Хавфсиз уй, ҳимоя ордери ва реабилитация: Аёллар учун қандай имкониятлар бор? (+видео)

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи мамлакатимизда кечиктириб бўлмайдиган долзарб йўналишга айланди. Давлат томонидан қабул қилинаётган янги қонунлар, муҳофаза механизмлари ва профилактик чора-тадбирлар орқали аёлларни қўллаб-қувватлаш тизими босқичма-босқич такомиллашиб бормоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, жорий этилаётган янгиликлар ва амалиётдаги муаммолар хусусида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Юнусобод туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази катта мутахассиси Нафиса Азимова ва марказ психологи Кумуш Қодирова билан суҳбатлашдик.

— Сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорлар амалда қанчалик самара беряпти?

— Сўнгги йилларда қабул қилинган қатор қонун ва қарорлар аёлларни ҳимоя қилиш тизимини сезиларли даражада кучайтирди. Энг асосий янгилик — ҳимоя ордерлари механизмининг амалиётга киритилгани. Бу орқали зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, ҳужжатлаштириш ва қабул қилинадиган чораларни тезлаштириш таъминланди. Шу билан бирга, зўравонликка учраган аёллар учун реабилитация ва бехатар уйлар сони кўпайди, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилди. Бироқ айрим ҳудудларда ҳали ҳам қонун ижроси бир хил даражада эмас.

— Ҳимоя ордерларидан фойдаланишда қандай муаммолар кўпроқ кузатиляпти?

— Амалиётда бир нечта қийинчиликлар бор. Биринчидан, айрим ҳудудларда профилактика инспекторларининг юкламаси юқори, бу эса ордер чиқариш ва назорат қилишда кечикишларга олиб келади.

Иккинчидан, жабрланувчи аёллар ҳимоя ордерининг ҳуқуқий аҳамиятини, унинг қандай ишлашини тўлиқ тушунмайди. Шу боис биз психологик ёрдам билан бирга ҳуқуқий тушунтириш ишларини ҳам олиб борамиз.

Учинчидан, ордер бузилган тақдирда жавобгарликни таъминлаш ҳар доим ҳам тезкор эмас. Бу борада назорат кучайтирилмоқда.

— Маъмурий ва жиноий жавобгарлик қай тартибда ажратилади?

— Агар зўравонлик бир неча марта такрорланса, оғир жисмоний ёки руҳий зарар етказилса, албатта жиноий иш қўзғатилиши керак. Бир марта содир бўлган енгил ҳолатлар эса маъмурий тартибда кўриб чиқилади.

Аммо муаммо шундаки, айрим манзилларда зўравонликнинг оғирлик даражасини баҳолаш етарли эмас. Буни тўғрилаш учун соҳадаги мутахассислар малакаси оширилмоқда.

— Реабилитация марказларига мурожаатлар сони нега кўпаймоқда?

— Буни фақат зўравонлик кўпайгани билан боғлаш тўғри эмас, — дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи Кумуш Қодирова. — Аҳоли орасида ишонч, ахборотдан хабардорлик, психологик хизматдан фойдаланиш маданияти кучайган. Яширин ҳолатлар камаймоқда, аёллар очиқ мурожаат қилаяпти. Бу эса ижобий тенденция ҳисобланади.

— Бехатар уйларда аёллар қанча вақт яшаши мумкин?

— Оддий тартибда 1 ойдан 6 ойгача. Агар вазият оғир бўлса, индивидуал баҳолаш асосида муддат узайтирилади. Бу даврда аёлларга касбга ўқитиш, психологик реабилитация, ҳужжатларни тиклаш, зарурат бўлса, тиббий ёрдам тақдим этилади. Ишга жойлаштириш кўрсаткичи туманга қараб 30–50 фоиз атрофида.

— Марказларда махфийлик қандай таъминланади?

— Жабрланувчи аёлларнинг манзили ва шахсий маълумотлари қонун билан қатъий муҳофаза қилинади. Бехатар уйларнинг аниқ манзили ошкор қилинмайди. Маълумотлар фақат чекланган мутахассислар томонидан кўрилади, марказларга кириш-чиқиш назорат қилинади.

— Аёлларни ишга жойлаштиришда давлат ва хусусий сектор уйғунлиги қандай?

— Давлат томонидан бандлик марказлари орқали иш ўринлари ва касбий тайёрлов курслари таклиф қилинади. Хусусий секторда эса айрим корхоналарда махсус квоталар жорий этилмоқда. Бироқ шуни айтиш керакки, хусусий сектор иштирокини янада фаоллаштириш зарур.

— Агар зўравон ҳимоя ордерини бузса, қандай чора кўрилади?

— Биринчи марта ордер бузилса, маъмурий жарима ёки маъмурий қамоқ. Такрорланса, жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Амалиётда эса ҳар доим ҳам бу тартиб узлуксиз таъминланмайди, шу боис назоратни кучайтириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

— Айрим туманларда марказлар йўқлиги муаммоси ҳам тилга олинмоқда. Бу борада қандай чоралар режалаштирилган?

— Ҳозирда барча вилоятларда 14 та марказ фаолият юритади. Лекин баъзи туманларда ҳали ҳам тўлиқ инфратузилма мавжуд эмас. Буни бартараф этиш учун янги марказлар очиш, мобил ижтимоий-руҳий хизмат гуруҳлари ташкил қилиш, маҳаллий бюджетлардан қўшимча маблағ ажратиш режалаштирилган.

— Зўравонлик ҳолатлари кўпинча нима учун яширилади?

— “Оила ичидаги иш”, “Шармандалик” каби стереотиплар сабаб аёллар мурожаатдан қочади. Баъзи ҳолатларда маҳаллада айбни аёлнинг ўзига юклаётган муносабат ҳам учрайди. Шу боис тарғибот ишлари нафақат аёллар, балки оила аъзолари, маҳалла фаоллари ва имомлар иштирокида олиб борилмоқда.

— Халқаро тажрибанинг қайси элементлари Ўзбекистонда жорий этилмоқда?

— Ҳозирда бир нечта халқаро амалиётлар босқичма-босқич татбиқ қилинмоқда. “Бир дарча” асосида комплекс хизматлар, агрессорлар билан психокоррекцион иш юритиш, зўравонликни эрта аниқлаш тизими, онлайн маслаҳат ва ишонч телефонлари доимо ишлаб турибди.

Бу тизимлар аёлларни ҳимоя қилишда самарадорликни янада оширмоқда.

Мутахассислар фикрича, зўравонликка қарши курашишда ҳуқуқий механизмлар кучайтирилмоқда, ижтимоий хизматлар сифати яхшиланмоқда ва аҳолида эшитиш, ишонч билдириш маданияти ўсмоқда. Бироқ профилактика ва маҳаллий идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш долзарб бўлиб қолмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech