“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросида фуқаролик жамияти билан давлат ҳамкорлигининг янги босқичи
Бугун Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишларидан бири “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг амалга оширилишида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнига бағишланган йирик давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси – мамлакатнинг кейинги босқичдаги ривожланиш ғояси, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олувчи кенг кўламли дастуриламал саналади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон фармонида фуқаролик жамияти институтларини стратегия ижросига кенг жалб этиш зарурлиги алоҳида қайд этилгани бежиз эмас. Чунки стратегияда белгиланган вазифалар фақат давлат идоралари эмас, балки жамоатчилик, илмий доиралар, ННТлар ва фуқароларнинг бевосита иштироки орқали самарали амалга оширилади. Айниқса, мониторинг ва баҳолаш жараёнларида жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши стратегиянинг шаффофлигини таъминлайди. Бу эса давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқот ва ишонч муҳитини мустаҳкамлайди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бу халқ стратегияси. Демак, ҳар бир ислоҳотнинг марказида инсон манфаатлари туриши, жамоатчилик фикри эшитилиши, ННТлар фаолияти эса давлат сиёсатини баҳолашнинг муҳим мезонига айланиши лозим.
Таъкидланганидек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда шаффофликни таъминловчи uzbekistan2030.uz жамоатчилик платформаси ишга туширилган. Ҳар йили БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун ҳолда стратегиянинг амалга оширилиши таҳлил қилиниб, жамоатчиликка эълон қилинади. Тадбирда мазкур платформа тақдимоти ўтказилиб, унинг имкониятлари, жамоатчилик фикрини тақдим этиши, Стратегия ва Давлат дастурлари ижроси ҳақидаги очиқ маълумотлар, фуқаролар фикрини тўплаш механизми ва лойиҳаларнинг батафсил статистик маълумотларини эълон қилиб борилиши тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Давлат дастурлари ижроси доирасида бажарилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикр юритди.
Хусусан, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “яшил энергетика” лойиҳалари ва мазкур жараёнда жамоатчилик ҳамкорлигининг аҳамияти, аҳоли ўртасида энергия тежамкорлиги бўйича олиб борилаётган ишлар, ННТлар билан амалга оширилган экологик ва ижтимоий лойиҳалар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жамоатчилик иштирокида амалга оширилиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик маданиятни оширишда ННТларнинг қўллаб-қувватловчи роли, экологик вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли янги ташаббуслар, сув ресурсларини тежаш маданиятини ошириш, ННТлар билан сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Давра суҳбати якунида ННТлар учун янги грант механизмларини шакллантириш, давлат органлари билан ўзаро ахборот алмашинувини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини янада кучайтириш, экологик ва ижтимоий дастурларда ННТлар иштирокининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг миллий стратегияларини амалга оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш бўйича фикрлар илгари сурилди.
Бугун Ўзбекистон янги тараққиёт босқичида. Шу боис, ушбу давра суҳбати нафақат маълумот алмашинуви, балки давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, стратегиянинг ҳақиқий халқчил руҳини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский