Янги Ўзбекистоннинг судларни адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган шиддатли ислоҳотларига бир назар

5 май куни пойтахтимизда “Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судлов: рақамли трансформация ҳамда илғор тажрибалар сари интеграция” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир Одил судлов академияси томонидан ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг суд-ҳуқуқ таълими муассасалари, прокуратура органлари ҳузуридаги академиялар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирок этдилар.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи вазифасини бажарувчи С. Самадов сўзга чиқди. У ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кадрлар тайёрлашга сифат жиҳатидан янги ёндашувни талаб этаётганини таъкидлади ҳамда рақамли трансформация, ортиб бораётган профессионал стандартлар ва кенгайиб бораётган халқаро ҳамкорлик шароитида самарали фаолият юрита оладиган кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Халқаро форум тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи самарали мулоқот майдони бўлди. Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Ушбу нутқ матни қуйида ҳавола этилмоқда.

 

-  Кейинги 10 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси негизида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича янги концепция изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу қисқа даврда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасидаги ислоҳотларини амалга оширишга қаратилган 25 та ҳужжат – Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани улкан аҳамиятга эга..

Жумладан, “Ҳаракатлар стратегияси” асосида 2017-2021 йилларда кўпгина муҳим ишлар қилинди. Конституцияга ва қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Судьяларни танлаш тизими тубдан ўзгартирилди. Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, унинг конституциявий мақоми белгилаб қўйилди.

2017 йил 6 апрелда Конституциянинг 7 та моддасига киритилган тузатишларда қуйидаги 3 та устувор вазифа:

биринчидан, фуқароларнинг  ҳуқуқ  ва эркинликларини  ишончли  ҳимоя  қилиш  кафолатларини  кенгайтириш;

иккинчидан, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;

учинчидан, номзодларни  танлаш  ва  судьялар  лавозимларига  тайинлаш  тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ  соҳасида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур конституциявий ўзгартиришлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддасига 2017 йил 6 апрелда тегишли ўзгартиш киритилиб, Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи лавозимида имзолаган илк ҳужжати ҳам айнан суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларига қаратилганди. Бу ўринда Президентимиз томонидан 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳақида сўз бормоқда.

Фармонга мувофиқ, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришни, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишни янги сифат босқичига кўтарди.

Чунки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида қуйидаги учта асосий устувор йўналишни: суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш; одил судловга эришиш даражасини ошириш йўналишларини белгилаб берди.

Шу асосда Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни янги босқичга кўтаришга киришилди.

Давлат раҳбари 2017 йил 13 июнда мамлакатимиз судьялари билан учрашувда уларнинг олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талабни қўйди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари: «Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адл қасри, яъни адолат қўрғони бунёд эт», деб йўл-йўриқ кўрсатиб кетганига яна бир бор эътибор қаратилди.

Чиндан ҳам, бу мисралар Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган: «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак», деган ғоя билан ниҳоятда уйғун ва ҳамоҳанг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони далиллар мақбуллиги масаласини аниқлаштиришда муҳим қадам бўлди.

Эндиликда агар далиллар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини чеклаш йўли билан ёхуд  Жиноят-процессуал кодекснинг талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим».

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларнинг изчил ҳамда мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Фармон ижроси доирасида аввало суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов сифатини ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилди. Ушбу Фармон билан судьяликка номзодларни танлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди ва судьяларнинг ваколат муддатлари ўзгартирилди.

Янги Ўзбекистон суд тизимидаги шиддатли ўзгаришларни учта мезон – тизимдаги аввалги ҳолат, ҳозирги ҳолат ва эришилган натижа ҳақидаги маълумотлар негизида таҳлил этиш мақсадга мувофиқ.

Биринчи муҳим ўзгариш: туб ислоҳотлар бошланишига қадар мамлакатимизда бир-биридан мустақил бўлган – Олий суд ва Олий хўжалик суди фаолият юритиб келган. 2017 йил 1 июнда Олий суд ва Олий хўжалик суди ягона суд ҳокимияти – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Натижада, аввало, ягона суд амалиёти таъминланди, қолаверса, бир-бирини такрорловчи функциялар мувофиқлаштирилди.

Иккинчи муҳим ўзгариш: илгари оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан ҳал қилинган. Эндиликда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўрадиган махсус – маъмурий судлар ташкил этилди.

Бунинг натижасида, биринчидан, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши янада кенгайтирилди. Иккинчидан, ягона маъмурий суд амалиёти шакллантирилди. Учинчидан, Олий суд Пленуми қарорлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мувофиқлаштирилди.

Учинчи муҳим ўзгариш: яқин вақтларгача инвестициявий низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан барча суд босқичларида ҳал қилинган. 2021 йил 1 январда Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид махсус судлов таркиби ташкил этилди. Ушбу судлов таркиби инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бевосита шуғулланмоқда.

Бу ўринда 2018 йилда “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизими жорий этилганини алоҳида қайд этиш зарур.

2018 йил декабридан суд қарорлари Интернет тармоғида эълон қилинмоқда.

2019 йил январидан Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга тушди.

2019 йил майидан “Электрон тўлов тизими” жорий этилди. У суд харажатларини онлайн тўлаш имконини бермоқда.

Ўз навбатида, 2021 йил октябридан суд хабарномаларини электрон тақдим этишга ўтилгани муносабати билан суд мажлиси санаси ва вақти ҳақидаги суд чақирув қоғозларини онлайн тарзда олиш мумкин бўлмоқда.

Ижро варақаларини электрон шаклда ижрога юбориш тартиби татбиқ этилди. Бу эса меҳнат сарфини 9 баробаргача қисқартириш имконини бермоқда.

Ишларни судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш модули ишга туширилди. Бу, ўз навбатида, ишларни холислик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида инсон омилисиз тақсимлашга кенг йўл очди.

Судларда ишларни электрон кўринишда шакллантиришга ўтилди. Натижада айни соҳадаги меҳнат сарфи 5 баробаргача қисқартирилди.

Даъво аризаси ва ариза намуналарининг электрон шакллари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида Олий суд порталига жойланди. Натижада адвокатлик хизматлари учун сарфланадиган маблағлар тежалмоқда.

2020 йил октябрида судлар фаолиятига мобил видеоконференцалоқа тизими жорий этилди.

Суд ва ички ишлар идоралари ўртасида электрон ҳамкорлик ўрнатилди. Бундай ҳамкорлик туфайли маъмурий ишларнинг онлайн тарзда марказлашган ҳолда назорат қилиниши таъминланмоқда.

2020 йил октябрида маҳбусларни суд мажлисларида масофадан туриб иштирокини таъминлашга ўтилди.

2021 йил сентябридан профилактика инспекторларининг масофадан туриб судда иштирок этиши йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд инстанцияларининг камайиши ва назоратнинг тўлиқ бекор қилинишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Фармон ижроси доирасида бир қатор муҳим натижаларга эришилди.

Биринчи натижа: суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари 3 тагача камайтирилди.

Иккинчи натижа: суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тўлиқ тугатилди.

Учинчи натижа: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошмоқда. Илгари судларда қуйидаги 7 та босқичда:  Биринчи инстанция (туман, шаҳар);  Апелляция ёки кассация инстанцияси (вилоят);  Вилоят суди Раёсати;  Олий суд судлов ҳайъати;  Олий суд назорат инстанцияси;  Олий суд Раёсати; Олий суд Пленуми босқичларида ишлар кўрилган.

Шу негизда одил судловга оид халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Яъни, биринчи инстанция, апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар ва кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлган “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида:

биринчидан, судларнинг фаолияти юзасидан турли брифинг, матбуот анжумани ва учрашувлар ўтказиш;

иккинчидан, жамоатчилик эътиборига тушган ишлар судларда кўрилишида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокини таъминлаш;

учинчидан, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд фаолиятига дахлдор ахборотлар, воқеликлар, турли маълумотларни онлайн режимда жойлаштириш;

тўртинчидан, телеграм-бот каналлар очиб, унда аҳолига суд фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг судларга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Айни йўналишда Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлди. Унда бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналишдаги мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Тараққиёт стратегияси 100 та устувор мақсадни ўзида мужассам этган бўлса, шундан суд ислоҳотлари билан боғлиқ бандлар бевосита иккинчи йўналиш доирасида белгиланди. Хусусан, “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш” номли 15-мақсадга эришиш учун бир қатор вазифалар изчиллик билан амалга оширилди.

Президентимиз томонидан 2023 йил 21 декабрда “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарор асосида 2024 йил 1 февраль ойида оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган “Оила судьялари” ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан суд тизимига сунъий интеллект (СИ) технологияларини жорий этиш, техник инфратузилмани янгилаш ҳамда одил судлов сифатини ошириш белгиланди.

Бунда сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва харажатларини олдиндан ҳисоблаш, ҳужжатларни автоматик таҳлил қилиш ва мажлисларни рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш кўзда тутилган.

Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга оид устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фармон асосида, айниқса, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллангани алоҳида диққатга сазовор.

Академия бугунги кунда “устоз-шогирд” анъанаси асосида таълим бериб, бўлажак судьяларни назария ва амалиёт уйғунлигида тайёрламоқда. Судьяликка номзодлар олти ойлик касбий тайёргарлик курсларида давлат гранти асосида ўқитилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан суд соҳасини рақамлаштириш асосида “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди. У фуқаролар ва тадбиркорларга “контактсиз суд” орқали адолатли ва қулай хизмат кўрсатишни кўзлайди.

Шунингдек, судларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида майда қарздорликлар, коммунал тўловлар каби низосиз ишлар нотариуслар ваколатига ўтказилиши режалаштирилган. Бу судлар эътиборини мураккаб низоларни ҳал этишга қаратишга имкон беради. Маъмурий ва иқтисодий ишларда экстерриториал судлов тизими жорий этилиб, фуқароларга истаган ҳудуд судига мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.

Судьялар олий кенгаши фаолияти ҳам такомиллаштирилди. Яъни, судьяларни муддатсиз тайинлаш, танлов жараёнига судьялар ҳамжамиятини жалб этиш, холислик ва мустақилликни таъминлаш чоралари кучайтирилди.

Яна бир муҳим қадам: Президентимиз 2025 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад мамлакатимизда конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада оширишдир.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech