Инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар юртимиз кутубхоналарига тақдим этилмоқда

 21 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар бурчаги” ташкил этилди. Шунингдек, 22 февралда Сирдарё вилоят ахборот-кутубхона марказига айни мавзудаги китоблар тақдим қилинди. Ҳар икки маърифий-ҳуқуқий тадбир “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди. Қарорда, шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шу муносабат билан Сирдарё вилоят ахборот-кутубхона марказида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналиши” ташкил этилаётгани таъкидланди. Ушбу ахборот-кутубхона марказлари фонди эндиликда Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалар билан доимий таъминлаб борилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази юртимиз ҳудудларидаги кутубхоналарга асосан инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим йўналишидаги китобларни беғараз тақдим этмоқда. Болалар ҳуқуқларига оид адабиётлар, хотин-қизлар ҳуқуқларига тааллуқли тўпламлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид китоблар, “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумидаги рисолалар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг янги сонлари шулар жумласига киради.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech