ҲАЛОВАТЛИ ЭЛНИНГ ТАРОВАТЛИ САЙЛИ

21 март – Наврўз умумхалқ байрами куни

 

Юртимизга чаппар уриб гуллаган боғларнинг хушбўй нафасини, чаманзорларнинг камалак рангларини, мусаффо кўкда чарх урган қалдирғочлару арғамчи тортиб юртга қайтган турналарнинг сеҳрли сас-садоларини таратиб фасллар келинчаги – баҳор кириб келди. Кўклам остонасида энг қадимий, асл миллий, ғоят ардоқли байрамимиз, умумхалқ сайли – Наврўз эшик қоқиб турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 1 мартда қабул қилинган «2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида жорий йилги Наврўз умумхалқ байрамини мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонлаш белгиланган. Бу, албатта, эл-юртимизнинг маънавий қувватларини янада оширишга, юртдошларимизнинг эзгу саъй-ҳаракатларини буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

Қарорда таъкидланганидек, “Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди. Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби олижаноб ғоялар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларнинг мақсад ва мазмунига тўла ҳамоҳангдир”.

Ҳақиқатан ҳам, Наврўз – асрлар бўйи халқимиз, ҳар бир оила, ҳар бир хонадон орзиқиб кутадиган хурсандчилик, гўзаллик ва нафосат айёмидир. Тўғри, шундай замонлар ҳам бўлдики, халқдан байрамини олиб қўймоқчи, Наврўз билан боғлиқ миллий ва умуминсоний қадриятларга мос таомилларни миллатимиз ёдидан абадиян ўчирмоқчи бўлдилар.

Хайриятки, Истиқлол насимлари Наврўз атрофидаги мафкуравий тақиқларни буткул тарқатиб юборди. Умуммиллий байрамимизни нишонлашга қарши қаратилган барча ғов ва тўсиқлар барҳам топди. Ўзбекистон мустақиллиги арафасида Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли юртимизга Наврўз қайтди.

Наврўзнинг тикланишини республикамизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олди. Ушбу байрамнинг туб моҳиятида теран халқ анъаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, одамларнинг тинчликка ва яхши қўшничиликка, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилишлари мужассам экани унинг тикланиши учун қудратли омил бўлди.

Энг муҳими, 1990 йилдан буён мамлакатимиз ҳудудида 21 март – дам олиш куни ва Наврўз байрами куни ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, ҳар йили Наврўзни том маънода умумхалқ сайли сифатида байрам қилиш учун юртдошларимизга кенг имкониятлар яратди.

Наврўз сайли – халқ майли, дейдилар. Наврўз юртимизда азалдан халқ хоҳиш-иродасига кўра оммавий сайил сифатида нишонлаб келинган. Ушбу улуғ айём муносабати билан ҳар гал сайҳон бир гўшада халқ сайилга чиққан. Бахшилар айтишуви, лапарлар, ҳазил-мутойиба, қўшиқлар, халқ термалари, аскиячилар пайрови янграган. Дорбозлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозлар ўз санъатини намойиш этган.

Катта сайиллар – улоқ чопиш, от пойгаси, кураш, мерганлик каби томошалар ўтказилган. Бундай сайилларда нонвойлар жиззали сўлқилдоқ нону кулчалари билан, қандолатчилар ҳолва, новвот, парварда, попукқанд каби ширинликлари билан хизматда бўлган. Ялпиз, исмалоқ ва бошқа кўкатлар солинган кўклам таомлари пиширилган ва эл-улус билан бирга баҳам кўрилган.

Наврўз таомлари орасида сумалак алоҳида ўрин тутади. Сумалак сайли – Наврўзнинг ана шу шоҳона таомини тайёрлаш ва сумалакхўрликка бағишланган маросимдир. Бунда сумалак қозони атрофида суҳбат-гурунглар қизиган, қўни-қўшни эртак ва латифалар айтишган, ўйин-кулги қилишган. Сумалак тайёр бўлгач, уни пиширишда қатнашганлар ва маҳалла аҳли сумалакхўрликка таклиф этилган.

Бу сайиллардан ҳеч ким четда қолмаган. Сайил ҳазил-мутойиба, хурсандчилик билан ўтган. Минг йиллар давомида нишонлаб келинаётган сумалак сайли ҳозирги кунда ҳам кишиларни ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликка чорлайди.

Яна бир сайил – экин сайли. Наврўз дала ишлари мавсумининг бошланишига бағишланган байрам бўлгани учун, байрам кунлари далага қўш чиқариш ва ерга уруғ қадаш маросими ўтказилган. Шу кунлари яхши ният билан ерга уруғ қадалган, гуллар, кўчатлар экилган, ободончилик ишлари кенг авж олган. Юрт оқсоқоллари янги йилнинг баракали, янги меҳнат мавсумининг серҳосил келишини тилаб дуода бўлганлар.

Тинч-осойишта юртда хурсандчилик, тўй-томоша кўпаяверади, ҳаловатли элга байраму сайиллар ярашади. Табиийки, Наврўз замирида одамларнинг тинчликка ва яхши қўшничиликка, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилишлари мужассам экани мустақиллик йилларида юртимизда бу улуғ айёмнинг тикланиши учун қудратли омил бўлди.

Наврўз фалсафасида ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ҳам ўз аксини топган. Бу – халқимизга мансуб меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувликнинг ҳамиша бардавом эканидан далолатдир.

Аслида, юртимизда Наврўзни нишонлаш замирида унинг аввалги кўрку жамоли, мазмун-моҳияти, ғояси ва руҳини қайта тиклаш, ушбу қадимий байрам тимсолида юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг энг яхши анъаналари, санъати, дўстлиги ва биродарлиги ўз аксини топган оммавий шодиёна – халқ сайли намоён бўлишига эришишдек эзгу мақсад мужассам эди. Биз мураккаб синов даврларида ҳам шундай ноёб урф-одатларимизни кўз қорачиғидек асраб, эъзозлаб келган аждодларимизнинг буюк фазилатларига ҳамиша содиқ эканимизни муносиб даражада намоён эта олдик.

Мустақиллик йилларида Ватанимизда инсоний қадриятларни янада камол топтириш, юртдошларимизда ўз-ўзига ишонч руҳи ва миллий ғурурни мустаҳкамлаш, дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқатни улуғлаш, маданий ва тарихий анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш мақсадида Наврўзни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш ибратли анъанага айланди.

Давлатимиз рағбати ва ҳомийлигида Наврўз юртимизда наинки қайта қарор топди, айни чоғда изчил ривожланди, такомиллашди унинг мазмун-моҳияти бойиб борди ва эзгулик билан йўғрилган қирралари янада сайқал топди. Бугун Наврўз минг йил олдинги аждодларимиз каби халқимиз эмин-эркин, шод-хандон нишонлайдиган азиз айём, элимизнинг оммавий сайили сифатида тамомила янги руҳ, ўзгача тароват касб этди.

Эл-юртимиз яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат фасли сифатида эъзозлайдиган Наврўзнинг башарият маънавий ҳаётидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам деб эътироф этилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Ҳозирги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимиз қалби ва онгида Ватанимизнинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда Наврўз байрамининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда”.

Бу фикрлар замирида Наврўзнинг яна бир муҳим фазилати – ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш экани билан боғлиқ теран фалсафа мужассамдир. Зеро, Наврўзнинг байрам қилиниши замирида халқимизнинг азалий анъаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш билан бир қаторда, одамларнинг яхши қўшничиликка, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилишларидек эзгу амаллар ўз мужассамини топган. Наврўзнинг инсоний ва байналмилал моҳияти ҳам худди ана шундадир.

Ота-боболаримиз қадимдан Наврўз кунларида етим-есирларга, бева-бечораларга, муҳтожларга меҳрибонлик, саховат ва мурувват кўрсатишган, гина-кудуратлар унутилган. Кейинги йилларда бу инсоний фазилатлар эл-юртимизга нафақат тўла-тўкис қайтди, айни чоғда, янги миллий ва умуминсоний қадриятлар билан янада бойитилмоқда.

Бошқача айтганда, ана шу дилбар фаслда инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиши, беморларга, муҳтож бўлганларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби ноёб фазилатлар албатта одамнинг кўнглини юмшатади, доим яхшиликка интилишга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди.

Шунинг учун ушбу айёмни миллий қадрият ва урф-одатларимизга уйғун тарзда, ҳар томонлама муносиб даражада нишонлаш мақсадида ўтган даврда юртимиз ҳудудларида Наврўз сайиллари ўтказиб келинган тарихий жойлар ободонлаштирилиши билан бирга, халқ сайиллари ўтказиладиган янги масканлар ҳам барпо этилди. Наврўзга тараддуд кўриш жараёнида фақат томошалар дастури, сайил ва тантаналар ўтказиладиган, дам оладиган масканларни тайёрлаш эмас, балки ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, кўчат ўтқазиш, боғ-роғ яратиш ишларини амалга оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, 18 март куни юртимизнинг барча ҳудудлари, қишлоқлар, маҳаллалар, ташкилот ва муассасаларда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилишини алоҳида қайд этиш лозим. Бинобарин, ҳашар ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилувчи тарбиявий аҳамияти билан ҳам ардоқлидир. Бутун эл-юртимиз Наврўзи оламни обод ва ораста манзилларда ёруғ юз, хуш кайфиятда кутиб олишига не етсин.

Ҳа, яна чор-атрофда Наврўз руҳи намоён бўлмоқда. Қалбларимиз ана шу ёруғ кунларга, гўзал ва фусункор ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз учун шукроналик туйғуларига тўлиб-тошаётир.

Наврўз айёми инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг яшашининг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Бу кунларда инсон ўзининг табиат билан узвий боғланганини, унинг ажралмас бир қисми эканини янада теран ҳис этади. Атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга интилади.

Халқ мақолида айтилганидек, “Наврўздан сўнг қиш бўлмас, мезондан сўнг ёз бўлмас”.    Бу нақлнинг маъно-мазмуни жуда теран. Зеро, у аждодларимизнинг неча минг йиллар мобайнида ўзларини ўраб турган борлиқни – Қуёш, Ой, осмон ва юлдузларни, атмосфера ҳодисаларини, ўсимликлар дунёсини, борингки, жами жонли ва жонсиз табиатни кузатишлари натижаси сифатида шу тахлит қайроқи ҳақиқатга айланган.

Қадимда кишилар олдида – чорвадорлар учун молларни қачон яйловларга ҳайдаб бориш ва қишлов жойларга қайтариб келиш, деҳқонлар учун у ёки бу экинни экиш ва ўриб-йиғиб олишнинг қулай муддатларини билишдек кундалик ҳаётий талаблар кўндаланг турган. Эртанги кунда нималар қилиш мумкинлигини режалаштириш учун келажакни тасаввур этиш, башорат қилиш зарурати уларни астрономик ва метерологик кузатишлар олиб боришга мажбур этган.

Шу боис йил, ой, кун ва вақт ҳисоби юритилган, бу соҳада тўпланган тажрибалар ўрганиб, таҳлил қилиб борилган, шунга яраша иш тутилган, шунга мослашилган, одатланилган. Дастлабки кузатишлардан келиб чиққан хулосалар аста-секин кўпаяверган, авлоддан-авлодга ўтиб, замонлар оша юқоридаги каби ҳикмат дурдоналарига айланган.

Шарқда Наврўз – қуёш йили ҳисобида янги йилнинг биринчи куни сифатида белгилангани бежиз эмас. Чунки Наврўз кун билан тун тенглашган паллага, яъни 21 мартга тўғри келади. Алишер Навоий бу ҳақда шундай лутф этганлар:

“Юз очиб билдирди, қад бирла сочи тенг эрканин,

Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги Наврўздин”.

Яъни, улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз кун ва тун тенглашадиган Наврўзни бўйи билан сочининг узунлиги тенг бўлган сулув қизга қиёслаган.

Бугун Наврўз мўъжизаси, Наврўз саховатидан ҳар биримиз баҳраманд ва ошуфтамиз. Қалбларимиз ана шу ёруғ кунларга, гўзал ва фусункор ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз учун шукроналик туйғуларига тўлиб-тошади.

Наврўз – баҳор ва уйғониш, меҳнат ва бунёдкорлик фаслидир. Табиат яшарар ва яшнар экан, инсон руҳи ҳам янгиланади. Наврўз одамзод билагига куч, юрагига янги интилиш, ҳаётига янги умид ва орзулар бахш этади.

 Одам боласи борки, бундай шукуҳли дамларда табиатдан баҳра олишни, қалбидаги энг эзгу туйғу ва тилакларини, орзу ва умидларини юзага чиқаришни истайди, ҳаётга, ота-онаси, яқинлари, дўсту биродарларига бўлган меҳру муҳаббатини очиқ-ошкора изҳор этгиси келади.

Юртимизга яна Наврўз келди. Она диёримиз фусункор тароват ила безанмоқда. Халқимиз катта сайил тадоригини кўрмоқда. Наврўзингиз муборак бўлсин, қадрли юртдошлар!

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech