Олмалиқ комбинати мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги учта энг йирик комплексдан бирига айланади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюриб, 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари мис концентратини ишлаб чиқариш жараёни ва комбинатда ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди, тоғ-кон саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида қатнашди.
Юртимизда саноат, энергетика, инфратузилма, сервис соҳаларида кўплаб йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда янги уй-жой массивлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, туризм ва маданият масканлари бунёд этилмоқда.
Мамлакатимиз саноати ривожи учун стратегик аҳамиятга эга бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам ана шундай кенг кўламли ишлар ва бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати маҳсулидир.

“Ёшлик-1” конини ўзлаштириш дастури доирасида 196 гектар майдонда амалга оширилаётган қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки мамлакатимиз саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларимизни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа ҳисобланади.
Фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати билан нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бири, балки дунёдаги йирик бойитиш фабрикалари сирасига киради.

Лойиҳани жаҳон стандартлари даражасида амалга ошириш мақсадида Италиянинг “Wood”, Буюк Британиянинг “Worley Parsons” каби компаниялари жалб этилди. Фабрикада жаҳоннинг етакчи компаниялари – “Metso”, “FLSmidth”, “Weir Minerals” ва “Siemens” технологиялари жорий этилган.
Мазкур лойиҳа ҳудуддаги турдош саноат тармоқлари ривожига ҳам кучли туртки берди. Қурилишда ишлатилган металл конструкциялар ҳажмига тенг материалдан 10 та Эйфель минораси, темир-бетон сарфига эса қарийб 2,5 та Бурж Xалифа минорасини барпо этиш мумкин. Бу фабриканинг мегалойиҳа эканини яна бир бор тасдиқлайди.

“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида фабрика ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Томчилатиб суғориш тизимлари ва экодизайн ечимлари саноат ҳамда табиат мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз ўз нутқида сўнгги йилларда тоғ-кон саноатида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва келгуси режалар ҳақида сўз юритди.
Конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилганининг ҳисобига тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бугун соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.
Натижада тармоқда ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йилда 270 триллион сўмга етди. Саноат ҳажми ва бюджетга тушумнинг тўртдан бири ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келмоқда. Муҳими, юқори даромадли энг кўп иш ўринлари ҳам айнан шу соҳадаги корхоналарда.
Хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлгани таъкидланди.
Хусусан, Олмалиқда “Москва пўлат ва қоришмалар институти” университети филиали (“МИСиС”), Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухань геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди. Навоий кончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франция ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди.
Бунинг самараси ўлароқ, илгари қимматбаҳо ва рангли металлар асосан хомашё шаклида экспорт қилинган бўлса, бугун йилига 100 минг тонна мис ўзимизда қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулот яратилмоқда, қисқа муддатда заргарлик саноатида ишлаб чиқариш 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошди.
Президентимиз жорий йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳаларни ҳисобга олиб, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етишини таъкидлади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар натижасида бу кўрсаткичлар янада ошади.
Мис саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “яшил” тараққиёт учун стратегик хомашёга айлангани кўрсатиб ўтилди.
– Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик, – деди давлатимиз раҳбари.
Биргина “Ёшлик-1” конидан жорий йилнинг ўзида 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захирасининг борлиги, ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлиши таъкидланди. Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади. Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар ҳам бошланган.
Умуман, ушбу 2 та йирик қувват ҳисобига мис катоди ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 148,5 минг тоннадан 300 минг тоннага, олтин 20 тоннадан 33 тоннага, кумуш 161 тоннадан 203 тоннага, молибден 850 тоннадан 1,7 минг тоннага етиши таъкидланди. Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сульфат кислотасини ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Президентимиз бу кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мисни бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлар жадал кетаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшларимиз учун катта имконият бўлади.
Давлатимиз раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди. Фабриканинг янги меҳнат жамоасига эса келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.
Комбинат ишчилари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот бўлди.
Маросим якунида давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, фабрика фаолиятига старт берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида барпо этилган мис концентратини фильтрлаш корпусида бўлди.
3-мис бойитиш фабрикаси таркибидаги корпус йилига 917 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга. Замонавий саноат пресс-фильтрлари, насос агрегатлари, шлам ва сув айланма тизимлари ўрнатилган. Ускуналар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори самарадорлик ва энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради.
Айни вақтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, корпусда умумий 5 та пресс-фильтрдан 3 таси тўлиқ ишга туширилган, яна 2 таси ишга туширишга ҳозирланмоқда.
Фильтрлаш корпусида флотация жараёнидан келган мис концентратини қабул қилиш, концентратни қуюлтириш ва фильтрлаш, тиндирилган сувни ажратиш ва қайта ишлаб чиқаришга қайтариш, тайёр мис концентратини сақлаш ёки кейинги қайта ишлаш босқичига узатиш каби технологик жараёнлар амалга оширилади.
Бугунги кунда бу ерда 130 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари иш жараёни ва тайёр маҳсулотни кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди.
Президентимиз иштирокида шу ернинг ўзида мис концентратидан намуналар олиш маросими ўтказилди. Намуналар 2 та алоҳида идишга солиниб, Олмалиқ комбинати музейи ва Тошкентдаги Давлат геология музейига юборилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди.
Мазкур марказ комбинатнинг 1-, 2- ва 3-мис бойитиш фабрикаларидаги ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш, самарадорликни ошириш ва узлуксиз мониторингни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Замонавий рақамли бошқарув тизимлари, катта экранли мониторинг панеллари, видеокузатув воситалари, шунингдек, “Siemens PCS 7” ва “AVEVA PI Vision” платформалари орқали майдалаш, флотация, қуюлтириш, фильтрлаш, реагентлар билан таъминлаш, технологик сув таъминоти, цехлар ва транспорт тизими фаолияти реал вақт режимида назорат қилинмоқда.
Бошқача айтганда, ушбу марказ фабриканинг ўзига хос “мияси” бўлиб, йигирма мингдан зиёд ускуна ягона ахборот тизимига уланган.
“Ақлли” камералар орқали дастлабки мониторинг амалга оширилади, сунъий интеллект ёрдамида эса аномал ҳолатлар автоматик тарзда аниқланади. Бу маълумотларни ягона ахборот тизими орқали таҳлил қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Президентимиз марказ фаолияти билан танишар экан, сунъий интеллект орқали, айниқса, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида самарадорликни ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида замонавий ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига комбинатнинг ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларини янада рақамлаштириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Қайд этилганидек, кондан маъдан қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Келгуси беш йилда ҳар бир босқичга сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Саксон йил давомида тўпланган геологик ва маркшейдерлик маълумотлари асосида конларни рақамлаштириш ишларининг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Рақамли кон” тизими кунлик, ҳафталик ва ойлик қазиш ишларининг аниқ йўналишларини белгилаш имконини бермоқда.
Сунъий интеллект асосида карьер йўллари ҳолати назорат қилинмоқда, самосвал шиналарининг босими ва ҳарорати датчиклар орқали кузатиб борилмоқда. Ана шундай доимий мониторинг натижасида шиналарнинг хизмат муддати 14 фоизга оширилган.
Соҳада замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш, кадрларни янги иш усуллари ва рақамли ечимлар асосида ўқитиш устувор вазифалардан бири экани кўрсатиб ўтилди.

Патент ишлари кўламини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фабрикадаги ҳар бир босқичда қўлланилаётган илмий-технологик ечимларни патентлаш, бу борада ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, истиқболли инновацион йўналишларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, янги патент бу – янги технология, янги ишлаб чиқариш йўналиши ва янги бозорлар, демак. Мамлакатимиздаги бой хомашё базаси жаҳон бозорларига чиқиш учун кенг имкониятлар яратаётгани инобатга олиниб, 2026 йилда қайси истиқболли йўналишларда яна қанча патент олиш мумкинлиги юзасидан аниқ ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф доирасида тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, робототехника, энергетика, электротехника, кимё ва мудофаа саноати каби стратегик тармоқларни жадал ривожлантириш кўп жиҳатдан мис, уран, литий, вольфрам ва бошқа муҳим металлар базасига таянади. Дунё бозорларида мазкур ресурсларга талаб ошиб бораётгани, жумладан, мис концентрати бозорида тақчиллик кучайиб, нархлар ўсиши кутилаётгани тоғ-кон ва металлургия соҳасидаги лойиҳаларни тезлаштиришни янада долзарб қилиб қўймоқда.
Шу муносабат билан 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага, мисни 500 минг тоннага етказиш бўйича белгиланган марраларга эришиш учун барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада ҳар бир йирик лойиҳани аниқ график асосида амалга ошириш, молиялаштириш, қурилиш, логистика, технологик жиҳозлаш ва кадрлар билан таъминлаш масалаларини ўзаро уйғунликда ҳал қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, мазкур лойиҳанинг технологик давоми ҳисобланган янги мис эритиш заводини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унда техник-иқтисодий асосни якунлаш, хорижий экспертларни жалб қилиш, қисқа муддатларда қурилиш ишларини бошлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Олмалиқ комбинатининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун нуфузли халқаро компанияларни жалб этиш вазифаси алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда сув таъминоти, темир йўл, энергетика инфратузилмаси, экологик талаблар ва юқори самарали технологияларни комплекс қамраб олиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда жорий йил учун тармоқда 90 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 172,5 минг тонна мис, 120 тонна олтин, 210,5 тонна кумуш ва 8 минг тонна уран ишлаб чиқариш вазифалари белгилангани қайд этилди.
Шу билан бирга, бир қатор истиқболли конлар ва объектлар бўйича техник-иқтисодий асосларни тез фурсатда якунлаш, экспертиза жараёнларини соддалаштириш бўйича қабул қилинган янги қарор имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Ҳукуматга ушбу лойиҳалар доирасидаги ташкилий ва ҳуқуқий масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиш топширилди.
Энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда кўмир қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли ва саноат корхоналарига кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти доирасида “Мурунтов” конини кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи, янги конларни ўзлаштириш, мураккаб рудалардан олтин ажратиб олиш технологияларини жорий этиш, шунингдек, айрим йирик лойиҳалар бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Металлургия йўналишида “Ўзметкомбинат”да ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички хомашё базасидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш, бозор талабига мос металл листлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада хомашё таъминоти, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Йиғилишда Технологик металлар комбинати фаолиятига ҳам тўхталиниб, саноат учун муҳим металлар ва мураккаб қотишмалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, селен, теллур, кукун металлургияси деталлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Тармоқ корхоналарида таннархни пасайтириш ва харажатларни қисқартириш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Мутасаддиларга бир бирлик маҳсулот таннархини қисқартириш, энергия сарфини камайтириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва ойма-ой аниқ натижаларга эришиш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиш топширилди.
Давлат харидлари ва кооперация соҳасида маҳаллий компонентни кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Шу боис, мутасаддиларга лойиҳалар ва харидларда маҳаллий компонент улушини жорий йилда 2 миллиард доллардан ошириш бўйича аниқ кўрсаткичлар белгилаб берилди.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини кучайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш, янги кон ва инвестиция блокларини инвесторларга таклиф қилиш, углеводородга истиқболли майдонларни иқтисодиётга жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда жорий йилда олтин, кумуш, мис, уран ва рух захираларини сезиларли ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида 38 мингта янги иш ўрни яратилиши, жумладан, 7,5 минг муҳандис ва 14 минг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлиши қайд этилди. Шу муносабат билан соҳадаги олий таълим муассасалари ва техникумлар фаолиятини янги талаблар асосида ташкил этиш, таълим дастурларини замонавий технологияларга мослаштириш, дуал таълимни кенг жорий этиш, диплом ишларини бевосита ишлаб чиқариш вазифалари билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, олийгоҳлардаги илмий тадқиқотларни комбинатлардаги амалий технологик ечимларга йўналтириш, илмий ишлар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, талабалар учун ўқув-машғулот полигонларини ташкил қилиш, саноат корхоналарида цехларни амалиёт ва тадқиқотлар учун мослаштириш вазифалари белгиланди.
Янги лойиҳалар доирасидаги долзарб илмий мавзулар рўйхатини очиқ эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш топширилди. Бу тадқиқотларда соҳадаги 5 та олийгоҳ билан бир қаторда техника йўналишидаги барча давлат, хусусий олийгоҳ ва илмий ташкилотлар иштирок этиши мумкин бўлади.
Йиғилиш якунида тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефть-газ каби базавий тармоқларда йирик лойиҳалар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида Президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилиши маълум қилинди. Ушбу кенгаш доирасида йирик корхоналарни халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллий контентни ошириш, барча жараёнларни рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ойлик иш режалари тасдиқланади.
Мутасадди раҳбарларга ушбу режалар ижросини ҳар ой жойларга чиққан ҳолда корхонабай танқидий муҳокама қилиш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот киритиб бориш топширилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбирлари
Ўзбекча
English
Русский