21 март – Ирқий камситишга қарши курашиш халқаро куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1966  йил              26 октябрь куни қабул қилган Резолюциясига (2142 (XXI)) мувофиқ, 21 март – Ирқий камситишга қарши курашиш  халқаро куни деб эълон қилинган.

Чунки 1960 йили худди шу куни Жанубий Африканинг Шарпевиле  шаҳрида африкаликларни  мажбурий паспортлаштириш ва апартеид режими қонунларига  қарши тинч намойишга чиққанлар полиция ходимлари томонидан ўққа тутилган. Оқибатда 69 нафар киши ўлдирилган.

Шунинг учун БМТ Бош Ассамблеяси  халқаро ҳамжамиятни бутун дунё бўйлаб ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш учун даъват этиш мақсадида бу кунни Ирқий камситишга қарши курашиш  халқаро куни деб эълон қилган. Ушбу халқаро сана,  ўз навбатида, сайёрамиздаги барча инсонларни ирқий камситиш қанча муаммо ва бахтсизликларга олиб келгани ҳақида  яна бир бора мулоҳаза юритишга ундайди. 

Ирқий камситишни тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича барча асосий халқаро ҳужжатларда,  жумладан Инсон ҳуқуқлари умужаҳон декларацияси ва Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияда мустаҳкамланган. Ушбу тақиқ давлатлар зиммасига бир қатор мажбуриятларни ҳамда давлат ва хусусий соҳаларда камситишларни бартараф этиш вазифасини юклайди.

Шунингдек, 2001 йилдаги Ирқчиликка қарши бБутунжаҳон конференциясида  ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва унга боғлиқ муросасизликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли дастур – Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинган. Ирқий камситишга барҳам бериш йўналишида қабул қилинган шу каби муҳим ҳужжатлар ва амалга оширилган таъсирчан чора-тадбирлар дунёда ирқий тенгликка эришишда маълум ижобий ўзгаришларга асос бўлди.

Бугунги кунда Скандинавия давлатлари ва Голландия ирқий тенгликка риоя қилиш бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Хусусан, “U.S. News & World Report”  томонидан 2022 йилда  ўтказилган сўров натижаларига кўра, ирқий тенгликка риоя қилиш ҳолати бўйича ижобий баҳоланган давлатлар қуйидагича ўрин эгаллаган:

  1. Голландия;
  2. Швеция;
  3. Норвегия;
  4. Канада;
  5. Финляндия;
  6. Дания;
  7. Янги Зеландия;
  8. Швейцария;
  9. Бельгия;
  10. Австралия

Шу билан бирга,  ирқий камситишга барҳам бериш тўғрисидаги  БМТ Резолюциясининг қабул қилинганига 63 йил бўлса-да,  афсуски, бугунги кунда ирқий дискриминация жуда долзарб масалалардан бири бўлиб, кўплаб давлатларда турли кўринишларда намоён бўлмоқда.

Ўтказилган тадқиқотларга кўра, Ҳиндистон, Покистон, Исроил, Германия, Япония, Руанда, Жанубий Африка, АҚШ ва Буюк Британия  каби давлатларда бошқа давлатларга қараганда ирқий камситиш ҳолатлари кўпроқ содир бўлиши аниқланган. Ушбу давлатларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз:

  1. Дунёдаги энг ирқчи мамлакатлар рўйхатидаги биринчи ўринни Ҳиндистон эгаллайди. Ҳозирги кунда ҳам ҳинд оиласида туғилган болага оқ танли ҳар қандай одамни ҳурмат қилиш ва қора танли одамдан нафратланиш ўргатилади. Шу тариқа африкаликлар ва бошқа қора танлиларга қарши ирқчилик пайдо бўлди. Лекин ҳиндлар орасида ҳам қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар мавжуд.
  2. Покистонда аҳолининг кўпчилик қисми ислом динида бўлишига қарамасдан, узоқ йиллар давомида суннийлар ва шиалар мазҳаблари ўртасида кўплаб низолар ва тўқнашувлар содир бўлиб туради. Аммо бу адоватни тўхтатиш учун ҳеч қандай чоралар кўрилмаган. Бундан ташқари, Покистон билан қўшни Ҳиндистон ўртасида узоқ давом этган урушлар,  ҳиндлар ва покистонликлар ўртасида ирқчилик ҳолатлари маълум. Шу билан бирга, Ҳиндистонда африкаликлар ва лотинамерикаликлар каби бошқа ирқларни ҳам камситиш ҳолатлари кузатилади.
  3. Исроил давлати кўп йиллар давомида қарама-қаршиликлар маркази бўлиб келган. Бунинг сабаби бу давлатда фаластинликлар ва исроил арабларига қарши содир этилган жиноятлардир. Бугунги кунда ҳам ушбу зиддиятлар давом этаётир.
  4. Гитлер ҳукмронлиги тугатилганидан буён кўп йиллар ўтган бўлса-да, Германия дунёдаги энг ирқчи давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Аксарият немислар ҳозир ҳам бошқа миллат вакилларига нафрат туйғуларини ҳис қилади ва немис миллати устунлигига ишонади. Антисемистик ғояларни илгари сураётган неонацистлар чиқишлари барчага маълум.
  5. 1994 йилда Руандадаги геноцид инсоният тарихидаги даҳшатли саҳифалардан бири бўлган. Ушбу давлатда икки этник ирқ ўртасида содир бўлган тўқнашув 800 мингдан ортиқ инсоннинг даҳшатли ўлимига олиб келган. Икки қабила, яъни Туци ва Хуту қабилалари геноциднинг иштирокчилари бўлиб, унда Туци қабиласи жабрланувчига, Хуту эса жиноятчига айланган. Қабилалар ўртасидаги зиддиятлар бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда ва ҳатто унинг кичик учқуни ҳам мамлакатда нафрат алангасини қайта ёқиши мумкин.

Айтиш керакки, 2022  йилда ирқий камситиш масалалари бўйича баҳоланган 85 мамлакатдан Америка Қўшма Штатлари Венгриядан анча  пастроқ,  65 ўринни эгаллаган. Ваҳоланки, Венгрия Бош вазири Виктор  Орбан иммиграцияга нисбатан қаттиқ позицияси билан танилган ва 2022 йилнинг июль ойида у “баъзи европаликлар “аралаш халқлар ирқига” айланишни истамаслиги тўғрисида билдирган кескин фикрлари учун танқид қилинган.

“Le Parisien” газетаси ёзишича, 2023 йилда ўтказилган сўровнома Францияда охирги беш йилда ирқий камситиш ҳолатлари ёмонлашганини кўрсатган.

Албатта, ирқий қамситишга қарши кураш халқаро ҳамжамиятнинг  устувор вазифаси бўлиб, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг асосий фаолияти йўналишларидан биридир. БМТ ташкил топганидан бери бу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

Лекин юқоридаги мисоллар, мавжуд қонунлар ва қоидаларга қарамасдан, кўплаб давлатларда ирқий камситиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этаётганидан далолат беради. Шубҳасиз, инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай қўпол ва оммавий бузилиши, шу жумладан  ирқчилик ва ирқий камситиш қаерда бўлмасин, инсон қадр-қимматига, бутун жамиятга бевосита ёки билвосита зарар етказади, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солади.

Хулоса қилиб айтганда, ирқчилик ва ирқий камситишга қарши қурашиш  нафақат бир давлатда, балки бутун жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу муҳим омилни инобатга олган ҳолда, ирқий камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик масалаларини тартибга солувчи халқаро ва миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш зарур.

 

Комила ОЛИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech