Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди

24 июль куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси ўртасида “Халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси”ни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Режанинг имзоланиши томонлар ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлди. Жорий йилда ушбу ҳамкорликка 33 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1949 йилги тўртта Женева конвенцияси ва уларга Қўшимча протоколларга қўшилиб, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий нормаларига содиқлигини тасдиқлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг тарихий илдизларига назар солди. У халқаро гуманитар ҳуқуқ шаклланишининг бошланғич нуқтаси 1859 йилдаги Солферино жанги воқеалари, Анри Дюнаннинг «Солферино жанги ҳақида хотира» китоби ҳамда 1864 йил 22 августда биринчи Женева конвенциясининг қабул қилинишига бориб тақалишини қайд этди.

Миллий марказ директорининг сўзларига кўра, бугунги кунда 1949-йилги Женева конвенцияларининг иштирокчилари 196 та давлат ҳисобланади, бу эса уларни замонавий халқаро шартномалар орасида чинакам универсал ҳужжатлардан бирига айланганидан далолат беради. Гуманитар анъаналарнинг ривожланиши Ўзбекистонда ҳам чуқур тарихий илдизларга эга. Хусусан, 1925 йилда Самарқандда ташкил этилган Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти 2025 йилда 100 йиллигини нишонлади.

Акмал Саидов имзоланган Режа Миллий марказ ва ХҚХҚ ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликнинг мантиқий давоми эканини қайд этди. Энг муҳим қўшма лойиҳалар қаторида 2014 йилда «Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқи ва халқаро гуманитар ҳуқуқ» ўқув-услубий қўлланмаси тайёрлангани, шунингдек, 2024 йил декабрь ойида Женева конвенциялари ва Қўшимча протоколларнинг лотин имлосига асосланган ўзбек алифбосидаги нашри тақдим этилганига эътибор қаратилди.

ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари Биляна Милошевич Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига узоқ муддатли ва изчил шериклик учун миннатдорчилик билдириб, Миллий марказнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини миллий амалиётга интеграция қилишга қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлади. Ихтисослаштирилган адабиётларни тайёрлаш, таржима қилиш ва нашр этиш, шунингдек, талабалар, ўқитувчилар ва ёш мутахассислар учун таълим дастурларини ташкил этиш орқали ёш авлод билан ишлаш алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Биляна Милошевичнинг сўзларига кўра, халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ташкилот қуролли можаролар ҳудудларида гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттирмоқда, бироқ тинчлик даврида халқаро гуманитар ҳуқуққа доир билимларни тарқатиш ҳам бундан кам аҳамиятли бўлмаган вазифа бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик ушбу йўналишдаги изчил ва самарали ишнинг муваффақиятли намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Янги Ҳаракатлар режаси тўртта асосий йўналиш, яъни:

– нашриёт фаолияти;

– илмий-амалий, таълимий ва маърифий тадбирларни ўтказиш;

– халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш;

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ўқитиш, илмий алмашинув ва билимларни тарқатиш учун доимий майдонга айланадиган халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ихтисослаштирилган кабинет ташкил этиш бўйича қўшма тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Тадбир якунида томонлар Ҳаракатлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга тайёр эканини тасдиқладилар. Имзоланган ҳужжатнинг амалга оширилиши ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш ва Ўзбекистонда гуманитар таълимни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.07.2026 Ko'rishlar 37
Ulashish