ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР: Махфий, дахлсиз ва қонун ҳимоясида

28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни 

 

Бутун дунёда 2007 йилдан буён ҳар йили 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни (Data Protection Day) сифатида нишонланади.

Айрим мамлакатларда у «Махфийлик куни» (Data Privacy Day) деган ном билан ҳам байрам қилинади. Ушбу сана Интернет тармоғидан фойдаланувчилар бу борадаги одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишлари виртуал ва реал ҳаёт хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишини унутмасликлари учун таъсис этилган.

 

Ушбу халқаро сананинг тарихи ва аҳамияти

 

Айни кунни нишонлаш тўғрисидаги қарор Европа Кенгашининг Вазирлар қўмитаси томонидан 2006 йил 26 апрелда қабул қилинган. Бинобарин, у Европа Кенгашининг Шахсларни шахсга доир маълумотларига автоматлаштирилган тарзда ишлов берилиши муносабати билан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинган 1981 йил 28 январь кунига мувофиқ равишда танланган.

Мазкур Конвенция шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида мажбурият юклайдиган биринчи халқаро восита ҳисобланади. Унда, шахсий ҳаёт дахлсизлигини назарда тутган ҳолда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари белгилаб берилган. Шунингдек,  “шахсга доир маълумотлар” тушунчасига аниқлик киритилган.

Шахсга доир маълумотлар – инсон ҳақидаги ҳар қандай маълумотлардан иборатдир. Шахсга доир маълумотлар уч турга:

биринчидан, умумий маълумотлар;

иккинчидан, махсус маълумотлар;

учинчидан, биометрик маълумотларга бўлинади.

Умумий маълумотлар қаторига инсоннинг исм-фамилияси, паспорти ва бошқа шахсий ҳужжатларидаги қайдлар, туғилган санаси ва жойи, e-mail манзили, яшаш, ўқиш ва ишлаш жойлари, оилавий, ижтимоий ва мулкий ҳолати, қаерда таълим олгани, қайси касб эгаси эканлиги, даромади қанчалиги каби маълумотлар киради.

Телефон рақамлари фақат эгасининг исм-фамилияси билан бирга қайд этилган ҳоллардагина шахсга доир маълумотлар тоифасига мансуб бўлади. Транспорт воситасининг давлат рақами, коммунал-тураржой хўжалигининг ҳисоб рақами кабилар эса шахсга доир маълумот ҳисобланмайди. Чунки улардан биринчиси – бевосита автомобилга тегишли бўлса, иккинчиси – уй-жойга тааллуқлидир.

Махсус маълумотлар деганда, шахснинг ирқий ва миллий мансублиги, сиёсий, диний ва фалсафий қарашлари, соғлигининг ҳолати, интим, яъни маиший ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар тушунилади.

Биометрик маълумотлар – инсоннинг шахсини аниқлаш имконини берадиган физиологик ва биологик хусусиятга эга шахсий маълумотлардир. Масалан, шахснинг ДНКси, овози, кўз қорачиғи, бармоқ излари, юз қиёфаси, бўйи, вазни билан боғлиқ маълумотлар шулар жумласига киради.

 

“Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш” нима дегани?

 

Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш – шахсга доир маълумотларга нисбатан амалга ошириладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзида қамрайди. Шахсга доир маълумотларни:

  • тўплаш;
  • ёзиш;
  • тизимлаштириш;
  • жамғариш;
  • сақлаш;
  • аниқлаштириш – янгилаш ва ўзгартиришлар киритиш;
  • кўчирма олиш;
  • фойдаланиш;
  • узатиш, яъни тарқатиш, тақдим этиш, танишиш имконини яратиш;
  • шунингдек, шахссизлантириш;
  • блоклаш;
  • ўчириб ташлаш;
  • йўқ қилиш шулар жумласидандир.

Мисол учун, иш берувчи ўз ходими билан меҳнат шартномасини тузиши асносида кадрлар бўлимида ўша ходимнинг шахсий ҳужжатларидан нусхалар жамланган “папка” юзага келади. Демак, иш берувчи шахсга доир маълумотларни тўплаш, ёзиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.

Иш берувчи ўз ходимининг ташриф қоғозига буюртма бериш учун унинг шахсга доир маълумотларини босмахонага юборди, дейлик. Бунда у шахсга доир маълумотларни узатган бўлади.

Яна бир мисол: сотувчи ўз харидорларига оид маълумотлар жамланган ҳужжатларни ёқиб юборар экан, шахсга доир маълумотларни йўқ қилади.

Ёки бўлмаса, сотувчи ва харидор Интернет орқали маҳсулот савдоси жараёнида сайт эгасига ўзларининг шахсга доир маълумотлари – исм-фамилия, манзил, почта ва телефон рақамларини тақдим этганига тўхталайлик. Бу маълумотлар ўша сайтнинг электрон хотирасида сақланади – демак, сайт эгаси шахсга доир маълумотларни йиғиш, ёзиш ва сақлаш билан шуғулланган бўлади.

Ушбу мисоллардан яна бир оддий ҳақиқат аён бўлмоқда. Яъни, шахсга доир маълумотлар нафақат қоғозда, балки электрон манбаларда ҳам сақланиши мумкин.

 

Халқаро ҳуқуқ ва Конституция нормалари

 

Халқаро шартномаларнинг аксариятида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз ноқонуний йиғиш ёки ҳаммага ошкор қилиш ёхуд бу хабарларни жамоат олдида сўзга чиқишда, оммавий намойиш қилинувчи асарда ёки оммавий ахборот воситаларида тарқатиш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланишини кўзда тутадиган тегишли нормалар мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 12-моддасига мувофиқ: “Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида: “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”, деб белгиланган.

Ушбу модда матнидаги айнан “шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш” ҳамда “ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас” деган иборалар замирида шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга оид конституциявий талаблар ўз мужассамини топган. Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот асносида айни моддани инсон ҳуқуқларини, жумладан, шахсга доир маълумотларни янада кенг даражада ҳимоялайдиган нормалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида шу модда қуйидаги мазмунда таклиф этилмоқда:

“27-модда. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди. 

Ҳеч ким шахснинг уй-жойига ёки бошқа мол-мулкига қонунда назарда тутилганидан бошқача ҳолда ва тартибда киришга, тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас”.

Эътибор беринг: лойиҳада инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини, яъни ҳар бир жисмоний шахснинг ўзи ҳақидаги ахборот, шахсига доир маълумотлар, шахсига, аҳли оиласига оид хабарлар унинг розилигисиз ошкор этилмаслигини тўғридан-тўғри кафолатлайдиган янги конституциявий нормалар таклиф қилинган.

Бу ҳақда сўз борганда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари доирасида бугунги кунга қадар 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушганини ҳам таъкидлаш лозим. Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан, жумладан, виждон эркинлиги, фикр ва сўз эркинлиги, шахсга доир маълумотлар дахлсизлиги ҳуқуқи бўйича шарҳ ва таклифлар тақдим қилинган.

Жорий конституциявий ислоҳотлар жараёнида инсон қадрини улуғлаш, аввало, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусан, шахсий ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, обрўси, ишчанлик даражаси, жамиятда тутган мавқеини юксалтириш ҳамда шахсга доир маълумотлар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган бундай саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳам, аҳамияти ҳам каттадир.

Бинобарин, Президентимиз иборалари билан айтганда, “маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак”.

 

Шахсга доир маълумотлар ва миллий қонунчилик

 

Табиийки, яқин келажакда Конституциямизга киритиладиган янгиланишлар асосида миллий қонунчилик ҳам такомиллаштирилади. Ҳозирча амалдаги қонунларимизда шахсга доир маълумотлар масаласи қай тахлит ўз аксини топган?

Бу ўринда мамлакатимизда, биринчи навбатда, 2019 йил 1 октябрдан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун кучга кирганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Бу қонунга биноан:

“Шахсга доир маълумотлар жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади”.

Қонунинг айрим энг муҳим нормаларига тўхталамиз. Хусусан:

  • Ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган;
  • шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим;
  • давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди;
  • жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Президенти 2021 йил 14 январь куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шу асосда амалдаги қонун «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсий маълумотларини қайта ишлашнинг алоҳида шартлари» номли 27-1-модда билан тўлдирилди.

Бунга қадар – 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлигига оид нормалар белгиланган. Хусусан: Шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлиги унинг ахборотдан эркин фойдаланиши зарур шароитлари ва кафолатларини яратиш, шахсий ҳаётига тааллуқли сирларини сақлаш, ахборот воситасида қонунга хилоф равишда руҳий таъсир кўрсатилишидан ҳимоя қилиш йўли билан таъминланади.

Жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига киради.

Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.

Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар.

Оммавий ахборот воситалари ахборот манбаини ёки тахаллусини қўйган муаллифни уларнинг розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Ахборот манбаи ёки муаллиф номи фақат суд қарори билан ошкор этилиши мумкин”.

Бугунги глобаллашув жараёнларида шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳолатлари бот-бот кузатилмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари ёки баъзи бир блогерлар шахснинг обрўси, шаъни ва қадр-қимматини туширадиган ахборот тарқатганлиги учун суд олдида жавобгар бўлаётгани ҳам статистик маълумотларда кўриниб қолмоқда.

Бундай ҳолатлар нимадан далолат беради? Демак, 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни ўтган 16 йиллик муддат ичида нафақат ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки янада долзарблашиб бормоқда. Шундай экан,  ҳар биримиз ушбу муҳим халқаро сананинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этишдек эзгу ишга имкон қадар ҳисса қўшайлик.

 

Ғулом МИРЗО

"Куч-адолатда" газетаси 2023 йил 27 январь 4-сон

Газеталар шарҳи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech