Жамият ҳаётида сунъий интеллект муҳим драйверга айланмоқда
Бугунги кунда жамият ҳаётининг турли жабҳаларига сунъий интеллект, илғор технологияларнинг жорий этилишини замоннинг ўзи талаб этмоқда. Олий таълим, илм-фан соҳасига сунъий интеллектнинг татбиқ этилиши қандай аҳамиятга эга?
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бу ҳақда қуйидагича фикр билдирди:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичида сунъий интеллект технологиялари стратегик устувор йўналиш сифатида белгилаб олинмоқда. Чунки рақамли иқтисодиёт, илм-фан тараққиёти ва инсон капитали ривожида сунъий интеллект муҳим драйверга айланмоқда.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллект бозори ҳозирнинг ўзида ярим триллион АҚШ долларига яқин, айрим баҳолашларга кўра ундан ҳам юқори ҳажмга эга бўлиб, йиллик ўсиш суръати ўнлаб фоизлар билан тенглашиши тахмин қилинмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатлар ушбу бозорнинг асосий улушига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида катта инвестициялар, илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлашда ўзаро рақобат муҳитини ривожлантирмоқда.
Сунъий интеллект нафақат саноат ва молияда, балки соғлиқни сақлаш, транспорт, давлат бошқаруви ва албатта, таълим соҳасида ҳам кенг қўлланилмоқда. Турли халқаро ташкилотлар – Жаҳон банки, UNESCO тахминларига кўра, агар мамлакатлар сунъий интеллектни оқилона ва масъулият билан жорий этса, келаси ўн йилликда жаҳон ялпи ички маҳсулотига яна бир неча триллион доллар қўшимча қиймат қўшилиши мумкин. Бу рақамлар рақамли технологиялар, жумладан сунъий интеллектни жорий этишда пешқадамлик қилиш қай даражада муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Айни вақтда дунёнинг етакчи университетлари сунъий интеллектдан “амалиётчи” сифатида фойдалана бошладилар. Масалан, АҚШнинг қатор университетларида талабаларга маслаҳат берувчи виртуал ёрдамчилар, қабул ва ўқиш жараёнларини таҳлил қилиб борувчи аналитик платформалар қўлланилмоқда. Бу эса талабани чуқурроқ тушуниш ва уни тизимли қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.
Британия, Европа ва Осиёнинг етакчи университетларида эса масофавий ва гибрид таълим учун сунъий интеллект асосидаги персоналлаштирилган ўқитиш тизимлари синаб кўрилмоқда. Бундай ечимлар ҳар бир талабанинг билим даражаси, қизиқишлари ва ўқиш суръатига мослашган ҳолда контент, топшириқ ва тавсиялар таклиф этади.
Шу билан бирга, академик ҳалолликни таъминлаш учун плагиатни текшириш, онлайн имтиҳонларда академик қоидабузарликларни аниқлаш, илмий ишларда сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини илк босқичда назорат қилиб бориш амалиёти кенгайиб бормоқда.
Дунё тажрибасида яна бир муҳим йўналиш – профессор-ўқитувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Айрим университетларда сунъий интеллект ёрдамида ўқув режаларини бозор эҳтиёжларига тез мослаштириш, янги фанлар ва модулларни таклиф этиш, талабаларнинг таълим натижаларига таянган ҳолда дарс методикасини янгилаб бориш йўлга қўйилмоқда. Буларнинг аксариятини босқичма-босқич Ўзбекистон шароитига мослаштириш имконияти мавжуд.
Эндиликда бу тенденциялардан тўғри хулоса чиқариб, Ўзбекистон олий таълим тизими учун аниқ устувор йўналишларни белгилашимиз зарур. Биринчидан, олдимизда инсон капиталини ривожлантириш масаласи турибди. Профессор-ўқитувчиларимиз ва илмий ходимларимиз учун сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, рақамли педагогика каби йўналишлар бўйича тизимли қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини кенгайтиришимиз керак.
Ҳар бир талаба – қайси йўналишда ўқишидан қатъи назар, сунъий интеллект асослари ва рақамли гигиена бўйича базавий саводхонликка эга бўлиши лозим. Шу билан бирга, компьютер фанлари, инженерия, иқтисодиёт, тиббиёт, аграр соҳаларни қамраб олган фанлараро дастурлар орқали янги авлод мутахассисларини тайёрлашимиз керак.
Иккинчидан, сунъий интеллектни жорий этиш албатта, этик ва ҳуқуқий меъёрлар асосида амалга оширилиши зарур. Маълумотлар ҳимояси, шахсий маълумотлар махфийлиги, академик ҳалоллик ва шаффофлик ҳамда жавобгарлик масалалари бўйича аниқ қоидалар, йўриқномалар ва тартиблар ишлаб чиқилиши керак. Университетлар ўзларининг ички ҳужжатлари билан сунъий интеллектдан фойдаланишнинг тартиб-қоидаларини белгилаши, талабалар ва ўқитувчилар учун аниқ “ўйин қоидалари”ни шакллантириши лозим.
Учинчидан, рақамли инфратузилма ва маҳаллий маълумотлар базасини ривожлантириш масаласи турибди. Олий таълимда мавжуд ахборот тизимларини модернизация қилиш, турли платформалар ўртасида интеграцияни кучайтириш, сунъий интеллект ечимларини жорий этишга тайёр “иқтисодий ва техник муҳит”ни яхшилашимиз керак.
Бу йўлда маҳаллий стартаплар, хусусий сектор ва халқаро компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, университетлар қошида инкубация ва акселерация муҳитларини яратиш муҳим. Энг асосийси, ўзбек тилидаги ва мамлакатимиз шароитига мос рақамли контент ва маълумотлар тўпламларини шакллантирмасак, сунъий интеллект ечимларидан тўлиқ фойдалана олмаймиз.
Тўртинчидан, мамлакатимиз университетлари сунъий интеллект бўйича илмий тадқиқотлар ва инновациялар марказига айланиши керак. Бунинг учун, илмий лабораториялар, ихтисослашган марказлар, халқаро тадқиқот лойиҳалари, қўшма дастур ва грантлар доирасини кенгайтиришимиз зарур.
Ёш олимлар, талантли талабалар ва докторантларимизга маҳаллий муаммоларни – таълим сифатини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, экология каби йўналишларда сунъий интеллектга асосланган ечимлар ишлаб чиқиш учун зарур шарт-шароит яратишимиз лозим.
Яқиндагина “Таълимда сунъий интеллект технологияларини қўллаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ректорлар форуми”да бу борадаги муҳим вазифалар батафсил белгилаб олинди. Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг сунъий интеллектни жорий этиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиши, алоҳида пилот лойиҳаларни бошлаши, профессор-ўқитувчилар ва техник мутахассислар салоҳиятини оширишга сармоя киритиши зарур. Энг муҳими, биз бу йўлда ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз, тажриба ва натижаларни ўзаро бўлишишимиз керак.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.
Ўзбекча
English
Русский