Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОН БУЮК АЖДОДЛАРИ ШОН-ШУҲРАТИНИ АСРАБ-АВАЙЛАЙДИГАН ВА УЛУҒЛАЙДИГАН ДАВЛАТ

Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар халқаро экспертлар ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб турибди.

Халқаро сиёсатшуносларнинг айтишича, мамлакатимиздаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг сиёсий юксалиши, ўзбек халқининг стратегик тафак кури ўзгараётганидан далолат беради. Асосий қонуннинг демократлашуви кейинги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган ислоҳотлар доирасида мамлакатимизнинг улкан мақсад ва вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Грегори КОПЛИ,

“Defense & Foreign Affairs” (DFA) таҳлилий гуруҳи раҳбари ва Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциацияси (ISSA) президенти (АҚШ):

— Давлат Конституциясининг  таърифидан кўра, жиддийроқ масала бўлиши мумкин эмас. Бу номаълум келажакдаги воқеаларнинг ҳақиқий қоидаларини аниқлашда ҳар қандай мамлакат аҳолиси томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган энг жиддий узоқ муддатли қарор бўлади. Шунинг учун Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган референдум нафақат мамлакат фуқаролари, балки минтақа ва бутун дунё учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон Конституцияни ўзгартириш учун ҳақиқатан ҳам дадил қадамлар ташламоқда ва бу ўзгаришларни шакллантиришда бутун аҳоли иштирок этаётир.

Биз ушбу жараённи диққат билан кузатиб боряпмиз. Бундан ташқари, бугунги кунда дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари ўз Конституцияларини қайта кўриб чиқмоқда. Бу орқали эса келажакка тайёргарлик кўрилмоқда, чунки келажакка бугундан пойдевор қўйилади.

Людовит ЧЕРНАК,

“Sitno Holding” компанияси президенти, Словакиянинг собиқ иқтисодиёт вазири, Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули:

— 16 йилдан бери  Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули бўлиб ишлаяпман.  Фахрий консул сифатида фаолият юритган йилларим давомида Словакия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши қанчалик ортиб бораётганини кўриб турибман. Айниқса, сўнгги 2-3 йилда Словакия компаниялари ва тадбиркорларининг ўзлари Ўзбекистон билан турли лойиҳалар ҳамда қўшма тадбирларни муҳокама қилиш учун мулоқотга киришмоқда.

Ўзбекистон ўз тараққиётида тўғри қадам ташламоқда — самарали иқтисодий ислоҳотлар амалга ошириляпти, хорижий инвесторларга кенг имкониятлар тақдим этиляпти, шунингдек, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Барқарорлик ва яратилган ҳуқуқий муҳит нуқтаи назаридан мамлакат Конституциясини ўзгартириш таклифини юқори баҳолайман ва бу ташаббус референдум давомида аҳоли томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишига умид билдираман.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонни минтақада етакчига айлантирмоқда ва мен Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам бундан ўрнак олади, деб ўйлайман. Чунки бундай ўзгаришлар фуқароларга фойда келтиради, шунингдек, хорижий инвесторлар учун янги эшиклар очади.

Доменико ЛЕТИЦИА,

“La Ragione” газетаси мухбири, геосиёсат бўйича эксперт (Италия):

— “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакат “суверен, демократик ва ижтимоий ҳуқуқий давлат” сари йўл олгани ва бу тамойилларни ўзгартириб бўлмаслигини тасдиқлайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликнинг олдини олиш бўйича бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олишини мустаҳкамлаб қўймоқда. Мамлакатда ҳар бир фуқаро уй-жой олиш ҳуқуқига эга бўлиб, давлат томонидан янги, замонавий ва экологик тоза уй-жойлар қурилишини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш борасида муҳим сиёсат олиб борилмоқда.

Иқтисодиётни ривожлантиришга келсак, ислоҳот эркин бозорни шакллантириш учун мустаҳкам замин яратиш, тадбиркорлик фаолиятни кафолатлаш, инвестициялар ва бизнес учун қулай муҳитни таъминлаш, адолатли рақобат учун шарт-шароит яратиш, адолатли солиққа тортиш тизимини шакллантириш ва  давлатнинг монополия фаолиятини чеклашга қаратилган.

Татьяна МЮЛБАЙЕР,

кинопродюсер (Эстония):

— Конституцияда фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, биринчи навбатда, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида давлат зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатилган ижтимоий давлат тамойиллари мустаҳкамланаётганидан хурсандман.

Ёшларга оид давлат сиёсати масалалари Конституциянинг алоҳида бобида мустаҳкамланмоқда. Унда ёшларнинг маданий, маънавий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг ижодий, интеллектуал, жисмоний ривожланиши ва ҳаётда ўзини тўлиқ англаб олиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга давлат масъул этиб белгилаб қўйилаётгани мақтовга лойиқ.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда 18 миллиондан ортиқ ёшлар истиқомат қилаётгани ва 2040 йилга бориб, демографларнинг  ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 25 миллионга етиши мумкин.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонда ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги ва демократик ислоҳотларни давом эттириш йўлининг яна бир тасдиғи бўлади.

Антон ФИНЬКО,

фалсафа фанлари номзоди (Украина):

 — Ўзбекистон айни пайтда замонамизнинг ўта мураккаб ташқи чақириқлари шароитида шаклланаётган ўзгаришларнинг мақбул миллий моделини излаётган давлатдир.

Умумхалқ овозига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасининг афзалликлари, биринчи навбатда, ижтимоий барқарорликни сақлашнинг бирламчи аҳамиятини тушунишдир. Лойиҳа, бир томондан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кенгайтирса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақомини тасдиқлайди. Бу жуда муҳим жиҳат. Зеро, иқтисодиётни либераллаштириш, энг аввало, ишбилармон доиралар томонидан олқишланмоқда. Фуқаролик-сиёсий либераллаштириш, биринчи навбатда, илғор ва ижтимоий фаол миллий зиёлиларнинг умидларига жавоб беради.

Иккинчидан, лойиҳада маҳалланинг фуқаролик жамияти тузилмаси сифатидаги мавқеига ойдинлик киритилиши аҳамиятли кўринмоқда. Шу билан бирга, маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги қайд этилган. Замонавий маҳалла шаҳарнинг ўзини ўзи бошқарадиган маҳалла жамоаси сифатида келажакда маҳаллий даражада ташкил этилаётган демократик жараённи янада ривожлантириш учун катта имкониятларга эга.

Учинчидан, лойиҳада Ўзбекистоннинг дунёвий давлат мақоми тасдиқланиши эътиборга лойиқдир. Ҳеч кимга сир эмаски, бир қатор мамлакатларда турли радикал фаол гуруҳлар жамият олдида монополия ёки диний тафаккур ва этник-маданий танловнинг энг изчил вакили сифатида намоён бўлишга интилмоқда. Шу билан бирга, манипуляция ҳолатларида жамият ҳимоясиз бўлиши мумкин. Дунёвий давлат мақоми эса маънавий ва сиёсий монополияга даъволар кўринишидаги бундай манипуляцияларни тўхтатиш имконини беради.

Тўртинчидан, ҳужжат муқаддимасида, жумладан, Ўзбекистон халқи жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларнинг маданий меросига таяниши қайд этилган. Бу мутлақо тўғри ёндашув. Мирзо Улуғбек,  Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб маънавият нурлари, кўзга кўринган давлат арбобларига бешик бўлган юрт буюк аждодлар шаънини асраб-авайлайдиган, шон-шуҳратини оширувчи давлат сифатида ўзининг миллий ғурурини, жаҳонда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олишга ҳақли.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилиниши тарзидаги навбатдаги демократик ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро фаолиятнинг масъулиятли ва тенг ҳуқуқли иштирокчиси сифатида янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил.

Котаро ОКАДА, Компьютерлаштиришни халқаро рағбатлантириш маркази вакили (Япония):

— Япония “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёни бўйича 30 апрелга белгиланган референдумга тайёргарлик кўрилаётганини катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳар бир инсонни қадрлаш бўйича яхши анъана бор. Бу жиҳатдан Япония ва Ўзбекистон халқлари бир-бирига ўхшашдир. Ўзбекистонда яхши қўшничилик анъаналари сақлаб қолинган ва бу борада давлат томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.

Бундан 40-50 йил олдин Японияда ҳам худди шундай жамият шаклланган эди, қўшнилар ўртасида доимий мулоқот мавжуд эди. Бироқ одамлар тез-тез смартфон ёки ижтимоий тармоқлар орқали бир-бири билан мулоқот қиладиган бугунги Японияда ҳақиқий инсоний мулоқотнинг қадри унутилган. Шу боис, Конституцияда одамлар ўртасидаги мулоқотнинг аҳамиятини, маҳалланинг ўрнини оширишга қаратилган таклиф ва саъй-ҳаракатларни юксак баҳолайман.

Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг яхлитлигини кафолатлаш, аҳолининг кам таъминланган тоифаларини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини кучайтиришга доир ғоят муҳим таклифларни ҳам эътироф этиш керак. Бу жараёнда мулкни рақамлаштириш катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Японияда уй-жой маълумотлари электрон шаклда сақланадиган статистик тизим мавжуд. Шу муносабат билан рақамли жамиятга ўтишда мулкка эгалик ҳуқуқи ва қоидаларини такомиллаштириш  долзарб эҳтиёж саналади.

Айни пайтда рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамиятга ўтиш жараёнида конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакат тараққиётида инсон ҳуқуқларини кафолатлашнинг тегишли тизимини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман.

Адисак ПАНУПОНГ,

Таиланд Адлия институти ректорининг маслаҳатчиси, элчи:

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилингани ва мамлакат Асосий қонунига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши муносабати билан амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақидаги янгиликларни алоҳида қизиқиш билан қабул қилдим.

“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — давлатнинг олий мажбуриятидир” тамойили асосида Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлашда янги босқичга ўтаётганидан далолатдир.

Бўлажак ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаси вакили сифатида таъкидлашни истардимки, таълим олиш ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ўқитувчиларнинг конституциявий мақомига оид ўзгаришлар ҳам Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясига мос келади. Ўйлайманки, бу тажриба бизга махсус тадқиқотлар учун асос бўлиши мумкин.

Жумладан, депутатлар ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик кўрсатиши кераклиги тўғрисидаги қоида — “Ўзбекистон тажрибаси” сифатида келажакда барча ривож ланаётган мамлакатлар учун педагогларнинг ижтимоий мавқеи ва обрўсини янада юксалтиришда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech