Шукрон Абд Раҳмон: Имом Бухорий мажмуаси ислом илм-фанининг янги марказига айланади
Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси бутун ислом олами учун муҳим маънавий воқелик сифатида баҳоланмоқда. Хорижлик олимлар ва тадқиқотчилар ҳам иншоотнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Малайзия Халқаро Ислом университети ҳузуридаги “Абдулҳамид Абу Сулаймон” номли “Ислом ва инсоншунослик билими” куллиёти психология кафедраси профессори Шукрон Абд Раҳмон ҳам шу ҳақда фикр билдирди. У бир вақтлар Самарқанддаги “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази”да тадқиқотчи сифатида фаолият юритган ва қурилиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлган.
Олим таъкидлашича, ушбу ҳудуддаги янги масжид нафақат ибодат маскани, балки ислом илм-фани ва маънавий меросини қайта жонлантиришга хизмат қиладиган муҳим марказдир.
– Самарқандда барпо этилган янги Имом Бухорий масжиди асрлар давомида илм-маърифат ва инсониятга хизмат қилиш анъанасини қайта тиклайдиган улкан маънавий марказга айланиши шубҳасиз, – дейди Раҳмон.
Масжиднинг жойлашуви алоҳида рамзий маънога эга. Иншоот буюк муҳаддис – “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари муаллифи, ислом оламида энг улуғ алломалардан бири ҳисобланган Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810-870) дафн этилган жой яқинида қад кўтарган.
– Масжид Имом Бухорийнинг бебаҳо илмий меросига чуқур эҳтиромни ифодалайди, унинг ҳақиқий илмга садоқат руҳини янги авлодларга етказишга хизмат қилади, – дея таъкидлайди профессор.
Мустақилликдан кейин юртимизда Имом Бухорий мажмуасини кенгайтириш ва замонавий илмий-маърифий марказга айлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Эндиликда ҳудуд Марказий Осиёдаги йирик маънавий ва илмий марказлардан бирига айланмоқда.
Мутахассис “Мазкур маскан нафақат зиёратгоҳ, балки ҳадис илми, ислом тарихи ва цивилизациясини ўрганиш имкони яратилган жонли илм марказидир”, дея эътироф этди.
Марказий Осиёдаги энг йирик масжидлар қаторида тилга олинаётган бу масжид бир вақтнинг ўзида қарийб 10 000 намозхонни қабул қила олади. Асосий намозгоҳ 7 000, аёллар зали эса 3 000 кишига мўлжалланган. Кенг ҳовли йирик диний тадбирлар пайти қўшимча минглаб одамни қабул қилиши мумкин.
– Анъанавий исломий услуб билан замонавий меъморий ечим уйғунлашган ҳолда барпо этилган ушбу масжид биноси очиқлик, бирдамлик ва бағрикенглик рамзини ифодалаган, – дейди Раҳмон.
Жами 40 гектардан зиёд майдонни қамраб олган мажмуада зиёратчилар учун музей, кутубхона, таълим ва тадқиқот марказлари, меҳмонхоналардан иборат замонавий инфратузилма шакллантирилган.
Олимнингфикрича, мажмуа ибодат, илм ва жамоатга хизмат анъанаси уйғунлашган университет-масжид моделига янги ҳаёт бахш этади. Бу нафақат Самарқанд ёки Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами учун алоҳида маънавий воқеадир. Имом Бухорий масжиди очилиши бутун мусулмон уммати учун мислсиз аҳамиятга эга воқеа сифатида инсониятни ҳақиқий илм, тинчлик ва бирдамлик сари чорлайди.
Буюк муҳаддис Имом Бухорий мероси минг йиллар давомида инсониятга ҳақиқат ва илм йўлини кўрсатиб келмоқда. Янги масжид эса ана шу улкан меросни келажак авлодга етказишда муҳим маънавий маскан бўлиб хизмат қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский