МУСТАҚИЛЛИК: ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

«2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда».

 

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 1 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шундай деб таъкидланган. Қарорга мувофиқ, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда.

Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, юртимизни ҳар томонлама эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантиришдаги аҳамияти улкан, моҳияти эса беқиёсдир.

Президентимиз қарорида эътироф этилганидек, “Айнан миллий мустақиллик эл-юртимиз учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб келмоқда”.

Айниқса, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш йўлида ғоят муҳим натижаларга эришилмоқда. Бунда дастлаб Ҳаракатлар стратегияси, эндиликда Тараққиёт стратегияси  асосий дастуриламал бўлмоқда.

 

Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари

 

2021 йилги Президент сайловидан сўнг мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва сайлов жараёнида ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз.

Ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун 2022 йилга – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном берилгани бежиз эмас. Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлаш деганидир.

“Инсон қадри” тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида қамрайди. Бинобарин, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ва самарадор ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг юксак эътирофи бўлди. 2021 йил 1 январдан буён мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди.  Ўзбекистон вакили бу юксак лавозимдаги вазифаларини 2022 йилдан бажаришга киришди.

Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда  сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.

 

Ўзбекистон Президентининг халқаро-ҳуқуқий ташаббуслари

 

Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ва фаол ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда.

Бу фикрларни Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар асосида кейинги 5 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилингани яққол исботлаб турибди.

Булардан биринчиси – БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси;

иккинчиси – давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;

учинчиси2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинишига хизмат қилган резолюция;

тўртинчиси – Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва 2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси;

бешинчиси – 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюция.

олтинчиси – 2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюция кўриб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди.

Президент Шавкат Мирзиёев минтақамизнинг жадал ривожланиш истиқболлари ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини стратегик жиҳатдан теран кўра билгани туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий-цивилизациявий алоқаларни тиклаш ташаббусини илгари сурди.

Бу ташаббус – Ўзбекистон кейинги 5-6 йил давомида изчиллик билан илгари сураётган ва жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаётган, янада муҳими, амалиётга теран татбиқ этилаётган халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги ташаббусларининг узвий давомидир.

Бу ташаббус – Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантиришга қаратилган тарихий ва маърифий,  илмий ва амалий, изчил ва мантиқий, истиқболли ва самарали, содда қилиб айтганда, ҳар томонлама мағзи тўқ дастуриламал ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия – амалда

 

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги қоидалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топган. Мамлакатимиз қўшилган халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда.

Жорий йил февраль ойида ана шундай иккита даврий маъруза эшитилди. Булардан бири – БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ижроси бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузаси бўлса, кейингиси – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бўйича Учинчи миллий ҳисоботдир.

          Шу кунларда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси ҳамда Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси Ўзбекистон Даврий маърузалари юзасидан тақдим этган тавсияларини амалга ошириш учун Миллий ҳаракатлар режалари лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазирлик идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи 331 та компанияни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги қамровдор ва тизимли ислоҳотлар самарасидир.

Яна бир муҳим амалий натижа – Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани бўлди. Айни вақтда Миллий стратегияни амалга ошириш ишлари изчил давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 62 банди бўйича ижро муддати якунланган. Миллий стратегия билан жами 12 та кодекс ва 33 та қонун ҳужжатларини қабул қилиш назарда тутилган.

Шундан 5 таси янги кодекслар, 20 таси янги қонун ҳужжатлари, 7 таси янги таҳрирдаги кодекслар ва 9 таси янги таҳрирдаги қонунлардир. Шунингдек, Миллий стратегия тадбирлари доирасида 8 та халқаро шартномаларни ратификация қилиш белгиланган. Уларнинг 3 таси бугунга қадар ратификация қилинган.

Ҳозирги кунда 2 та кодекс Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 11 та қонуни қабул қилинган. Бундан ташқари, 10 та янги қонунни қабул қилиш жараёни жадал бормоқда.

 

Конституциявий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари

 

Мамлакатимизда қизғин давом этаётган конституциявий ислоҳотларнинг бош ғояси “Барпо этилаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати – ҳамма нарсадан устун!” тамойилидир. Конституция моддаларида:

  • “Миранда қоидаси”,
  • “Хабеас корпус” институти,
  • фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш,
  • товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши,
  • тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олиш ҳуқуқи,
  • эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши,
  • ернинг хусусий мулк бўлиши,
  • аёллар, болалар, ёшлар ва нуронийлар, мигрантлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши батафсил мустаҳкамланмоқда.

Инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизми Конституция даражасида такомиллаштирилмоқда. Экологик ҳуқуқлар ҳимояси Конституцияда илк бор ўз ифодасини топмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.  

 

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech