Ўзбекистонда мигрантларга йўл чиптаси ва виза харажатлари учун пул берилади

Ўзбекистонда мигрантларга йўл чиптаси ва виза харажатлари учун пул берилади. Мирзиёевнинг меҳнат миграцияси тўғрисидаги Фармони ҳақида батафсил маълумот берилди.

Адлия вазирлиги Президентнинг «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятини тушунтирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Bugun.uz’га маълум қилди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистоннинг Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Полша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари штат жадвалига қўшимча равишда меҳнат миграцияси масалалари бўйича attashe лавозими жорий этилди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан:

 

«Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

  • хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда;
  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда;
  • йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

Суғурта ташкилотларига:

  •  «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта 50 минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади;
  • хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.

2024 йил 1-сентябргача:

  • меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган Cалл-марказ фаолияти ташкил этилади;
  • чет элдан чиқувчи абонентлар учун колл-марказ рақамига қўнғироқларни бепул асосда амалга ошириш имкони яратилади.

2025 йил 1 июлгача қуйидагилар яратилади:

  • Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро ва тўлиқ интеграция қилинган электрон маълумотлар базаси;
  • меҳнат мигрантлари учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобил илова.

2024 йил 1 июлдан хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга Ўзбекистон ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат этилади.

Bugun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech