Конституциявий шикоят институтининг ривожланиш тенденциялари минтақа кўламида таҳлил этилди

Жорий йил 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони асосида ишлаб чикилган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилди.

Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон Қирғизистон, Тожикистон Конституциявий судларининг делегациялари, Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, олимлар, Самарқанд вилояти суди судьялари, СамДУ ҳуқуқшунослик факультети профессор-ўқитувчилари ва ОАВ вакиллари – жами 60 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов кириш сўзи билан очди. Европа Кенгаши Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) президенти Клер Бази-Малори ўз видеомурожаати орқали конференция иштирокчиларини қутлади.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова сўзга чиқди.

Шунингдек, Венеция комиссияси экспертлари – Франция Конституциявий Кенгаши аъзоси Франсуа Сенер, Грузия Конституциявий судининг собиқ раиси Георге Папуашивили, Молдова Конституциявий судининг собиқ раиси Александру Тэнасе, Австрия Конституциявий судининг Халқаро алоқалар бўйича директори Ральф Бокл, Босния ва Герцеговина Конституциявий судининг вице-президенти Златко Кнезевич маърузалари тингланди.

Сўзга чиққанлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг талқин этдилар. Жумладан, мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсати, Марказий Осиё мамлакатлари билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли, дўстона ва қардошларча ҳамкорликни кучайтиришга қаратилаётган эътибор анжуман иштирокчилари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамияти юқори баҳоланди. Асосий қонуннинг 132 ва 133-моддаларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада самарали ташкил этиш, унинг ваколатларини кенгайтиришга оид нормалар ўз аксини топгани, хусусан, илк бор конституциявий даражада белгиланган конституциявий шикоят институти жорий этилгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда конституциявий одил судловнинг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришда беқиёс ўрин тутиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди маълум қилганидек, анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари Конституциявий судларида конституциявий шикоят институтининг ривожланиш тенденциялари, миллий амалиёт ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида доимий учрашувлар, давра суҳбатлари ва халқаро конференциялар ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

Венеция комиссияси ҳамкорлигида хорижий тажрибани ўрганиш учун Конституциявий суд судьялари ва ходимларининг чет элларга хизмат сафарларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган таклиф илгари сурилди.

Халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Тожикистон Республикаси Конституциявий суди ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2013 йилдан буён Демократияга ҳуқуқ орқали Европа комиссияси (Венеция комиссияси) аъзоси ҳисобланади. Венеция комиссияси айни вақтда Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференциясининг котибияти вазифасини бажариб келмоқда.

Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси 2011 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда 112 мамлакатнинг конституциявий назорат органларини бирлаштиради ва конституциявий одил судлов соҳасидаги энг юкори даражали анжуман ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ушбу халқаро ташкилотга 2013 йилда аъзо бўлган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech