Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Халқаро анжуман: 35 йиллик тараққиёт йўлимиздаги ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар муҳокама қилинди

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Қирғизистон парламентлари аъзолари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлар ҳамжамияти ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ташаббуси билан Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилган конференция мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг давлатчилик ва тараққиёт тажрибасини, барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини муҳокама этиш ҳамда мамлакат тараққиётининг кейинги босқичи юзасидан халқаро ва парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга бағишланди.

Анжуманни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов кириш сўзи билан очиб, маъруза қилди. Спикер ўз маърузасида мамлакатимизнинг 35 йиллик тараққиёт йўли, бу даврда давлат, ҳуқуқ ва жамият ҳаётидаги туб ўзгаришлар, эришилган натижаларни алоҳида эътироф этди. Айниқса, сўнгги ўн йилликда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги Ўзбекистон ғояси асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати, фаровонлиги ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини таъминлашга йўналтирилган янги тараққиёт стратегияси шакллангани ва изчил амалга оширилаётгани қайд этилди. Парламент дипломатияси йўналишидаги натижалар эътироф этилди:

— Сўнгги йилларда янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган парламент дипломатияси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, — деди Спикер Н.Исмоилов. — Кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Россия, Туркия парламентлари билан алоқалари динамикаси мунтазам ўсиб борди. Қонунчилик палатасининг қардош давлатлар парламентлари билан «дўстлик гуруҳ»ларининг мақоми оширилди. Ўзаро самарали ташрифлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Халқаро майдонларда ҳамфикрлилик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳи, умумминтақавий ўзига хослик шаклланмоқда.

Ўзбекистон вакиллари дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилди. Бу Ўзбекистоннинг глобал парламентлар мулоқоти марказларидан бири сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганининг ёрқин ифодаси бўлди, — деди Н.Исмоилов.

Шунингдек, анжуманда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори С.Маҳл, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Тошқулов, Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов ҳамда хорижий парламент вакиллари маъруза қилиб, мамлакатимизда барча йўналишларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган натижаларни эътироф этди.

Конференция давомида конституциявий модернизация, парламентаризмни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бошқарувини инсон манфаатларига хизмат қилиш тамойили асосида янада такомиллаштириш, тарихий-маданий меросни асраш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ҳамда халқаро ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2023 йилдаги конституциявий ислоҳотлар “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида давлат ва жамият тараққиётининг асосларини мустаҳкамлади. Парламент фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, қонун ижодкорлиги сифати, парламент назорати, фуқаролар манфаатларини ифода этиш, очиқлик ва жамият билан доимий мулоқот самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди. Ҳудудлар, маҳаллий вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти билан мулоқотни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди.

Иқтисодий йўналишдаги ислоҳотлар натижасида иқтисодий ўсиш, инвестиция фаоллигига эришилди. Қайд этилганидек, 2025 йил якунига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 147 миллиард АҚШ долларидан ошди. Кейинги йилларда иқтисодиётга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб этилиб, ташқи савдо айланмаси 81,17 миллиард долларга етди.

Ижтимоий соҳадаги натижалар ҳам алоҳида эътироф этилди. Таъкидландики, ўтган даврда 8,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳолининг даромадлари оширилиб, мамлакатда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилди. 2025 йилда қурилган уй-жойлар сони 238 мингта хонадонга етди. Таълим соҳасида мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олий таълим билан қамров даражаси эса 42 фоизга етди. Шунингдек, экологик барқарорлик ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги саъй-ҳаракатларга ҳам алоҳида урғу қаратилди.

Муҳокамаларда инвестициявий, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-коммуникация ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, рақамли боғлиқликни ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди. Бу жараёнларда парламентларнинг қонунчилик ва парламентлараро ҳамкорлик механизмларидан фаол фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Конференция ўз ишини ялпи муҳокамалар ва шўъбаларда давом эттирди. Хусусан, “Замонавий парламент: иқтисодий трансформация, инвестицион жозибадорлик ва инклюзив иқтисодий ўсиш” мавзусидаги шўъбада иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари, хусусий секторни ривожлантириш, инвестиция ва рақобат муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Шунингдек, “Инсон капитали ва ижтимоий сиёсат: инклюзив ривожланишнинг устувор йўналишлари ва парламент тажрибаси”, “Экологик барқарорлик ва «яшил» иқтисодиёт: сув хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига мослашув ва Оролбўйи трансформацияси” каби мавзулардаги шўъбаларда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ва мутахассислар иштирокида қатор муҳокамалар бўлиб ўтди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига эришишга қаратилган фикрлар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Анжуман Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт тажрибасини халқаро ва экспертлик нуқтаи назаридан муҳокама қилиш билан бирга, ислоҳотларни амалга оширишда парламент олдида турган долзарб вазифалар ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичларини белгилашда муҳим мулоқот майдони бўлди.

Конференция якунида мамлакатлар тараққиёти йўлида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган мулоқотни мустаҳкамлаш, қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Тошкент декларацияси қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Nashr sanasi 14.08.2026 Ko'rishlar 17
Ulashish