Нельсон Мандела қоидалари ва қийноқларга қарши кураш

2021 йил 8 ноябрь куни мамлакатимиз жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари” мавзусида амалий тренинг бошланди. Уч кунлик ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Даниянинг Қийноқларга қарши кураш институти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Амалий тренингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезони бўйича катта лойиҳаси ходими Марте Лангеланд, халқаро экспертлар Калия Камбанелла, Вадим Човган, Мари Брасхольт, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этмоқда.

Амалий тренинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Бунда Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ҳамда ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришлар, тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Аслида, инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдир. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.

Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа турдаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Бу ҳақида сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси 1997 йил 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни ҳар йили нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини жорий йилнинг худди шу куни қабул қилгани келгусида мазкур сананинг биз учун миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятини янада оширади.

Қарордан кўзланган мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий привентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат. Президентимиз қарорида назарда тутилган янгиланишлар амалиётга ўз вақтида ва тўлиқ жорий қилиниши, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги ислоҳотларига халқаро ҳамжамиятнинг ижобий фикрларини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур долзарб масала Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ўз аксини топган.

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишлаб куни кеча ўтказилган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида: “Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади”, деб алоҳида таъкидлади.

Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Амалий тренинг доирасида жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг:

  • жазони ижро этиш муассасасида хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини мувозанатлаш борасида тушунча ва амалий билимга эга бўлиши;
  • Нельсон Мандела қоидаларининг тарихи, ушбу қоидаларнинг инсон ҳуқуқлари доирасидаги ўрнини ҳамда уларнинг қамоқхонадаги миллий амалиётга таъсирини ўрганиш;
  • Нельсон Мандела қоидаларига киритилган энг муҳим ўзгаришлар;
  • Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва асосий қоидалари;
  • Нельсон Мандела қоидаларини амалга ошириш, тегишли қонунбузарликларни аниқлаш ва маҳбусларни қийноқлар ва шафқатсиз муомалалардан ҳимоя қилиш каби мавзулар кенг ўрганилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech