легитимлиги янги таҳрирдаги Конституциянинг 109-моддаси асосида янада мустаҳкамланди.
Мурожаатноманинг айнан халқ вакиллари орқали бутун жамиятга етказилиши давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотнинг юксак намунасидир.
2017-2025 йиллар мобайнида Давлат бошлиғининг саккизта мурожаатномаси амалга оширилди. 2024 йилда Мурожаатнома янги шакли ўтказилиб, бу сафар давлат раҳбарининг чиқишлари яхлит ва ягона дастурий ҳужжат сифатида эмас, балки янги сайланган Қонунчилик палатаси, Сенатнинг биринчи мажлислари ҳамда палаталарнинг қўшма мажлисида сўзланган концептуал нутқлар тарзида эълон қилинди. Бу эса мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида конституциявий ислоҳотларнинг илк амалий натижаларини чуқур таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаш имконини берди.
Мурожаатноманинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда нафақат парламент аъзолари ва Ҳукумат таркиби, балки суд ҳокимияти вакиллари (судьялар) ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бундай кенг қамровли формат Конституциянинг 11- ва 105-моддаларида мустаҳкамланган давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳудудлар манфаатларининг мутаносиблигини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Демократик давлатчиликнинг муҳим институти бўлмиш Мурожаатнома Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий сиёсатни режалаштиришнинг муҳим механизмига айланди. Анъанага кўра, Давлат раҳбари ушбу чиқишида кириб келаётган янги йилга муайян ном беришни таклиф этади ва шу асосда давлат дастурлари тасдиқланади. Ушбу механизм жамиятни муайян мақсадлар атрофида жипслаштириш, молиявий ва ташкилий ресурсларни энг устувор соҳаларга — хусусан таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимларига аниқ ва манзилли йўналтиришга хизмат қилади.
Дунёнинг ривожланган мамлакатлари парламент амалиётида кенг қўлланиладиган бундай Мурожаатнома шакли қонунчилик жараёнини жадаллаштиришда ҳам алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбари томонидан Мурожаатномада илгари сурилган стратегик ташаббуслар ва ислоҳотлар заминида Қонунчилик палатаси ва Сенат учун истиқболдаги қонун ижодкорлигининг аниқ йўл харитаси шаклланади. Бу эса ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини ўз вақтида яратиш ва ижросини самарали назорат қилиш имконини беради.
Янги таҳрирдаги Конституция ва парламентаризм
“Ишончим комил, Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади. Бу давр парламент ва ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади”.
Ш.М. Мирзиёев
2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон парламентаризмининг ҳуқуқий асосларини сезиларли даражада кенгайтирди.
Конституция давлат ҳокимияти тизимида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро ҳамкорлиги ва мувозанатини кучайтиришга қаратилган.
Шу маънода, парламентни кучайтириш — ижро ҳокимиятини заифлаштириш дегани эмас. Аксинча: кучли парламент — кучли ва масъулиятли ижро ҳокимиятининг кафолатларидан биридир. Чунки таъсирчан парламент ижрони танқид қилиш учун эмас, ижро натижадорлигини ошириш учун керак.
Янги таҳрирдаги Конституцияда парламентга тааллуқли нормалар қуйидаги йўналишларда такомиллаштирилди.
Биринчи йўналиш: қонун чиқарувчи ҳокимият мақоми ва халқ вакиллиги кучайтирилди. Конституцияда Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни фундаментал равишда мустаҳкамланди ва вакиллик функцияси сезиларли даражада кенгайтирилди. Агар илгари парламент, асосан, қонун ижодкорлиги билан чекланган бўлса, янги таҳрирда Олий Мажлис тўғридан-тўғри халқ манфаатларини ифода этувчи ва ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан самарали назоратни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи сифатидаги мавқеига эга бўлди. Шунингдек, Сенат таркибининг оптималлаштирилиши ва парламент палаталарининг мутлақ ваколатлари аниқ чегаралаб берилиши қонунчилик жараёнининг сифати ва тезкорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Иккинчи йўналиш: парламент назорати ва ижро этувчи ҳокимият масъулияти ортди. Ислоҳотлар натижасида Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилишда парламентнинг роли кескин кучайтирилди. Янги конституциявий тартибга кўра, Ҳукумат аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилиниб, маъқулланганидан сўнггина лавозимга тайинланади. Бундан ташқари, Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг парламент олдида мунтазам ҳисобдорлиги мустаҳкамланиб, ижро этувчи ҳокимиятнинг халқ вакиллари олдидаги масъулияти ва шаффофлиги янги босқичга олиб чиқилди.
Учинчи йўналиш: давлат органларини шакллантиришдаги ваколатлар кенгайтирилди. Олий Мажлиснинг, хусусан Сенатнинг муҳим давлат органлари раҳбарларини тайинлаш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш бўйича ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Коррупцияга қарши курашиш, монополияга қарши органлар ҳамда Ҳисоб палатаси каби муҳим тузилмалар фаолияти устидан парламент назоратининг мустаҳкамланиши давлат бошқарувида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат принципини реал амалиётга айлантирди. Бу эса ҳокимият тармоқлари ўртасида соғлом мувозанатни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тўртинчи йўналиш: парламентнинг ташқи сиёсат ва конституциявий назоратдаги роли ошди. Янги конституциявий ислоҳотлар парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашдаги ваколатларини янада аниқлаштирди. Халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш, дипломатик вакилларни тайинлаш ҳамда ташқи сиёсий ташаббусларни илгари суришда Олий Мажлиснинг иштироки кучайтирилди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги манфаатларини парламент дипломатияси воситасида янада самарали ҳимоя қилишга кенг имконият яратиб бермоқда.
Бешинчи йўналиш: маҳаллий вакиллик органлари ва парламент ўртасидаги интеграция кучайди. Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — маҳаллий давлат ҳокимияти ва вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш орқали парламентаризмнинг ҳудудий негизлари мустаҳкамланганидир. Ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти босқичма-босқич бекор қилиниши маҳаллий Кенгашларнинг мустақиллигини ошириб, уларнинг Олий Мажлис палаталари билан тизимли ҳамкорлигини таъминлади. Мазкур ўзгариш марказий ва маҳаллий вакиллик органларининг яхлит тизим сифатида фуқаролар муаммоларини ҳал этишдаги салоҳиятини оширди.
Ўзбекистон парламенти жаҳон парламентаризми тизимида
“Жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда”.
Ш.М. Мирзиёев
Бугун парламентаризм фақат миллий чегаралар билан чекланмайди. Замонавий халқаро муносабатларда бир ҳақиқат тобора яққол намоён бўлмоқда: дипломатия фақат ташқи ишлар вазирликлари ва давлат раҳбарлари даражасида амалга ошмайди. XXI асрда парламент дипломатияси ҳам халқаро мулоқотнинг муҳим каналларидан бирига айланмоқда.
Миллий парламентлар бир-бири билан мулоқот қилар экан, улар нафақат давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки қонунчилик тажрибасини алмашади, умумий муаммоларга биргаликда ечим излайди. Шу маънода, парламент дипломатиясини «ташқи сиёсатнинг қўшимча воситаси» сифатида эмас, балки миллий манфаатларни илгари суришнинг мустақил ва таъсирчан йўналиши сифатида кўриш вақти келди.
Янги Ўзбекистон парламенти олдида турган муҳим вазифалардан бири — халқаро парламентлараро ҳамкорликни фақат учрашувлар ва ташрифлар даражасида эмас, балки аниқ қонунчилик ташаббуслари, минтақавий муаммоларга ечимлар ва глобал масалалар бўйича умумий парламент позицияларини ишлаб чиқиш даражасига олиб чиқишдир.
Парламент дипломатияси алоҳида сиёсий-ҳуқуқий йўналиш сифатида шаклланди. 2020 йил 25 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Парламент дипломатияси концепцияси” парламентнинг халқаро майдондаги фаолиятини тизимлаштирувчи ва манзилли қилувчи амалий стратегик платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада Парламентлараро Иттифоқ алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилдан парламент дипломатияси сезиларли даражада фаоллашди.
Ўзбекистон парламенти:
· Парламентлараро Иттифоқ;
· ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси;
· Европа парламенти;
· МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси;
· Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси;
· Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми каби тузилмалар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг доимий делегациялари Парламентлараро Иттифоқда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясида ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Парламент дипломатияси Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг таъсирчан воситаларидан бирига айланиб бормоқда, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ҳамда самарали ҳамкорлик алоқалари кенгайди, 78 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Охиргиси 2026 йил 6 мартда Фаластин Қонунчилик Кенгаши билан ташкил этилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи бўлди.
Парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида 26 та тадбир ўтказилди. Қонунчилик палатасида 22 та чет эл делегациялари қабул қилинди.
Бу жараённинг энг ёрқин жаҳон парламент воқеаларидан бири — 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясининг ўтказилиши бўлди. Бу тадбир Марказий Осиёда парламентлараро мулоқотнинг халқаро даражадаги нуфузини ошириш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлди. Бу шунчаки навбатдаги халқаро тадбир эмас эди. Парламентлараро Иттифоқ маълумотларига кўра, Юбилей Ассамблеясида қарийб 1400 нафар делегат, жумладан, 140 га яқин мамлакатдан 740 нафар парламент аъзоси иштирок этган. Унда 100 нафардан ортиқ парламент спикерлари ва вице-спикерлари қатнашган.
Бундай кўламдаги тадбирнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистон парламентининг халқаро парламент дипломатиясидаги фаоллиги ва Марказий Осиёнинг парламентлараро мулоқотдаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Яна бир диққатга сазовор жиҳат — Ассамблеяда иштирок этган парламентарийларнинг 37 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этгани бўлди.
Бугун Ўзбекистон парламентининг халқаро майдондаги вазифаси фақат халқаро тадбирларда иштирок этишдан иборат эмас.
Ўзбекистон парламенти:
биринчидан, миллий манфаатларни парламент дипломатияси орқали илгари суриши;
иккинчидан, Марказий Осиёда парламентлараро ҳамкорликни институционал жиҳатдан кучайтириши;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича глобал парламент мулоқотида фаол иштирок этиши;
тўртинчидан, халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этишда парламент ролини ошириши керак.
Янги Ўзбекистон ташаббуслари ва жаҳон парламентаризмининг янги кун тартиби
Парламентаризм тараққиёти ҳақида сўз юритар эканмиз, бугунги кунда Ўзбекистон нафақат миллий парламент тизимини такомиллаштираётган давлат, балки жаҳон парламентаризмининг ривожланиш йўналишларини шакллантиришга ҳисса қўшаётган мамлакат сифатида ҳам эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган қатор ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланди.
Бунинг ёрқин намунаси сифатида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мамлакатимиз ташаббуси асосида қабул қилинган бевосита парламентга оид икки муҳим резолюцияни келтириш мумкин.
Биринчи муҳим ҳужжат 2022 йил 1 декабрда қабул қилинган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюциядир.
Ушбу резолюция тарихий аҳамиятга эга. Чунки илк бор БМТ даражасида парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг стратегик институти сифатида алоҳида эътироф этилди.
Ҳужжатда парламентларнинг қонунчиликни Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлаштириш, парламент назоратини кучайтириш, давлат бюджети ижросини назорат қилиш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалари алоҳида белгиланди. Бу эса замонавий парламентаризмнинг мазмуни тубдан ўзгараётганини кўрсатади. Эндиликда парламент фақат қонун чиқарувчи орган эмас, балки барқарор ривожланишнинг сиёсий ва ҳуқуқий ҳаракатга келтирувчиси сифатида қаралмоқда.
Бу жараённинг мантиқий давоми сифатида 2026 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги янги резолюция қабул қилинди.
Ушбу резолюция парламентларнинг инсон қадрини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя, муносиб меҳнат, таълим, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ҳуқуқлари, ёшлар сиёсати, ижтимоий тенглик каби соҳалардаги масъулиятини халқаро даражада янада мустаҳкамлади.
Мазкур икки резолюция замонавий парламентаризм эволюциясининг янги босқичини белгилаб берди. Агар XX аср парламентаризми асосан қонун чиқариш ва ҳокимиятлар бўлиниши ғояси билан боғлиқ бўлган бўлса, XXI аср парламентаризми инсон манфаатлари, барқарор ривожланиш ва ижтимоий адолат парламентаризми сифатида шаклланмоқда. Бу Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ва парламент ислоҳотларининг халқаро эътирофини англатади.
Марказий Осиё парламентаризми: умумий илдизлар, қадриятлар ва истиқболлар
“Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги вужудга келмоқда. Бу фарқли жиҳатларимизни эътироф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси шаклланмоқда”.
Ш.М. Мирзиёев
Ўзбекистон парламентаризмининг тараққиёти ҳақида фикр юритар эканмиз, уни Марказий Осиё мамлакатлари парламентаризми тараққиётидан ажратиб ўрганиш мумкин эмас. Чунки минтақа давлатларини нафақат умумий географик макон, балки муштарак тарих, умумий цивилизациявий мерос, ҳуқуқий анъаналар, маданий яқинлик ва давлатчилик тажрибаси ҳам бирлаштириб туради.
Марказий Осиё мамлакатларида парламентаризмнинг шаклланиши ҳам бир қатор умумий хусусиятларга эга. Аввало, минтақа давлатларининг барчаси мустақилликка эришгач, замонавий миллий парламентларни шакллантириш йўлини босиб ўтди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари конституциявий давлатчиликнинг асосий институтларидан бири сифатида ташкил этилди. Шундан кейин ҳар бир мамлакат ўз миллий тараққиёт модели асосида парламентаризмни ривожлантиришга киришди. Бироқ уларни бирлаштирувчи умумий қонуният ҳам мавжуд. Бу — парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, қонунчилик сифатини ошириш, парламент назоратини кучайтириш ва халқаро парламент ҳамкорлигини кенгайтириш жараёнидир.
Бугун "Марказий Осиё парламентаризми" деган тушунча тобора аниқ сиёсий-ҳуқуқий мазмун касб этмоқда.
Менимча, бу “Марказий Осиё парламентаризми” тушунчасини белгилайдиган камида бешта асосий омил мавжуд.
Биринчи омил: умумий тарихий илдизлар. Минтақа халқлари асрлар давомида бир хил давлатчилик анъаналари, ҳуқуқий маданият ва сиёсий тажрибаларни шакллантирган. Буюк Ипак йўли цивилизацияси, Темурийлар давлатчилиги, туркий ва форс-ислом ҳуқуқий мероси бугунги миллий давлатчилик ривожига ҳам муайян таъсир кўрсатмоқда.
Иккинчи омил: ҳуқуқий яқинлик ва мустаҳкам конституциявий асослар. Барча Марказий Осиё давлатлари ёзма Конституцияларга эга. Барчасида парламент давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида эътироф этилган. Барча давлатларда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва халқ вакиллиги конституциявий қадрият сифатида белгиланган. Албатта, парламентларнинг ташкилий тузилиши турлича. Улардаги парламент моделлари миллий конституциявий тараққиёт хусусиятларига қараб шаклланган. Бироқ уларнинг ҳуқуқий табиати умумий конституциявий тамойилларга асосланади.
Учинчи омил: демократик ислоҳотлар тенденцияси. Сўнгги ўн йилликда минтақа мамлакатларида парламентлар ваколатларини кенгайтириш, қонунчилик жараёнини такомиллаштириш, рақамли парламент технологияларини жорий этиш, парламент назоратини кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу тенденция Марказий Осиё парламентаризмининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Тўртинчи омил: фаол парламент дипломатияси. Бугун минтақа мамлакатлари ўртасида парламентлараро мулоқот мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Парламент спикерлари учрашувлари, қўмиталар ўртасидаги ҳамкорлик, депутатлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари, ҳамда парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолияти бугун минтақавий интеграциянинг муҳим институционал механизмига айланмоқда.
Бешинчи омил: умумий келажак учун масъулият. Марказий Осиё мамлакатлари ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, иқлим ўзгариши, экология, сув ресурслари, миграция, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика хавфсизлиги, чегаралараро ҳамкорлик масалаларини фақат ҳукуматлар даражасида эмас, балки парламентлар даражасида ҳам мувофиқлаштириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги ўн йилда Марказий Осиё парламентлари ўртасидаги мулоқот мутлақо янги босқичга чиқди. Марказий Осиё давлатлари парламентлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари парламент дипломатиясининг янги институционал форматига айланмоқда. Бу учрашувлар қонунчилик тажрибасини алмашиш, минтақавий барқарорлик, гендер тенглиги, ёшлар сиёсати, экологик хавфсизлик каби йўналишларда умумий ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари парламентлари Парламентлараро Иттифоқ доирасида ҳам ўзаро мувофиқлашган фаол иштирок этиб, минтақа манфаатларини халқаро парламент майдонларида илгари суриш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Янги Ўзбекистон парламенти истиқболлари:
9 хулоса
35 йиллик Ўзбекистон парламентаризм тажрибасини ўрганиш асосида бир нечта муҳим хулосаларга келиш мумкин.
Биринчи хулоса: Ўзбекистон парламентаризми тайёр бир моделни кўчириш асосида эмас, балки миллий давлатчилик ҳамда халқаро ва хорижий демократик тажрибанинг уйғунлиги асосида шаклланди.
Иккинчи хулоса: Парламентаризм — бир марта яратиб қўйиладиган институт эмас. У доимий ривожланишни талаб қиладиган сиёсий-ҳуқуқий жараёндир.
Учинчи хулоса: Парламентнинг кучли бўлиши фақат депутатлар ва партиялар сони ёки ваколатлар миқдори билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий кучи қонунларнинг сифати, назорат механизмларининг таъсирчанлиги, сиёсий партиялар рақобати, парламент мухолифатининг фаоллиги, депутатларнинг профессионаллиги, халқ билан доимий алоқаси билан белгиланади.
Тўртинчи хулоса: Ўзбекистон парламентаризмининг истиқболдаги асосий вазифаси — «ваколатли парламент»дан «натижадор парламент»га ўтишдир. Яъни парламентга кўпроқ ваколат бериш билан бирга, унинг ҳар бир ваколати натижа бериши керак.
Бешинчи хулоса: Парламент демократиясида конструктив мухолифат — парламент сифатининг муҳим мезонидир. Соғлом танқид, альтернатив фикр ва сиёсий рақобат қонунларнинг сифатини оширади.
Олтинчи хулоса: Марказий Осиёда парламентаризм алоҳида миллий моделлар йиғиндиси эмас, балки умумий тарихий ва ҳуқуқий илдизларга эга бўлган минтақавий конституциявий макон сифатида ривожланмоқда.
Еттинчи хулоса: минтақа давлатларининг парламентлари рақобат эмас, балки ҳамкорлик модели асосида ривожланиши барқарорликнинг муҳим омилидир.
Саккизинчи хулоса: парламент дипломатияси бугун ташқи сиёсатнинг қўшимча воситаси эмас, балки минтақавий интеграциянинг мустақил институтига айланмоқда.
Тўққизинчи хулоса: Марказий Осиё парламентаризмининг ўзига хослиги умумий тарихий хотира, ҳуқуқий маданият ва замонавий конституциявий ислоҳотларнинг уйғунлиги орқали шаклланмоқда.
Шу ўринда жаҳон парламентаризми бизга муҳим сабоқ беради: парламентнинг ёши эмас, унинг самарадорлиги муҳим.
Баъзи парламентлар асрлар давомида шаклланган. Баъзилари эса нисбатан ёш. Аммо парламентнинг ҳақиқий кучи унинг тарихининг узунлиги, унинг ваколатлари ва мажлислари билан эмас, балки халқ ишончини қай даражада оқлаши, қонунларнинг ҳаётда ишлаши ва давлат ҳокимияти устидан демократик назоратни қанчалик самарали амалга ошириши билан ўлчанади. Қадимги Хитой мутафаккири Конфуций «Халқнинг ишончи бўлмаса, давлат мавжуд бўла олмайди», - деб ёзган.
Шу маънода, Ўзбекистон парламентаризмининг 35 йиллиги биз учун фақат ўтган йўлни сарҳисоб қилиш эмас. Бу — «Биз қаердан келдик?» деган савол билан бир қаторда, «Биз қандай парламент қурмоқдамиз?» ва «Келажак авлодга қандай парламентаризм қолдирмоқчимиз?» деган саволларга ҳам жавоб излаш имкониятидир.
Менимча, 35 йиллик тажрибадан келиб чиқадиган энг муҳим хулоса шуки: биз энди парламентнинг мавжудлиги ёки унинг ваколатлари билан эмас, балки унинг жамият ҳаётига самарали таъсири билан ўлчанадиган янги парламентаризм босқичига қадам қўйишимиз керак.
10 та таклиф
Келгуси йилларда Янги Ўзбекистон парламентаризми қандай бўлиши керак? Мен бу борада қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.
Биринчи таклиф: «натижага йўналтирилган парламент назорати» тизимини жорий этиш зарур. Назорат тадбири ҳисобот билан эмас, муаммонинг ечими билан якунланиши лозим.
Иккинчи таклиф: парламентнинг бюджет назоратини кучайтириш. Парламентнинг бюджет жараёнидаги иштироки фақат давлат бюджетини қабул қилиш билан чекланмаслиги керак. Бюджет маблағларининг мақсадли, самарали ва натижадор сарфланиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарур.
Учинчи таклиф: парламент мухолифати институтини янада ривожлантириш. Мухолифатга берилган ҳуқуқлар амалда ишлаши, парламентда муқобил қонун лойиҳалари ва муқобил сиёсий позициялар учун реал майдон яратилиши керак. Бу парламентдаги баҳс-мунозара маданиятини янги босқичга олиб чиқади.
Тўртинчи таклиф: рақамли парламентга ўтишни жадаллаштириш. «Рақамли парламент» концепцияси доирасида:
· қонун лойиҳаларини сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий ва коррупциявий экспертизадан ўтказиш;
· қонунларнинг таъсирини рақамли мониторинг қилиш;
· депутатлик сўровларининг ягона электрон мониторинг тизимини яратиш;
· фуқароларнинг парламентга электрон мурожаатларини қонун ижодкорлиги билан боғлаш зарур.
Бешинчи таклиф: фуқароларнинг қонунчилик ташаббусини кучайтириш. Фуқароларнинг қонун ижодкорлигидаги иштироки реал механизмга айланиши керак. Бунинг учун парламент ҳузурида Жамоавий қонунчилик ташаббуслари институтини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Олтинчи таклиф: халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини кучайтириш. Парламентаризм фақат Олий Мажлис билан чекланмаслиги керак. Ҳақиқий вакиллик демократияси маҳаллий Кенгашлардан бошланади. Шунинг учун маҳаллий Кенгашларнинг бюджет, ҳудудий ривожланиш, ижтимоий сиёсат, коммунал инфратузилма масалаларидаги ваколатларини янада кучайтириш зарур.
Еттинчи таклиф: парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича салоҳиятини ошириш. Парламент фақат қонун қабул қилувчи орган сифатида эмас, балки инсон ҳуқуқларини кафолатлаш тизимининг фаол субъекти сифатида ҳам ривожланиши керак. Ҳар бир қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсирини парламент даражасида баҳолашнинг самарали тизимини кучайтириш зарур.
Саккизинчи таклиф: парламент дипломатиясини янги босқичга олиб чиқиш. Янги Ўзбекистон парламенти халқаро парламентлараро ташкилотларда фаол иштирок этишдан ташқари, минтақавий парламент дипломатияси марказларидан бирига айланиши мумкин. Айниқса, Марказий Осиё, Афғонистон, сув ва энергетика, иқлим ўзгариши, миграция, ёшлар, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича парламентлараро мулоқот механизмларини кучайтириш муҳим.
Тўққизинчи таклиф: парламентшуносликни мустақил илмий йўналиш сифатида ривожлантириш. Менимча, бу жуда муҳим масала. Ўзбекистонда парламентаризмнинг 35 йиллик тажрибасини илмий жиҳатдан умумлаштириш, парламент ҳуқуқи ва парламентшунослик бўйича махсус илмий тадқиқотларни кенгайтириш, парламент амалиётини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилиш вақти келди. Бугунги кунда «Парламент ҳуқуқи», «Ўзбекистон парламентаризми тарихи», «Парламент назорати назарияси ва амалиёти», «Парламент дипломатияси» каби йўналишларда фундаментал тадқиқотлар зарур.
Ўнинчи таклиф: «Марказий Осиё парламентлари форуми»ни доимий институционал мулоқот майдони сифатида ривожлантириш керак. «Марказий Осиё парламентаризми концепцияси» бўйича қўшма илмий тадқиқотлар ва экспертлар платформасини шакллантириш лозим. Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари ўртасида рақамли қонунчилик технологиялари, ҳуқуқий экспертиза ва баҳолаш усуллари бўйича тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш давр тоқазосидир.
Ёш депутатлар ва парламент ходимлари учун Марказий Осиё парламент академияси ёки доимий ўқув дастурини ташкил этиш керак. Минтақа давлатлари учун долзарб бўлган сув, экология, транспорт, миграция, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳалари бўйича модель қонунлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш лозим.
Парламент дипломатияси доирасида Марказий Осиё давлатларининг умумий позицияларини халқаро парламент майдонларида мувофиқлаштириш амалиётини кенгайтириш даври келди.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
35 йил — тарих учун қисқа давр. Аммо бу даврда Ўзбекистон парламенти:
· Олий Кенгашдан — Олий Мажлисга;
· бир палатали тизимдан — икки палатали парламентга;
· сессиявий фаолиятга асосланган парламентдан — доимий ва профессионал асосда ишлайдиган парламентга;
· қонун қабул қилувчи орган мақомидан — назорат ва вакиллик функциялари кучайган институтга;
· миллий парламентдан — жаҳон парламент дипломатиясининг фаол субъектига айланиш йўлини босиб ўтди.
Бугун олдимизда янада масъулиятли вазифалар турибди.
Энди бизга шунчаки кучли парламент эмас, балки:
· ҳақиқий ва самарали профессионал парламент;
· халққа яқин парламент;
· қонунлари ишлайдиган парламент;
· назорати натижа берадиган парламент;
· мухолифат фикри эшитиладиган парламент;
· ёшлар ва хотин-қизлар овози тўла акс этадиган парламент;
· рақамли ва очиқ парламент;
· халқаро майдонда миллий манфаатларни фаол ҳимоя қиладиган парламент керак.
Энг муҳими, “Парламент – бу халқ уйи» деган юксак номга муносиб бўлиши лозим.
Чунки парламентнинг ҳақиқий салоҳияти ва қудрати унинг деворларида эмас:
· унинг ҳақиқий қудрати — халқ ишончида;
· депутатнинг ҳақиқий мақоми — унинг лавозимида эмас;
· унинг ҳақиқий мақоми — халқ олдидаги масъулиятида;
· қонуннинг ҳақиқий қиймати — унинг матнида эмас;
· унинг ҳақиқий қиймати — инсон ҳаётини қанчалик яхшилаганида.
Шу маънода, Ўзбекистон парламентаризмининг кейинги 35 йиллик истиқболи учун энг муҳим шиор, менимча, қуйидагича бўлиши керак:
«Кучли парламент — кучли давлатнинг эмас, аввало, кучли фуқаролик жамияти ва инсон қадрининг кафолатидир».
Ва яна бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим:
Биз парламентаризмни шунчаки ривожлантиришимиз эмас — уни халқнинг кундалик ҳаётида сезиладиган демократияга айлантиришимиз керак.
Ана шунда 35 йиллик парламентаризм тажрибаси тарихий натижага, бугунги ислоҳотлар эса келажак авлод учун мустаҳкам демократик меросга айланади.
Эътиборингиз учун раҳмат!
