Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

2030 йилга бориб, дунёда 11 миллиондан ортиқ тиббиёт ходими етишмаслиги мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, глобал кексайиш тенденцияси туфайли 2030 йилга бориб, дунё бўйича 11,1 миллион нафар тиббиёт ходими етишмаслиги прогноз қилинмоқда.

Хусусан, 67 та мамлакатда шифокор ва ҳамширалар танқислиги сабабли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг ҳозирги даражасини сақлаб қолиш қийинлашиши мумкин. Ушбу давлатларда келгуси ўн йил ичида ҳар уч нафар шифокордан бири пенсияга чиқиши кутиляпти.

Муаммо, айниқса, юқори даромадли мамлакатлар, жумладан, Европанинг кўплаб давлатларида жиддий тус олиши айтилмоқда. Чунки бу ҳудудларда катта ёшли тиббиёт ходимларининг улуши нисбатан юқори.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, аҳолининг соҳа кадрлари билан ҳозирги таъминланганлик даражасини сақлаб қолиш учун қайд этилган 67 мамлакатда қўшимча 832 минг нафар тиббиёт ходимига эҳтиёж мавжуд.

Бу эса хорижлик тиббиёт мутахассисларига бўлган талабни ошириб, кам даромадли мамлакатлардан малакали кадрлар оқимини кучайтириши мумкин. Оқибатда ушбу давлатларда тиббий хизматлар сифати пасайиши тахмин қилинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ тегишли ҳукуматларни тиббиёт кадрлари танқислигини камайтириш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

М.Қосимова, ЎзА

Nashr sanasi 24.09.2026 Ko'rishlar 29
Ulashish