Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ташкил этилди

28 июль куни Тошкент шаҳридаги ички ишлар органларининг маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторлари учун «Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик» мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини давом эттирди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили ҳамкорлигида ўтказилди.

Семинарда инсон ҳуқуқлари, халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳаларида катта амалий тажрибага эга мутахассислар, олимлар ва экспертлар, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан маърузалари билан қатнашди. Тадбирнинг иккинчи куни, жумладан:

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, доцент Камила Олимова «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва механизмлар»;

  • Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси профессори Феруза Мухитдинова «Гендер тенглик. Хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва уларнинг миллий даражадаги имплементацияси»;

  • Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат-ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи, полковник Дилором Худайберганова «Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар» ҳамда «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва соҳадаги халқаро стандартлар»;

  • Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат-ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси доценти, подполковник Умид Фозилов «Қийноққа қарши конвенция ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти» мавзусида тақдимот қилдилар.

Тадбир якунида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар билан ишлаш соҳасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ профилактика инспекторлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Миллий марказ ташаббуси билан ўтказилган айни машғулотлар профилактика инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва касбий маҳоратини янада юксалтириш, аҳоли билан ўзаро ишончли мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларига тезкор ва сифатли муносабат билдириш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг ҳудудларда самарали амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.07.2026 Ko'rishlar 65
Ulashish