Адвокатнинг юридик хизмат ходими сифатидаги фаолиятига оид нормалар Конституцияга тўла мос келади
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида яқинда муҳим конституциявий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган иш юзасидан қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошиси Конституциянинг 29, 65 ва 141-моддаларига мувофиқ, деб топилди. Мазкур иш бўйича Конституциявий суд ҳузуридаги илмий маслаҳат кенгаши раисининг ўринбосари, ТДЮУ Тадқиқот маркази бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз фикрларини билдирди:
– Ишнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда адвокатларнинг давлат органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида шартномавий-ҳуқуқий асосда фаолият юритишига рухсат берилиши, аммо хусусий сектор субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият юритиши назарда тутилмаганлиги Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳоланди.
Қарор нафақат адвокатура институтининг ҳуқуқий табиатини, балки малакали юридик ёрдам ҳуқуқи, мулк шаклларининг тенглиги ва давлат хизмати тушунчасининг мазмунини ҳам аниқлаштириб берди.
Шу ўринда мурожаатнинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтсак. Масаланинг Конституциявий судга чиқишига «Force of justice» адвокатлик бюроси мурожаати асос бўлди. Ушбу мурожаат асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Конституциявий судга расмий мурожаат киритди.
Конституциявий суд аслида бир қарашда содда кўринган, аммо ҳуқуқий жиҳатдан мураккаб бўлган қуйидаги саволга жавоб бериши лозим эди: Адвокатларга давлат ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи, аммо хусусий ташкилотлар ҳақида сукут сақлаган норма хусусий сектор субъектларининг ҳуқуқларини чеклайдими? Бу саволга жавоб бериш учун суд, аввало, баҳс марказидаги норманинг ҳақиқий ҳуқуқий мазмунини аниқлади.
Конституциявий суднинг асосий хулосаларидан бири шундан иборатки, қонуннинг мазкур нормаси адвокатнинг давлат ташкилотларида юридик хизмат ходими сифатида шартномавий-ҳуқуқий асосда фаолият юритиши мумкин бўлган истисно ҳолатни белгилайди, холос. Бу норма адвокатнинг бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини чекламайди.
Суд «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 1,5,6,9¹-моддалари нормаларини тизимли таҳлил қилиб, адвокатлар ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиши мумкинлигини таъкидлади.
Шу сабабли, хусусий компаниялар, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари адвокатлар хизматидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилмаган.
Суднинг фикрича, баҳслашилаётган норма хусусий субъектларнинг адвокат билан шартнома тузиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди ва шунинг учун Конституциянинг 29-моддасида назарда тутилган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини чекламайди.
Ишнинг марказий масалаларидан бири – Конституциянинг 65-моддасида мустаҳкамланган барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши принципининг мазмуни билан боғлиқ бўлди. Мурожаатчи давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматида адвокатлар шартномавий-ҳуқуқий асосда фаолият юритиши мумкинлиги, хусусий сектор субъектлари учун эса бундай имконият назарда тутилмаганлигини мазкур конституциявий принципга зид, деб баҳолаган.
Конституциявий суд мазкур масалани Конституцияга мувофиқлигини аниқлаштириш сўралаётган норма мазмуни ҳамда «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг бошқа нормалари билан узвий боғлиқликда таҳлил қилди. Суднинг қайд этишича, мазкур норма хусусий мулкка асосланган юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг адвокатлар билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш ҳуқуқини чекламайди ҳамда уларни адвокатларнинг ҳуқуқий хизматларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этмайди.
Суд адвокатлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиши мумкинлигини эътироф этган ҳолда, Конституцияга мувофиқлигини аниқлаштириш сўралаётган норма хусусий сектор субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш имкониятларини чекламаслигини таъкидлади.
Шу муносабат билан Конституциявий суд мазкур норма хусусий мулк субъектларини давлат ташкилотларига нисбатан тенг бўлмаган ҳуқуқий ҳолатга қўймайди, деган хулосага келди. Натижада Конституцияга мувофиқлигини аниқлаштириш сўралаётган норма Конституциянинг барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кафолатланган 65-моддаси талабларига зид эмас, деб топилди.
Иш муҳокамасида яна бир муҳим масала – адвокатнинг давлат хизматида бўлишига оид тақиқнинг мазмуни бўлди. «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас. Шу муносабат билан савол туғилди: давлат ташкилотининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият юритиш давлат хизмати ҳисобланмайдими?
Конституциявий суд бу масалага аниқ жавоб берди. Судга кўра, баҳс қилинаётган норма меҳнат шартномасига эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий шартномага асосланган муносабатларни назарда тутади. Бундай муносабатларда адвокат ташкилот ходими мақомини олмайди, ички меҳнат тартибига бўйсунмайди ва ўз мустақил ҳуқуқий мақомини сақлаб қолади. Шу сабабли, бу ҳолат давлат хизмати ҳисобланмайди ва қонундаги тақиқни четлаб ўтиш сифатида баҳоланиши мумкин эмас.
Мазкур ҳуқуқий позиция келгусида давлат хизмати ва мустақил юридик хизмат кўрсатиш ўртасидаги чегараларни белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Ишни кўриб чиқиш жараёнида Конституциявий суд ҳузуридаги илмий маслаҳат кенгаши аъзолари томонидан ҳам турли нуқтаи назарлар билдирилди. Хусусан, юридик адабиётлар адабиётлар ва халқаро тажриба таҳлили асосида давлат ва хусусий сектор учун турлича ҳуқуқий режимнинг конституциявий асослари, адвокатлик мустақиллиги ва малакали юридик ёрдам ҳуқуқининг мазмуни атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларида юридик хизматни ташкил этиш қонунчилик билан мажбурий тарзда назарда тутилгани ҳамда бу уларнинг оммавий-ҳуқуқий вазифалари билан боғлиқ эканлиги қайд этилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари эса ҳуқуқий мақоми ҳамда фаолият хусусиятларига кўра бошқача ҳуқуқий режимга эга бўлиб, улар учун бундай талаб белгиланмаган. Шу муносабат билан, Конституцияга мувофиқлиги аниқланаётган норма давлат ва хусусий мулк субъектларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият хусусиятларидаги объектив фарқлардан келиб чиққан ҳолда белгилангани, шу боис, уни Конституциянинг 65-моддаси талабларига зид деб баҳолаш учун етарли ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Қарор бир неча муҳим конституциявий-ҳуқуқий позицияларни шакллантирди. Биринчидан, Конституциявий суд Конституциянинг 141-моддасида назарда тутилган адвокатуранинг вазифасини жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатишдан иборат, деб талқин қилди. Суднинг қайд этишича, адвокатура мазкур конституциявий вазифани адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида амалга оширади ва Конституцияга мувофиқлиги аниқланаётган норма ушбу вазифанинг рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилмайди.
Иккинчидан, Конституциянинг 29-моддасида кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи адвокат билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш имконияти орқали таъминланади ва у адвокатнинг муайян ташкилот ходими мақомига эга бўлиши билан боғлиқ эмас.
Учинчидан, Конституциявий суд Конституцияга мувофиқлиги аниқланаётган норма хусусий мулкка асосланган юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг адвокатлар билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш ҳамда уларнинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини чекламаслигини қайд этди. Шу сабабли, мазкур норма Конституциянинг барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кафолатланган 65-моддаси талабларига зид эмас, деган хулосага келди.
Тўртинчидан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматида шартномавий-ҳуқуқий асосда фаолият юритиш меҳнат муносабатлари эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар доирасида амалга оширилади. Шунинг учун бундай фаолият давлат хизмати ҳисобланмайди ва адвокатнинг мустақил ҳуқуқий мақомига путур етказмайди.
Бешинчидан, Конституциявий суд мазкур норма ҳуқуқларни чекловчи хусусиятга эга эмаслиги ва адвокатуранинг конституциявий вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилмаслиги ҳақидаги ҳуқуқий позицияни шакллантирди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциявий суднинг мазкур қарори адвокатура институтининг ҳуқуқий мақомини, малакали юридик ёрдам ҳуқуқининг мазмунини ва мулк шаклларининг тенглиги принципининг конституциявий мазмунини аниқлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Суд ҳуқуқий нормани унинг ҳақиқий мазмуни ва қонунчилик тизимидаги ўрнидан келиб чиққан ҳолда баҳолаб, формал эмас, балки тизимли конституциявий талқин усулини қўллади.
Н.Абдураимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский