“Bernama”: Ислом цивилизацияси маркази – Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва илмий юксалиши рамзи

Ўлкамиз ҳудуди асрлар давомида жаҳон тамаддунининг муҳим марказларидан бири сифатида ислом маданияти ва илм-фани ривожида беқиёс ўрин тутиб келган. Буюк мутафаккирлар, алломалар ва муҳаддислар етишиб чиққан бу заминда бой маънавий мерос шаклланган. Ана шу улкан меросни асраб-авайлаш, уни чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан сифатида намоён бўлмоқда.

Мазкур цивилизацион макон Малайзия миллий ахборот агентлиги – “Bernama” томонидан ҳам кенг ёритилди. Агентлик таъкидлашича, анъанавий музейлардан тубдан фарқ қиладиган, “Цивилизация, шахслар, кашфиётлар” тамойили асосида ташкил этилган ушбу марказ тарихни оддий воқеалар йиғиндиси эмас, балки узвий боғлиқ жараён сифатида намоён этади.

Экспозициялар изчил жойлаштирилган: дастлаб исломдан олдинги давр, сўнг Биринчи ва Иккинчи Ренессанс босқичлари, кейин Янги Ўзбекистон тараққиёти даври кўрсатилади. Шу орқали Учинчи Ренессанс ғояси очиб берилади.

Энг диққатга сазовор қисмлардан бири – “Цивилизациялар девори” инсоният тафаккури ва илмий тараққиётини узлуксиз, турли даврда ижод қилган буюк алломалар кашфиётини замонавий технология билан боғлиқ намойиш этади. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар мероси алоҳида ёритилган.

“Bernama” маълумотига кўра, марказда энг замонавий технология кенг қўлланган. Виртуал ва кенгайтирилган реаллик, сунъий интеллект ҳамда голограмма ёрдамида қадимий қўлёзмалар “жонлантирилади”, тарихий илмий муҳит рақамли шаклда қайта тикланади. Томошабин бевосита жараён иштирокчисига айланади, буюк олимлар билан виртуал мулоқот қилиб, илмий тажриба муҳитини ҳис этади.

Марказда ёш авлодга алоҳида эътибор қаратилган. “1001 ихтиро” лабораторияси орқали болаларда илм-фан, техника ва муҳандисликка барвақт қизиқиш уйғотиш мақсад қилинган. Бу эса келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мажмуа фақат кўргазма майдони эмас, балки йирик илмий-таълим маскани ҳам ҳисобланади. Бу ерда 200 000 дан зиёд китоб жойлашган кутубхона, реставрация лабораториялари, хаттотлик мактаби ва замонавий рақамли архив фаолият юритади. Ҳудудда қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ваколатхоналари жойлашгани халқаро илмий марказ аҳамиятини янада оширади.

Умуман, хориж матбуоти мажмуани Марказий Осиёдаги энг йирик маданий-илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоламоқда. Таниқли таҳлилчилар ислом цивилизацияси илмий меросини замонавий технология орқали жаҳонга тақдим этувчи янги платформа деб атаган. Кўпчилик маданий дипломатия ва туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи стратегик объект сифатида таърифламоқда. Халқаро миқёсда юқори баҳога сазовор бўлган марказ 2026 йил архитектура ва дизайн соҳасидаги нуфузли “Prix Versailles” мукофоти муассислари томонидан “Энг гўзал музейлар” рўйхатига киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом цивилизацияси маркази тарихий мерос, замонавий технология ва илм-фан уйғунлашган ноёб мажмуа сифатида Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал тараққиётга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари самарасидир.

Фардона Яхшибоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech