Жиззах янги ўсиш нуқталари марказига айланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўли қурилди.

Мазкур йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.

Шу пайтгача ушбу йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур эди. Янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарди, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилди. Бу нафақат ҳайдовчилар, балки тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилади. Демак, хизмат муддати икки баробарга узайди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур эди, эндиликда эса йўл ўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати анча енгиллашади.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига атом энергетикаси лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.

Айни пайтда Жиззах вилоятида интеграциялашган иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станциясини барпо этиш бошланган.

Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган. Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар жой мажмуаси барпо этилган.

Атом электр станцияси учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳа учун кадрлар тайёрлашни кенгайтириш режалари тақдимот қилинди.

Бўлажак электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилади.

Президентимиз Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.

Реновация дастури асосида Жиззахда эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва хавфсиз турар жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, IT-марказ биносини барпо этиш, ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, айрим мавжуд мажмуаларни реконструкция қилиш ҳамда гавжум кўчаларни тартибга келтириш каби лойиҳалар билан танишилди.

– Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Вилоятни салоҳияти, имконияти каррасига ошди, одамларнинг ҳаётга, ишга муносабати тубдан ўзгарди. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди Президент.

Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “АDМ Jizzakh” корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.

Қисқа муддатли тайёрлов курсларида автомобиль заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга ўзлари қизиққан касблар ўргатилади. Бу ерда BYD автомобиль ишлаб чиқариш мини конвейери ҳам ташкил этилган. Ишлаб чиқариш цехида пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари мавжуд.

Электромобиль ва зарядлаш станциясининг тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги йўналишларига ихтисослашган махсус хоналар ташкил қилинган.

Дунё автомобиль саноатида битта қоида мавжуд: рақибни таҳлил қилмаган компания ривожлана олмайди.

Жиззахдаги ушбу муҳандислик мактабида биринчи марта маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (cost modeling), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни глобал стандартлар билан таққослаш каби кўникмалар ҳам ўргатилмоқда.

Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ. Бу ерда малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари фаол иштирок этади.

Мактабнинг асосий мақсади – талабани тайёр кадр сифатида иш жойига боришидан олдин амалиёт муҳитига олиб киришдан иборат. Натижада битирувчилар бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисга айланади.

Давлатимиз раҳбари мактабдаги машғулотлар жараёнини кузатди, мини конвейерда ишлаётган талабалар билан суҳбатлашди.

Президентимиз шу ерда республика ва вилоят фаоллари билан ҳам мулоқот қилди.

Кейинги йилларда Жиззахда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда яхши натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Лекин ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги айтилди.

– Жиззахга келиб, янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишни мақсад қилганмиз. Асосийси, аҳоли, хусусан, ёшларга муносиб шароит яратиш, юқори даромадли иш билан таъминлаш, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев янгидан барпо этилган Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрди.

Ушбу мажмуа аҳолига барча зарур тиббий хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатиш имконини яратиши билан катта аҳамиятга эга. Лойиҳа вилоятда ташкил этилаётган тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи ҳисобланади.

Замонавий тиббиётда бундай кластерли ёндашув тезкор диагностика, юқори технологияли даволаш ва шифо истаганлар учун бюрократик жараёнларни камайтиришнинг энг самарали модели сифатида тан олинган.

Давлатимиз раҳбарига муассаса имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Президент беморларни даволаш, шифокорларнинг самарали ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Марказ замонавий етти қаватли бинода жойлашган бўлиб, кунига 400 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Стационар ўринлари 344 та бўлган марказга умумий қиймати 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий жиҳозлар – МРТ, МСКТ, лаборатория комплекслари ҳамда юқори технологияли жарроҳлик ускуналари ўрнатилган.

Поликлиника, радиология, кардиохирургия, нейрохирургия, офтальмология ва урология каби бўлимларнинг бир мажмуада жойлашгани тиббий хизмат кўрсатишни тезлаштиради, шифокорлар ўртасидаги ҳамкорлик ва беморлар ҳаракатини енгиллаштиради.  Айниқса, янги имкониятлар туфайли юқори технологияли операциялар учун навбатларнинг қисқариши лойиҳанинг энг катта ижтимоий самарасидир.

Марказ ишга тушиши натижасида Жиззах аҳолисининг республика шифохоналари ёки қўшни вилоятларга қатнаши 75-80 фоизга камаяди.

Тиббиёт кластерида Қозон федерал университети билан маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, замонавий тиббий стандартларни ўзлаштириш имкониятини берувчи узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатилади.

Президентимиз соғлиқни сақлаш масъуллари ва ходимлари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари тиббиёт кластерлари ва кўп тармоқли клиникалар бошқарувида эскича ёндашувлардан чекиниб, янги механизмларни жорий қилиш, жумладан, тиббиётнинг ҳар бир йўналиши бўйича хориждан халқаро экспертлар ва етакчи менежерларни жалб қилиб, маҳаллий мутахассисларни ўзимизда, бевосита муассасаларда ўқитиш, малакасини ошириш, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу Жиззах тажрибаси бўлиши кераклиги қайд этилди.

Президентимиз аҳолининг тиббий хизматлардан розилиги масаласига алоҳида тўхталди. Соҳада амалга оширилаётган ҳар қандай ўзгаришда, энг аввало, инсон қадри устувор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

– Одамларимизни кўпроқ бино, ундаги шароит эмас, хизматнинг сифати, шифокорнинг билими, малакаси, ҳалоллиги ўйлантиради. Шифохонага келган одам, аввало, эътибор ва тўғри ташхис, тез ва сифатли даволанишни истайди. Шунинг учун энг катта вазифа – аҳолига чин дилдан хизмат қиладиган, юксак малака ва компетенцияга эга бўлган тиббиёт тизимини яратишдир, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида Қозон тиббиёт университетининг Жиззах филиали ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбат бўлиб ўтди. Ўқув жараёнида амалий дарсларни кўпайтириш, талабаларни жаҳон тиббиётининг ютуқлари ва илғор тажрибаси билан доимий таништириб бориш муҳим экани таъкидланди.

Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи доирасида Шароф Рашидов туманидаги “Агромарказ” қишлоқ хўжалиги корхоналари мажмуасида ҳам бўлди.

Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли соҳада имкониятлар кенгайиб, ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жойларда агромарказлар ташкил қилиниб, фермер ва деҳқонларга комплекс хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳам ана шундай марказ фаолият бошлади.

Марказда ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси, ветеринария дорихонаси, агроном маслаҳати, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриш, агромаркет дўкони, мини-техникалар сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш каби йўналишлар мавжуд.

Бу ерда қишлоқ хўжалиги бўйича барча хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида йўлга қўйилган. Бир гектар жойни қамраган марказнинг биринчи қаватида ўсимликлар ҳимоя воситалари дўкони, ветеринария дорихонаси, уруғ дўкони, агромаркет, мобиль бригада хоналари ва 8 та бошқа хизмат хонаси жойлашган.

Иккинчи қаватда ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси мавжуд. Шунингдек, тупроқ ва сув таҳлили хонаси, энтомология ҳамда фитопатология хоналари ташкил этилган.

Марказ ҳудудида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги бўлими, агроинспекция, уруғчилик маркази, қоракўлчилик уюшмаси ҳамда қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар жойлашган.

Давлатимиз раҳбари агромарказ фаолияти билан танишди, марказ фаолиятини янада кенгайтириш, мижозлар учун хизматларни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат яратиш бўйича тавсияларини берди.

Шундан сўнг  Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

– Вилоятни қандай оғир шароитлардан олиб чиққанимизни, Жиззахнинг ҳар бир туманида бўлаётган катта-катта ўзгаришларни, одамларнинг хурсандчилигини кўриб, жуда қувонаман ва фахрланаман, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Ўтган даврда Жиззах вилояти республикадаги саноати энг тез ўсаётган ҳудудга айланди. Саккиз йилда 6,5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишга тушган бўлса, шунинг 45 фоизи саноат ҳиссасига тўғри келади. Жиззахда йилига 175 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

Қисқа фурсатда Зомин, Фориш, Арнасой туманлари ва Жиззах шаҳрида 2 миллиард долларлик 500 дан зиёд туризм ҳамда сервис объектлари иш бошлади. Арнасой ва Зоминда 300 миллион доллар ҳисобига 12 ой давомида тўлиқ ишлайдиган курорт зоналари ишга тушгани, уларда аэропортлар барпо этилгани натижасида Жиззах энг жозибадор туристик маршрутлардан бирига айланди.

Саккиз йил олдин Жиззахдаги иш ўринларининг 42 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келган бўлса, бугун 310 мингга яқин вилоят аҳолиси саноат ва сервис соҳаларидаги юқори даромадли ишлар билан банд.

Пахтачиликка мослашган вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ҳам тубдан диверсификация қилинди. Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Янгиобод, Фориш туманлари боғдорчиликка ихтисослашиб, 28 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди. Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод, Зарбдор, Пахтакор, Арнасойнинг чўл ҳудудларида 12 минг гектар ерларда ҳам боғ ва сабзавот плантациялари ташкил этилди.

Умуман, сўнгги саккиз йилда Жиззахда саноат 2,5 триллиондан 25 триллион сўмга, хизматлар 2,5 триллиондан 20 триллионга, қишлоқ хўжалиги 9 триллиондан 30 триллион сўмга ошгани таъкидланди.

– Албатта, бу – катта ислоҳотларимизнинг бошланиши. Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида ҳали кўп ишларни қилишимиз зарур, – деди Президентимиз.

 Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Президентимиз Жиззах вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Улуғбек Мустафоев номзодини илгари сурди. Овоз бериш натижаларига кўра, Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари саноат, инвестиция, туризм, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инфратузилма соҳаларини ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.

Жиззахнинг республика автомобилсозлик саноатидаги улуши 25 фоизга етган. Навбатдаги вазифа заводлар атрофида ёндош тармоқларни ривожлантириб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва таннархни камайтиришдан иборат экани қайд этилди.

Тадбиркорларга қулай шартларда тайёр биноларни таклиф этиш, бутловчи қисмларни валидация қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш вазифалари белгилаб олинди.

Вилоятда йилига 1 минг тонна вольфрам қазиб олиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ғаллаорол ва Нурободдаги лойиҳалар ишга тушса, Ўзбекистон вольфрам ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланиши таъкидланди.

Мутасаддиларга Ғаллаоролдаги олтин ресурсига эга истиқболли майдонга инвестор жалб қилиш, Форишдаги қўрғошин-рух конида геология-қидирув ишларини охирига етказиб, Арнасойдаги уран захираси аниқланган коннинг техник-иқтисодий асосини якунлаш топширилди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги 510 миллион долларлик 30 та лойиҳа ҳисобига 10 мингга яқин одамнинг бандлиги таъминланди. Бу ерда яна 540 миллион долларлик лойиҳалар жадал кетмоқда.

Тадбиркорлар янги лойиҳалар учун саноат зонасини етарли қувватда электр билан таъминлаш ва сув тозалаш иншоотини қуриб беришни сўрамоқда.

Энергетика вазирлигига бу ерга 40 километр юқори кучланишли тармоқ тортиб келиб, 40 мегаваттли подстанция қуриш топширилди. 2026 йил саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш дастурида “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида сув тозалаш иншооти қуриш учун 100 миллиард сўм назарда тутилади.

Саноатнинг энергия билан таъминланганлик даражасини ошириш учун жорий йил 200 мегаватт, кейинги йил 300 мегаваттли қувватлар яратилади. Бунга қўшимча 30 мегаваттли 150 та кичик ва мини ГЭСлар ишга туширилади.

Вилоятда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун келаси йил қарийб 10 триллион сўм ресурс берилиши эълон қилинди.

Бахмал ва Зомин туманларидаги тоғли ҳудудларни ягона туризм ҳалқасига бирлаштириш орқали юзлаб сервис объектларини ишга тушириш, минглаб одамларни ишли қилиш, туризм экспортини каррасига ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга келгуси йилда “Зомин – Бахмал – Ғаллаорол” йўлининг 158 километр қисмини таъмирлашни бошлаш топширилди. Бахмал туманида 39 гектар майдонда 40 миллион доллар инвестиция ҳисобига туризм кластерини ташкил қилиш ташаббуси маъқулланди. Бахмалга ҳам “туризм тумани” мақоми берилиши белгиланди.

Арнасой аэропортида катта самолётларни ҳам қабул қилиш имконини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Айдар-Арнасой кўлигача темир йўл ҳам олиб келинади.

Президентимиз қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратди.

Вилоятдаги жами 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари захирада тургани, уларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоятдаги кўплаб чорвадор ва фермерлар озуқа ҳамда мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияни ҳар ойнинг бошида тўлаб беришни сўраган. Мутасаддиларга бутун республикада ушбу субсидияларни ой бошида берадиган тизим қилиш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Картошкачиликни ривожлантириш борасида Жиззах вилояти намуна бўлиши кераклиги таъкидланди. 2026 йилдан бошлаб картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилиши белгиланди. 

Бунда минерал ўғит, техника, ёқилғи ва бошқа харажат учун 6 ойлик имтиёзли давр билан бир йил муддатга 12 фоизли кредит ажратилади. Кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади, суғориш насосларига қуёш панели ўрнатиш харажатининг ярми қоплаб берилади.

Келгуси йилдан суғориш насосларининг электр харажатини 50 фоизи қоплаб берилади, четдан олиб келинган картошка экиш ва йиғиб олиш техникалари божхона божларидан озод қилинади.

Шу билан бирга, суперэлита ва элита уруғларини фермерларга етказиб беришгача бўлган даврда музлаткичли омборхоналарда сақлаш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш механизми жорий қилинади.

Бундан ташқари, Бахмалдаги боғдорчилик хўжаликлари учун бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Хусусан, интенсив боғ ташкил қилишда 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Меванинг турига қараб, шпалерлар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади.

Шунингдек, музлаткичли омборлар учун кредит фоизини асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қоплаб берилади. Мева-сабзавот экспортчилари ва боғбонларга ҳам қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия тўланади.

Умуман, келаси йили боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, ушбу имтиёзлар бутун республикада жорий қилинади.

АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда паррандачилик бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Ушбу кластерда 100 минг бош қувватдаги биринчи наслли она товуқ ва 9 миллион дона инкубaцион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу уникал лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, ижтимоий хизматлар, меҳнат бозори ва инфратузилмани марказдан узоқ маҳаллалар аҳолисига яқинлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Урбанизация миллий қўмитаси ва вилоят ҳокимлигига Европадан мутахассисларни жалб қилиб, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация асосида ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди.

Вилоят аҳолисининг талаб ва истакларини инобатга олиб, Жиззах шаҳридаги тирбандликни бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қурилади. Шунингдек, Даштобод шаҳарчаси ва Ховос тумани ўртасидаги темир йўл устидан ҳам янги кўприк қурилиши бошланди.

– Бугун сизлар билан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган янги вазифаларни белгилаб, асосий масалаларни муҳокама қилиб олдик. Бу саъй-ҳаракатлар ва қабул қилаётган қарорларимиздан мақсад битта – шу ерда яшаб, меҳнат қилаётган одамларни рози қилиш, вилоятни ҳар томонлама ривожланган ҳудудга айлантириш, – деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида. 

Сессия давомида вилоят ва туман ҳокимларининг ҳисоботлари, фаолларнинг фикрлари тингланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида жойлашган “Кўк сарой” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди.

Мамлакатимизда савдо соҳасида замонавий хизматлар кўрсатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах шаҳридаги 3,5 гектар майдонда фаолият юритаётган “Кўк сарой” мажмуаси савдо ва маиший хизмат соҳасида вилоятдаги энг йирик объектлардан биридир.

Бу ерда 300 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган. Натижада 800 дан зиёд иш ўрни яратилди, жумладан, эҳтиёжманд тоифадаги 100 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Мажмуада йирик савдо тармоқларининг филиаллари, 10 та йирик маҳаллий ва хорижий бренд ишламоқда, 250 та савдо дўкони, фуд-корт ва болалар майдончаси жойлашган. Кўрсатилган хизматлар ҳажми йилига 223 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Эътиборлиси, мажмуада кутубхона ва китоб дўкони ҳам ташкил этилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи сифатида мингта савдо шохобчасини ўз ичига олган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган уч қаватли “Экобозор” қурилиши режалаштирилган. Натижада 2 мингта янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз мажмуа фаолияти билан танишиб, ташриф буюрганлар билан самимий мулоқот қилди. Хизматларни комплекс ёндашув асосида янада ривожлантириш, бундай марказларни бошқа ҳудудларда ҳам кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

Абдужалол ҚАЮМОВ

ЎзА махсус мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech