“Яшил макон” лойиҳаси ва чўлланиш ҳамда қурғоқчиликка қарши кураш истиқболлари

17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва

қурғоқчиликка қарши кураш куни

 

Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 30 январда таъсис этилган. Ушбу халқаро сана БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинган кун муносабати билан танланган.

Ўзбекистон минтақадаги давлатлар орасида биринчилар қаторида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенциясига аъзо бўлган. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо ҳисобланади.

Қурғоқчилик – экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг даҳшатли табиий офатлардан биридир. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.

Ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик айниқса шиддатли тус олмоқда. Бундай ташвишли ҳолат 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 млн кишига таъсир қилади. Энг ачинарлиси, 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошлаб юборилган. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда. Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон БМТ томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди.

Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, бутун дунёда “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш  ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.

Халқаро ҳамжамият ҳақли эътироф этганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.

Кейинги даврда Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини  кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга  ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.

Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати  тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор. Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш – инсонни асраш демакдир”.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифалар амалга оширилди.

Ўзбекистон ҳар йили Наврўз байрами арафасида кўчат экиш учун "Марказий Осиё яшил белбоғи" минтақавий акциясини ўтказишни таклиф этди. Бундан мақсад кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Зеро, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. 

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини 2022 йил 10 июнь куни, яъни 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни арафасида қабул қилгани бежиз эмас, Айни эзгу интилиш ерлар деградациясига қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари уйғунлигидан далолат беради.

Бу ҳақда сўз борганда, Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 22 апрель куни Остона шаҳрига ташриф буюриб, Минтақавий экологик саммитида  иштирок этгани ва сўзга чиққанини таъкидлаш лозим. Бинобарин, давлатимиз раҳбари ушбу нутқида минтақамиз экологиясини яхшилашга оид бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради.

Глобал экологик бирдамлик заифлашаётгани чуқур хавотир уйғотмоқда. Декларациялар ва даъватлар ресурслар билан мустаҳкамланмаяпти. Глобал иқлим ўзгаришига энг кам таъсир кўрсатаётган мамлакатлар унинг оқибатлари билан яна яккаю ёлғиз қолмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши даражасига кўтаришга муваффақ бўлди. “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби” минтақавий дастури, Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ҳамда Барқарор ривожланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастури ишлаб чиқилди, тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, Остона форумида “Марказий Осиё экологик бирдамлиги” декларацияси, шунингдек, БМТ тузилмалари билан яқин шерикликда амалга ошириладиган, 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурининг қабул қилингани бу борадаги умумий ишга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Форумда Президентимиз, жумладан, Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом беришни таклиф этди. Ушбу Марказ базасида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерларнинг деградацияси ҳамда туз ва чангли бўронларни мониторинг қилиш бўйича кучли тизимни яратиш имконини беради.

Яна бир муҳим ташаббус – Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш ҳам минтақамиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари уқтиришича, бу атлас минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланади.

Давлатимиз раҳбари 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Шунингдек, Президентимизнинг 25 мартда қабул қилинган “«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Президентимиз, шунингдек,  1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.

Хулоса ўрнида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги бир қатор мақсадлар айни соҳадаги муаммолар ечимига қаратилганини қайд этиш даркор. Ушбу Стратегияни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижроси доирасида мазкур йўналишда изчил ишлар олиб борилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech