Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ПИнинг 153-Ассамблеясида қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсатининг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси намоён этилди

Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида ўтказилган умумий дебатлар инклюзивлик, ишонч ва барча учун имкониятлар орқали самарали бошқарувни мустаҳкамлаш ва жамиятлар имкониятларини кенгайтириш мавзусига бағишланди.

Давлат институтларига ишончни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, тенг имкониятларни таъминлаш ҳамда парламентларнинг аҳоли ҳаётида аниқ ва ижобий ўзгаришларга эришишдаги ролини кучайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз чиқишида ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсатининг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини намоён этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон илгари сурган ташаббуслар парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат функцияларини аҳоли эҳтиёжларига янада яқинлаштиришга қаратилган. Хусусан, қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик ва маҳаллий вакиллик органлари фикрини тўлалигича инобатга олиш, давлат дастурлари ва бюджетларни тенг имкониятлар нуқтаи назаридан баҳолаш, парламент назоратини эса қабул қилинган қарорларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижаларига йўналтириш таклифлари билдирилди.

Дебатларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг  қабул қилинган "Ижтимоий ривожланишда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида"ги резолюциясига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжат парламентларнинг ижтимоий ривожланиш, тенг имкониятлар ва инсон фаровонлигини таъминлашдаги масъулиятини кучайтиришга қаратилганига урғу берилиб, уни амалга оширишда парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Nashr sanasi 07.10.2026 Ko'rishlar 259
Ulashish