Покистон ОАВ: Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси инсон ҳуқуқлари, демократия, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган давлат қуриш йўлларини очиб берди
ИСЛОМОБОД, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Daily The Spokesman” газетаси ва “Islamabadpost” электрон нашрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги конституциявий ўзгаришлар мазмун-моҳиятини мухтасар таҳлил этадиган бўлсак, мазкур жараёнда халқнинг кенг иштироки – конституциявий ислоҳотларнинг биринчи ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Кенг жамоатчилик иштироки ва мазмунли мунозаралар таъминланган очиқ ва эркин жамоатчилик муҳокамасидан кейингина Конституцияга тегишли ўзгартиришлар ишлаб чиқилди.
“Янгиланган Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақоми белгиланган. Париж принциплари, Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури тавсияларига мувофиқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ташкил этилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар яратилди. Конституциявий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақомини мустаҳкамлаган тўртинчи (Мексика, Марокаш ва Мисрдан кейин) давлатга айланди”, – дейилган мақолада.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия амалга оширилмоқда. Ушбу Стратегияда конституциявий шикоят институтини жорий этиш, Конституциявий судда масалаларни кўтариш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш вазифалари ҳам қамраб олинган.
Ҳозирда 2030 йилгача мўлжалланган янги Стратегия ишлаб чиқилмоқда. Унда янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳисобга олган ҳолда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш устувор йўналиш бўлади.
Академик Акмал Саидов қайд этганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Чунки, Ўзбекистон Конституциясида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
Нашрда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2025 йилда ўзининг ўттиз йиллигини нишонлаётгани маълум қилинган. Таъкидлаш жоизки, 1990 йилдаёқ, бундан 35 йил олдин Ўзбекистон Республикасида конституциявий назорат тўғрисидаги биринчи қонун қабул қилинган ва Конституциявий назорат қўмитаси ташкил этилган эди.
Конституциявий суднинг ўттиз йиллиги муносабати билан "Конституциявий суд тўғрисида"ги Конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришларни ҳам таъкидлаш лозим, зеро айни янгиланишларнинг пойдевори 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар асносида қўйилган эди. Энг муҳими, Конституциявий суд мақоми ва тартиб-таомиллари масалаларига тааллуқли ўзгартиришлар кўп йиллик миллий амалиёт ва ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Шундай қилиб, Конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришлар натижасида тугатиш принципи шикоятни иш юритишга қабул қилишга ёндашувнинг асоси этиб белгиланди. Унга кўра, шикоятни иш юритишга қабул қилиш учун аризачи суд ҳимоясининг барча ички давлат воситаларини тугатиши лозим бўлади.
Муаллиф хулосасида ёзганидек, “Конституция – доимо ҳаракатдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат. Яъни, у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс эттиради. Ҳозирги кунда конституциявий ватанпарварликни шакллантириш – устувор вазифа”.
Ўзбекча
English
Русский