Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Дунё бўйлаб 739 млн вояга етган инсон саводсиз — ЮНЕСКО

ЮНЕСКО 8 сентябрь куни Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллигини нишонлади. Ташкилот саводхонлик инсоннинг асосий ҳуқуқи эканини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, дунё бўйлаб 739 миллион нафар катта ёшли одам ҳали ҳам оддий саводхонлик кўникмаларига эга эмаслиги маълум қилинди.

“Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллигини нишонлаяпмиз. Саводхонлик инсоннинг асосий ҳуқуқидир. У инсонлар ҳаётини, иқтисодиётни ва жамиятни ўзгартирадиган буюк кучдир”, деди ЮНЕСКО бош директори Ҳолид ан-Анани сана муносабати билан йўллаган мурожаатида.
 

 

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, охирги 50 йилда дунёда саводхонлик даражаси сезиларли даражада ошган. Ёшлар ўртасидаги саводхонлик 1975-йилдаги 75 фоиздан 2024-йилда 93 фоизга етган. Катталар ўртасидаги саводхонлик эса 65 фоиздан 88 фоизга кўтарилган.
Лекин ижобий ўзгаришларга қарамай, 739 миллион вояга етган киши ҳамон саводсиз бўлиб қолмоқда. Уларнинг учдан икки қисмини аёллар ташкил этади. Шунингдек, дунё бўйича 273 миллион бола мактабга бормайди. Даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатларда 10 ёшли болаларнинг 70 фоизи оддий матнни ўқий олмайди ва тушунмайди.

“Бу рақамлар бой берилган имконият ва салоҳиятни англатади. Шунингдек, бу инсоннинг асосий ҳуқуқлари поймол этилаётганини кўрсатади”, деди ан-Анани.

 
 

 

Халқаро саводхонлик куни ҳар йили 8 сентябрда нишонланади. Байрам тадбирлари 1967-йилдан бери ўтказиб келинади. Мақсад адолатли, тинч ва барқарор жамият қуришда саводхонликнинг ўрнини кўрсатишдир. Бу йилги байрам “Одамлар, сайёра ва фаровонлик учун саводхонлик” мавзусида ўтди. ЮНЕСКО глобал байрам тадбирларини 8—9 сентябрь кунлари Мексикада ўтказди.
Бу юбилей Афғонистонда таълим инқирози чуқурлашган бир вақтга тўғри келди. Айниқса, қизлар ва аёллар оғир аҳволда қолмоқда. “Толибон” қизларга олтинчи синфдан кейин ўқишни тақиқлаган. Ҳозирда Афғонистон аёллар учун ўрта ҳамда олий таълим тақиқланган дунёдаги ягона мамлакатдир. Аввалроқ  ЮНЕСКО Афғонистонда 2,4 миллион қиз таълим олиш имконидан маҳрумлиги ҳақида маълум қилган эди.
Бу чекловлар саводхонлик, иш билан таъминланиш ва зарур хизматлардан фойдаланишга салбий таъсир қилади. БМТ қизларни таълимдан маҳрум қилиш келажак авлодларга ҳам оғир оқибатлар олиб келишидан бир неча бор огоҳлантирган.
ЮНЕСКОнинг саводхонлик бўйича глобал стратегияси гендер тенглигига ва эътибордан четда қолаётган инсонларга ёрдам беришга қаратилган. Ташкилот таълим олиш имкониятларини кенгайтирмоқда, давлат таълим тизимларини кучайтирмоқда ва маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда.
 
Daryo.uz
Nashr sanasi 14.09.2026 Ko'rishlar 126
Ulashish