Стратегия муҳокамаси: халқаро экспертлар нима дейди?

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида барча соҳалар қатори ташқи сиёсат, хорижий ҳамкорлик, экспорт, инвестиция масалалари ҳам қамраб олинган.

Бу жиҳатлар мамлакатимизнинг ҳамкорлари, халқаро консультантлар ва хорижий компаниялар раҳбарларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда. 

Альфред Гузенбауэр,
Халқаро маслаҳатчилар кенгаши раиси, Австриянинг собиқ канцлери:

– Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бу айни муддао ва ўта долзарб паллага тўғри келди. Чунки 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон улкан иқтисодий ютуққа эришиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 145 миллиард АҚШ долларига етказди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу кўрсаткичнинг қарийб учдан бир қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса мамлакатда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро бизнес ҳамжамиятининг юксак ишончи ва фаол қўллаб-қувватловини яққол намоён этади.

Эндиликда давлат раҳбари Ўзбекистон иқтисодиёти ва инвестиция муҳитини янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. 

Асосий эътибор рақамли технологиялар, юқори қўшилган қиймат яратадиган, сифатли инвестициялар ҳамда мутлақо янги тармоқ ва йўналишларни ривожлантиришга қаратилмоқда.

Муҳим жиҳати шундаки, стратегияни янгилаш жараёнига жамоатчилик очиқ ва фаол жалб этилмоқда. Бу эса стратегик ҳужжатнинг бутун жамият томонидан қабул қилиниши, қўллаб-қувватланиши ва амалда самарали ижро этилишига хизмат қилади.

Бугунги глобал рақобат шароитида – қонун устуворлиги билан бир қаторда – шаффофлик, ишончлилик ва барқарорлик инвестицияларни жалб этишда ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади. Айнан шу омиллар ишбилармонларни маълум бир мамлакатни ишончли ҳамкор сифатида танлашга ундайди.

Шу маънода, мамлакатда очиқ ва прагматик ташқи сиёсат изчил давом эттирилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаб бормоқда, ўтган йили Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши эса бу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида ўзига хос мулоқот ва ҳамкорлик кўприги вазифасини бажармоқда. Бугун зиддиятларга тўла дунёда Ўзбекистон каби давлатларнинг ана шундай кўприк ролини ўз зиммасига олиши ниҳоятда муҳим. Чунки бундай ёндашув нафақат миллий манфаатларга, балки минтақавий ва глобал барқарорликка ҳам хизмат қилади.

Албатта, 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда белгиланган янги ва юксак мақсадларни рўёбга чиқариш улкан саъй-ҳаракатларни талаб этади. Бироқ Ўзбекистонда бунга тўлиқ имконият бор. Агар бутун аҳоли, маҳаллий тадбиркорлар ва халқаро бизнес ҳамжамиятини ягона мақсад атрофида бирлаштириб, уларни янги муваффақиятларга илҳомлантиришга эришилса, Ўзбекистон бу тарихий ютуқни қўлга киритиши шубҳасиз.

Мен Ўзбекистонга 2030 йилгача мўлжалланган ушбу стратегияни самарали амалга оширишда муваффақият тилайман. 

Штефан Фюле,
Халқаро маслаҳатчилар кенгаши аъзоси, чехиялик сиёсатчи:

– Аввало, Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши олдидан ўтказилган кенг жамоатчилик муҳокамалари ва фуқароларнинг фаол иштироки натижасида шаклланган ижобий ижтимоий-сиёсий суръат алоҳида таъкидга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон-2030» стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббуси айнан шу суръатни сақлаб қолиш ва уни янги босқичга кўтариш нуқтаи назаридан ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, бугунги таҳликали, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган глобал шароитда Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки ундан ташқарида ҳам барқарор, фаол, очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат олиб бораётгани жуда камёб ҳолатдир. Йирик Евроосиё интеграция макони билан қўшничиликда яшар экан, барча ҳамкорлар учун ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлаш улкан дипломатик маҳорат ва изчил саъй-ҳаракатларни талаб этади. Бу жараёнда АҚШ билан стратегик ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади.

Учинчидан, Президент Мирзиёевнинг очиқ қоидалар, сўз эркинлиги, шаффофлик ва қонун устуворлиги тамойилларига қатъий содиқлиги мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб қолмоқда. Айнан шу институционал ўзгаришлар халқаро инвесторлар учун сармоя киритишда миқдордан сифатга ўтиш, юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини яратмоқда.

Тўртинчидан, сиёсатчи сифатида айтишим мумкинки, Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан узоқ муддатли ва стратегик ҳамкорликка қатъий содиқдир. Бу жараёнда Президент Мирзиёевнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, ўтган йили Брюсселда имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бу – навбатдаги шартнома эмас, балки Ўзбекистоннинг 27 та илғор Европа давлати билан тенг ҳуқуқ, тенг ҳимоя ва тенг имкониятлар асосида ҳамкорлик қилишини кафолатловчи стратегик ҳужжатдир.

Хулоса қилиб айтганда, улкан салоҳиятга эга раҳбарият томонидан бошқарилаётган Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти уни яқин истиқболда фаровон давлатлар сафидан ўрин эгаллаш учун энг қулай мавқега олиб чиқмоқда. Мен янгиланган «Ўзбекистон-2030» стратегияси айнан шундай келажакка етакловчи умумий мақсадга айланишига ишонаман.

Дэвид Хоффман, 
Глобал ўзгаришлар институтининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори:

– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон-2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббуси мамлакатингизда давлат бошқаруви, иқтисодий сиёсат ва ижтимоий тараққиётни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим сиёсий қарордир. Замонавий дунёда стратегиялар ўзгармас ҳужжат эмас. Самарали давлат сиёсати доимий таҳлил, жавобгарлик ва мослашувни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш бу ислоҳотлар мантиғини давом эттириш, давлатнинг янги глобал воқеликларга тайёр эканини намоён этувчи онгли сиёсий танловдир. Бу жараён Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган натижаларни холисона баҳолаш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва кейинги мақсадларни аниқ белгилаш имконини беради. Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 145 миллиард АҚШ долларидан ошгани, экспортнинг 23 фоизга ўсгани, инвестициялар ҳажмининг барқарор ортиб бораётгани – амалга оширилаётган сиёсатнинг самарадорлигини кўрсатади.

Энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу стратегияни шакллантиришда очиқлик ва иштирокчиликни асосий тамойил сифатида белгилади. Жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, маҳаллий ва хорижий инвесторлар, фуқаролик жамияти институтларининг фикрлари инобатга олиниши бу Ўзбекистонда қарорлар юқоридан пастга эмас, балки жамият билан мулоқот асосида қабул қилинаётганининг ёрқин белгисидир.

Стратегия мазмунида иқтисодий ўсишга нисбатан ёндашув ҳам тубдан янгиланмоқда. Энди гап фақат рақамлар ҳақида эмас, балки сифатли ўсиш, барқарор инвестициялар, қонун устуворлиги ва ишончли институтлар ҳақида кетмоқда. Инвесторлар учун шартномалар ҳимояси, суд тизимининг мустақиллиги ва тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган ягона дарча механизмлари шу сиёсий ироданинг амалий ифодасидир.

Шу билан бирга, стратегиянинг фуқарога йўналтирилганлиги ушбу ислоҳотларнинг энг муҳим сиёсий мазмунидир. Иқтисодий ўсиш алоҳида ҳудудлар ёки чекланган гуруҳлар манфаатига эмас, балки бутун мамлакат, барча ҳудудлар ва барча фуқаролар манфаатига хизмат қилиши керак. Бу – инклюзив тараққиёт, ижтимоий адолат ва барқарор давлатчилик тамойилларига асосланган ёндашувдир.

Президент Мирзиёев ташаббусига мувофиқ “Ўзбекистон-2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш жараёни Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлидан қатъият билан ортга қайтмасдан ҳаракат қилаётганини, очиқ, ҳисобдор ва натижага йўналтирилган давлат қуриш сари интилaётганини намоён этади. Мен ишонаманки, ушбу стратегия мамлакат учун нафақат иқтисодий ўсиш, балки сиёсий барқарорлик, ижтимоий ишонч ва узоқ муддатли фаровонликни таъминлайдиган мустаҳкам йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.

Ника Гилаури
“Reformatics” консалтинг компанияси раҳбари:

– Биз мамлакатда кечаётган ўзгаришларни узоқ йиллар давомида кузатиб келмоқдамиз ва ҳозирги ислоҳотлар ўз миқёси ва таъсири жиҳатидан мутлақо янги босқични англатишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон бугун нафақат миллий иқтисодий ўсишни, балки бутун минтақа тараққиётини белгилаб бераётган етакчи ислоҳотчи давлатга айланди. Иқтисодий суръатлар барқарор ва юқори. Мамлакатга нисбатан халқаро ишонч тобора мустаҳкамланиб, Ўзбекистон янги инвестициялар учун стратегик жиҳатдан энг жозибадор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.

Бу фикрлар аниқ рақамлар билан тасдиқланади. Сўнгги йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулоти қарийб 150 миллиард АҚШ долларига етди. Яқин ўтмишда бундай натижани тасаввур қилишнинг ўзи қийин эди. Бугун эса Ўзбекистон қисқа вақт ичида улкан иқтисодий сакрашни амалга оширган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Мазкур ўсиш янги ёндашувларни, янги мақсад ва кўрсаткичларни талаб этади. Шу нуқтаи назардан 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг янгиланиши ўз вақтида қабул қилинган муҳим қарор ҳисобланади. Асосий кўрсаткичлар ва мақсадли параметрларни қайта кўриб чиқиш орқали давлат бошқаруви натижага йўналтирилган мутлақо янги сифат босқичига кўтарилмоқда.

Бу ҳужжат мамлакат тараққиёти учун йўл харитаси эмас, балки стратегик сакраш механизми вазифасини бажаради.
Энг муҳими, бу ислоҳотлар ўз самарасини аҳоли ҳаётида бевосита намоён этяпти. Даромадлар ўсмоқда, янги иш ўринлари яратиляпти, бизнес юритиш шароити тубдан яхшиланмоқда. Иқтисодий ўзгаришлар билан бир қаторда туризм, солиқ маъмурчилиги, инвестиция сиёсати ва бизнес муҳитида тизимли ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Ўзбекистон бугун тарихий имкониятлар даврига кириб келди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий сакраш айнан фундаментал, изчил ва қатъий ислоҳотлар орқали амалга ошади. Биз ўз фаолиятимиз давомида 30 дан ортиқ мамлакат тажрибасини ўрганиб, Сингапур, Жанубий Корея, Эстония, Грузия ва Польша мисолида шу ҳақиқатга амалда гувоҳ бўлганмиз. Бугун ана шу модел Ўзбекистонда амалга ошмоқда.

Шу боис ишонч билан айта оламиз, келгуси 2-3 йил Ўзбекистон учун янги иқтисодий сакраш даври бўлади. “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг янгиланиши ва янги KPIларнинг жорий этилиши мамлакат иқтисодиётига янги суръат, янги сифат ва янги динамика бағишлайди. Таълимдан тортиб барча соҳаларда бошланган ўзгаришлар бу жараённи янада тезлаштиради.

Бугун Ўзбекистон нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам энг илғор ислоҳотлар амалга оширилаётган давлатлар қаторига кирди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонни замонавий ислоҳотлар бўйича намунавий мамлакат сифатида баҳоламоқда. Мамлакат иқтисодиёти жадал модернизация қилинмоқда ва янги иқтисодий архитектура шаклланяпти.

Reformatics компанияси ҳам ана шундай тарихий паллада Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётганидан фахрланади. Ишончим комилки, яқин йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 200 миллиард АҚШ долларидан ошган янги иқтисодий реалликка қадам қўямиз ва буни нафақат ташқи баҳоларда, балки ҳар бир фуқаро ҳаётида ҳам яққол ҳис этамиз.

Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегияси бугунги ислоҳотларнинг илк пойдевори бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугун эса барча жараёнлар ушбу режадан ҳам юқори суръатларда амалга ошмоқда. Шу сабабли 2025-2026 йилларга келиб стратегияни янгилаш зарурати туғилди.

Янги KPIлар ва янгиланган стратегия иқтисодий ривожланишга яна бир кучли туртки беришига ишонаман. Улар қисқа вақт ичида улкан тизимли ишларни амалга оширди ва жорий йилда бу жараённи мантиқий якунга етказади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech