БМТ олий комиссари: ҳурфикрлилик муҳитини яратиш муҳим

Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамиятининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун давлат муассасалари керакли шарт-шароит яратиши керак. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Турк 15 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида ушбу фикрни бир неча бор таъкидлади, деб хабар берди «Xabar.uz» мухбири.

13-15 март кунлари юртимизда меҳмон бўлган  БМТ комиссари Ўзбекистон расмий идоралари вакиллари билан учрашувларда бир қатор тавсиялар берганини маълум қилди.

«(Образли айтганда), кучли фуқаролик жамияти муҳим мурват сифатида инсон ҳуқуқлари ғилдирагининг ҳаракатини таъминлайди. Нодавлат ташкилотлар ташқи аралашувсиз фаолият юрита олиши сув билан ҳаводек зарур», – деб уқтирди Фолькер Турк.

Олий комиссар гендер зўравонлиги учун жиноий жавобгарлик жорий этиш заруратига алоҳида тўхталди.

«Мен (музокаралар чоғи) сиёсий соҳадан ижтимоий йўналишга қадар – жамиятнинг барча жабҳасида гендер нотенглигини бартараф этиш масаласини кўтардим. Президент ва Сенат раисининг ушбу нотенгликни бартараф этиш борасидаги қатъий иродасини олқишлайман. Гендер зўравонлиги учун жиноий жазо жорий этиш бўйича якуний режани ҳам ижобий баҳолайман», – деди БМТ мулозими.

Озодликдан маҳрум этиш муассасаларида қийноқнинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш халқаро ҳуқуқнинг тамал қоидалари сирасига киради. Ўзбекистон 1995 йилда БМТ томонидан 1984 йилда қабул қилинган “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция”ни ратификация қилган. Ўзбекистон ҳозирча ушбу конвенциянинг факультатив протоколига қўшилмаган. Ф.Туркнинг ОАВ вакилларига маълум қилишича, Ўзбекистон томони учрашувларда ушбу муҳим ҳужжатга қўшилиш масаласига ҳам ойдинлик киритган.

«Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ва мониторинг қилиш бўйича муҳим механизм ҳисобланган конвенциянинг факультатив протоколини ратификация қилиш устида ишлаётгани ҳақида ваъда олдик. Мен умид қиламан ва ишонаманки, бу ваъда тез фурсатда амалга ошади. Негаки, сўздан кўра амал ҳамиша муҳим бўлиб келган», –  деди БМТ комиссари.

Инсон ҳуқуқлари бўйича олий мартабали мулозим матбуот эркинлиги масаласини ҳам четлаб ўтмади.

«Турли қарашларни рағбатлантириш ва фуқаролик жамияти маконини кенгайтиришда ҳурфикрлилик муҳитини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Эркин ОАВ ва очиқ рақамли макон жамият барча вакилларининг мамлакат равнақида тўлақонли иштирокини таъминловчи мақбул шарт-шароитни яратади. Бу эса ОАВ ва журналистлар, шунингдек, сўз эркинлиги ҳимояси йўлида истиқболдаги саъй-ҳаракатларни тақозо этади», – деди нотиқ.  

БМТ вакили Қорақалпоғистонда ўтган йил июль ойида рўй берган ҳодисаларга ҳам тўхталиб, бу борада одил судловнинг муҳимлигини таъкидлади.  

Умуман, Фолькер Турк сўнгги олти йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилган фундаментал ўзгаришларни ижобий баҳолади.

«Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида марказий ўрин тутмоғи лозим... Мен олий комиссар сифатида янги ислоҳотлар шароитида Ўзбекистон барча аҳоли вакилларига муносиб ва тўлақонли яшаш имконини тақдим этишига умид қиламан», – дея хулоса қилди у.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари 15 март куни президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни муҳокама қилди.

БМТ мультимедиа маркази Ф.Туркнинг юртимизга ташрифи хусусида батафсил видеолавҳа тайёрлаган.

Эслатиб ўтамиз, асли австриялик ҳуқуқшунос Ф.Турк 2022 йил 17 октябрдан буён БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech