Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Пойтахтимиз маҳаллаларининг профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди

27 июль куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мажлислар залида пойтахт ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинар ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳисобланади. Машғулотлар “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига  бағишланди.

Ушбу ўқув семинари Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди. Тадбирни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султонходжаев очиб берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, даставвал, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган мажлисда профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш истиқболлари ҳақида алоҳида сўз юритилгани ҳақида тўхталди. Мамлакатимиз ҳудудларида маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ўтказилаётган семинар-тренинглар давлатимиз раҳбари айни мажлисда илгари сурган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.

Машғулотлар давомида “Инсон ҳуқуқлари стандартлари: назариядан амалиётга”, “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”, “Гендер тенглик. Хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва уларнинг миллий даражадаги имплементацияси”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳамда соҳадаги халқаро стандартлар”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва механизмлар”, “Қийноққа қарши конвенция ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг Тошкент шаҳри бўйича минтақавий вакили Васила Алимова, Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова, Миллий марказ бўлим бошлиғи Камила Олимова, Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедра бошлиғи Дилором Худойберганова ва мазкур Академия доценти Умид  Фозилов тақдим этди.

Шунингдек, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган жорий йилда маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Айни жараёнда маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, машғулотларда профилактика инспекторларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.

Тадбир доирасида профилактика инспекторларидан бир гуруҳига намунали хизматлари учун фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.

Семинар-тренинг якунида профилактика инспекторлари тест синовларидан ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.07.2026 Ko'rishlar 117
Ulashish