Меҳнат мигрантлари учун қандай янги имкониятлар яратилди?

2025 йил 12 ноябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан меҳнат мигрантлари учун янги имкониятлар яратилди. Бу айнан қандай имкониятлар?

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев шу ҳақда сўзлаб берди:  

– Айтиб ўтиш керакки, меҳнат мигрантлари сони 2,1 миллион киши бўлиб, шундан 70 фоизини эркаклар, 30 фоизини хотин-қизлар, қолганини ёшлар ташкил этади.

Жорий йил давомида хориждаги 90 мингга яқин ватандошга Агентлик ваколатхоналари томонидан ахборот-маслаҳат, ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдам хизматлари кўрсатилган.

Амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини ошириш, соҳада шаффофлик, ҳисобдорлик ва назорат механизмларини мустаҳкамлаш, хусусий секторнинг ролини кучайтириш мақсадида қонунчилик такомиллаштирилди.  

Шу ўринда қайд этиш жоизки, фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий бандлик агентликларининг сони 2 баробарга кўпайиб, 33 тага етди.

Хусусий бандлик агентликлари сонининг кўпайиши, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлашда назорат қилувчи органнинг масъулиятини янада оширишни тақозо қилади.  

Шу боис, янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 255-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Миграция агентлиги номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари ҳақли эканлиги белгиланди.  

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага мувофиқ, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни қонуний асосда ундириш белгиланди. Яъни, захирага олинадиган маблағнинг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорини 8,5 мингдан 4 минг  бараваригача пасайтирилди.  

Шартномада тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шу жумладан, хусусий бандлик агентлиги ҳамда чет эллик иш берувчиларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун иш қидираётган шахс олдида солидар жавобгарлигини белгилаш, захира маблағларини тижорат банкларига жойлаштирилишидан олинадиган фоиз даромадларининг хусусий бандлик агентликлари томонидан мустақил равишда тасарруф этилишига оид қонуний асослар белгиланди.  

Хусусий бандлик агентлигига хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни Миграция агентлигининг «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юкланди.  

Миграция жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Харажатларни молиялаштириш механизмларига аниқлик киритилди.  

Қонун билан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолати кучайтирилди. Миграция хизматларини рақамлаштириш орқали соҳада соғлом рақобат муҳити яратилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech