Яқинда таниқли ўзбек сиёсатшуноси ва публицисти, давлат ва жамоат арбоби Қудратилла Мирсагатович Рафиқовнинг «Миллат шавкати» китоби нашрдан чиқди ва унинг илк тақдимоти Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлиб ўтди. Ушбу маънавий-маърифий тадбир, худди уни ўтказишга асос бўлган салмоқли китобнинг ўзи сингари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида муҳим воқеадир.
Янада муҳими, айни муҳташам асар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига мўъжаз ва муносиб совға бўлди. Зеро, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда миллий давлатчилик тараққиётини фақат иқтисодий ёки сиёсий кўрсаткичлар билан эмас, балки миллат тафаккури ва дунёқараши, ижтимоий онги ва маънавий юксалиши даражалари билан ҳам баҳолаш тенденцияси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, «Миллат шавкати» асари сўнгги икки йилда чоп этилган 12 публицистик мақоланинг шунчаки бир тўплами эмас, балки Янги Ўзбекистонда кечаётган кенг қамровли, шиддатли ва тизимли ислоҳотларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-фалсафий ва маънавий-маданий мазмунини англашга хизмат қилувчи яхлит ҳамда салмоқли таҳлилий мазмундаги сиёсий-публицистик асардир.
Гап шундаки, биз муаллифнинг еттинчи китоби тақдимотида иштирок этдик ва бу асарларнинг барчаси сиёсий публицистика жанрига мансуб.
Сиёсий публицистиканинг хусусиятлари нималардан иборат?
Сиёсий публицистиканинг асосий ўзига хос хусусиятлари:
-
унинг давр билан ҳамнафаслиги, яъни долзарблиги;
-
оммавийлиги ва таъсирчанлиги;
-
замон руҳининг акс эттирилиши;
-
шахсий ва тарихий тажрибанинг умумлаштирилиши;
-
шахсий муносабатнинг очиқ билдирилишида намоён бўлади.
Сиёсий публицистика жанрида ижтимоий-сиёсий воқеалар шунчаки баён қилинмайди, балки уларга баҳо берилади. Шу йўл билан сиёсий публицистика жамоатчилик фикрини тизимли шакллантиришга хизмат қилади.
Сиёсий публицистиканинг қуйидаги 4 та асосий хусусиятини мухтасар таҳлил қилиб кўрамиз.
Биринчи хусусияти – ижтимоий-сиёсий долзарблик. Бу ўринда аввало тезкорлик омилига эътибор қаратиш даркор. Негаки, сиёсий публицистика орқали муаллиф жамиятдаги энг муҳим ва янги сиёсий жараёнларга зудлик билан муносабат билдиради. Сиёсий публицистиканинг ижтимоий аҳамияти ҳам муҳим бўлиб, у шахсий муаммоларни эмас, бутун жамият ёки давлат манфаатларига дахлдор мавзуларни кўтариб чиқади.
Иккинчи хусусияти – экспрессивлик ва таъсирчанлик. Бунда, даставвал, сиёсий публицистиканинг эмоционал жиҳатдан таъсирчанлиги назарда тутилмоқда. Негаки, муаллиф айни жанрда ўз позициясини ҳис-туйғулар, кескин танқид ёки кучли мантиқий аргументлар орқали ифодалайди. Сиёсий публицистиканинг даъваткорлиги ҳам эътиборга лойиқ бўлиб, у оммани муайян сиёсий ғоя атрофида бирлашишга, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга ёки ноҳақликка қарши туришга чақиради.
Учинчи хусусияти – тил ва услуб ранг-баранглиги. Хусусан, сиёсий терминологиядан унумли фойдаланилган ҳолда, матнда дипломатик, ҳуқуқий ва сиёсий атамалар фаол қўлланади. Айни чоғда, бадиийлик ва мажозийлик ҳам эътибордан четда қолмайди. Сиёсий публицистикада фикрни халқчил ва тушунарли қилиш учун халқ мақоллари, тарихий шахслар ҳаётидан мисоллар, ўхшатиш ва киноялардан самарали фойдаланилади.
Тўртинчи хусусияти – субъективлик ва очиқлик. Сиёсий публицистикада муаллиф позицияси ёрқин кўринади. Сиёсий публицист воқеалар ортига яширинмайди, аксинча, унинг "мен"и, сиёсий қарашлари ва дунёқараши матнда яққол сезилиб туради. Бундан ташқари, таҳлилий ёндашув чуқур ва қамровдор бўлиб, воқеаларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинади ҳамда келажакдаги сиёсий прогнозлар илгари сурилади.
Бешинчи хусусияти – сиёсий публицистика замон руҳига ҳамоҳанглиги ва башорат қилиш лаёқати билан ҳам ажралиб туради.
«Миллат шавкати» китоби Қудратилла Рафиқовнинг сўнгги 6 йилда чоп эттирган 6 та асарининг мантиқий давомидир. Ушбу китоб муаллифнинг 2024-2026 йилларда йирик даврий нашрларда, хусусан, «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган шов-шувли мақоласига асосланган.
Бу китобда муаллифнинг кенг мушоҳада, чуқур таҳлил ва ҳаётий кузатувларга асосланган публицистик мақолалари жамланган бўлиб, улар ўқувчини Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси ҳақида мустақил фикр юритишга ундайди. Асарнинг бош ғояси шундан иборатки, мамлакат тақдири ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Муаллиф давлат қурилишини фақат инфратузилма ёки иқтисодий ўзгаришлар билан эмас, балки инсон тафаккури ва дунёқарашининг ўзгариши билан боғлайди. Китобдан 12 мақола жой олган ва дастлабки мақолаларда Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари мисолида ташқи қиёфа ортида жамият руҳияти ва миллий ўзликни англаш жараёни таҳлил қилинади. Бундай ёндашув жаҳон сиёсатшунослигидаги «nation building», яъни “миллат қурилиши” назарияси билан ҳамоҳангдир.
Илмий-назарий жиҳатдан таъриф берадиган бўлсак, «Nation building» (“миллат қурилиши”) — тарқоқ ижтимоий гуруҳлар, қабилалар ёки этник жамиятларни ягона, барқарор ва мустақил сиёсий тизимга (давлатга) бирлаштириш жараёнидир.
Бу назариянинг асосий мақсадлари:
биринчидан, миллий ўзликни яратиш, шу мақсадда аҳолида маълум бир давлатга тегишлилик туйғусини шакллантириш;
иккинчидан, ижтимоий жипсликка эришиш учун тил, маданият ва умумий қадриятлар орқали ички низоларнинг олдини олиш;
учинчидан, легитимликни, яъни давлат институтлари ва қонунларига нисбатан халқ ишончини таъминлашдан иборатдир.
Айни назарияни амалга ошириш воситаларига қуйидагилар киради:
-
таълим тизими: ягона давлат тили, маданияти ва тарихни ўргатиш;
-
рамзлар: давлат байроғи, герби, мадҳияси ва миллий байрамларни жорий этиш.
-
инфратузилма: ҳудудларни иқтисодий ва транспорт жиҳатдан боғлаш.
Шу нуқтаи назардан, Қудратилла аканинг «Миллат шавкати» асарининг муҳим жиҳати шундаки, муаллиф қамровдор ислоҳотларнинг ҳуқуқий ёки маъмурий жиҳатларини шунчаки такрорлашдек оддий баёнчилик услубига чалғиб ва ўралашиб қолмайди. Аксинча, айни янгиланишларнинг инсон онги, ижтимоий муносабатлар ва миллий ғурур шаклланишига таъсирини чуқур очиб беради. Бу, ўз навбатида, китобни нафақат ўткир сиёсий публицистик асар, балки ноёб ижтимоий-фалсафий ва сиёсий-социологик тадқиқот сифатида ҳам муносиб баҳолаш имконини беради.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг марказида «Инсон қадри учун» тамойили турганини яхши биламиз ва теран англаймиз. Мазкур китобда ҳам айнан инсон, унинг тафаккури, фуқаролик масъулияти ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таҳсинга сазовор.
Муаллиф асар давомида мамлакатимиздаги қурилишлар, жамоат ташкилотлари фаолияти, меҳнат муносабатлари, миллий манфаат, фуқаролик жамияти ва давлат бошқарувидаги ўзгаришларни бир-бири билан боғлиқ жараён сифатида таҳлил қилади. Бу, ўз-ўзидан, китобнинг долзарблиги ва мавзулар бўйича яхлитлигини таъминлайди.
Шу маънода, китоб мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш каби устувор йўналишларнинг маънавий асосларини англашга ҳам хизмат қилади.
Айниқса, муаллифнинг халқ ва давлат ўртасидаги ишончни тараққиётнинг асосий капитали сифатида талқин қилиши бугунги сиёсатшуносликда долзарб бўлган “ижтимоий капитал” назарияси билан ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаш жоиз.
Ушбу назариянинг мазмун-моҳияти нимада?
Ижтимоий капитал — бу жамиятдаги инсонлар, гуруҳлар ва институтлар ўртасидаги ишонч, умумий қадриятлар ҳамда ижтимоий тармоқлар (алоқалар) тизими бўлиб, улар ҳамкорликни ва жамият ривожини таъминлайди.
Бугунги сиёсатшуносликда ушбу назария давлат бошқаруви самарадорлиги, демократия барқарорлиги ва иқтисодий ўсишни тушунтирувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Асарда кўтарилган асосий ғоялар ҳақида фикр юритганда, даставвал, Амир Темур даври буюклиги ва бугунги кундаги «Янги Ўзбекистон» ғояси ўртасидаги маънавий-мантиқий ва мафкуравий боғлиқлик маҳорат билан очиб берилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, миллий ғурурни шакллантириш, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг қадрига етиш, тарихий хотира ва Ўзбекистоннинг давлат рамзларини (хусусан, Давлат гербини) модернизация қилиш масалалари дадил ҳамда асосли таҳлил этилган.
Муаллифнинг гербни собиқ совет мафкураси меросидан тозалаш ва замонавий тараққиётга мослаштириш ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани бежиз эмас. Шу воқеликнинг ўзи ҳам китобдаги мушоҳадаларнинг нечоғлик жонли ва ҳаётийлигидан далолатдир.
Каминанинг ушбу китоб таҳлилига бағишланган “Янги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги эмас” сарлавҳали мақоласи “Халқ сўзи” газетасининг 2026 йил 6 июль сонида эълон қилинган. Ўша мақолада қайд этганимдек, китобда “гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган «ифтихоримиз рамзи» бўлган пахта ва ғалла тасвирлари” муаммоси юзасидан мушоҳада юритар экан, муаллиф мутлақо ҳақ, деб ўйлайман.
Бир томондан, Янги Ўзбекистон – пахта хомашёси етказиб берадиган қандайдир қарам ўлка эмас. Юртимизда “пахта – оқ олтин” деб ҳисобланмай қўйилганига ҳам анча муддат бўлди. Бугун вояга етаётган фарзандларимизнинг учтасидан бири, ҳойнаҳой, пахта нималигини билмаслиги ҳам тайин. Ғалла ҳам миллий тимсолимиз эмас, доннинг эҳтиёжимиз учун зарур қисмини бошқа давлатлар қатори четдан харид қиламиз.
Иккинчи томондан, пахта ва ғалла тасвирлари «ифтихоримиз рамзи» сифатида Давлат гербига эски гербдан шундоққина кўчириб олинган даврда бугунги дориломон кунларга етажагимиз ҳам кўпчиликнинг тушига кирмаган бўлса керак. Нега деганда, ўша вақтларда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўзбекларнинг ҳаёти пахта даласида ўтган. Институт, техникум ва мактаблар тақа-тақ ёпилган, нафақат ўқувчи-талаба ва ўқитувчилар, балки барча ишчи-хизматчилар йиғим-теримга ялпи сафарбар қилинган. Байрамлар, концерт ва тўйлар тўхтатиб қўйилган. Ойнаи жаҳон ва радионинг саноқли каналлари эртадан-кечгача фақат “чевар қўллар” ҳамда “зангори пўлат этак”лар орқали терилган ҳосил миқдори ҳақида гапирган...
Бугун ундай эмас. Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги, яъни пахта даласидан бошқа ташвиши бўлмаган халқ эмас. Бугун Янги Ўзбекистоннинг даври, ягона Ўзбекистон халқининг янгича замони келди. Бинобарин, ҳаммаси шунга мос равишда ЯНГИ бўлганига не етсин!?.
Ҳар қандай китобнинг ҳақиқий қиймати у китобхонни ўйлашга, мушоҳада қилишга, баҳслашишга ва мустақил хулоса чиқаришга ундай олиши билан белгиланади. Бинобарин, «Миллат шавкати» айнан шундай етук сиёсий-таҳлилий асарлар жумласидандир.
Таъбир жоиз бўлса, ушбу китобда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқарув лабораторияси чуқур очиб берилган. Муаллиф эътироф этганидек, “кучли лидерлар ҳар қандай “ўтиш даври”да асосий эътиборни халқнинг, миллатнинг, жамиятнинг тафаккурини ўзгартиришга, ўзи орзу қилган улкан мақсадларга уйғунлаштиришга ҳаракат қилади, буни ислоҳотларининг пойдевори сифатида талқин этади”.
Муаллифнинг ўзига хос услуби — тарихий мисоллар, сиёсий таҳлил ва ҳаётий кузатувларни бирлаштирган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболига оид тарихий воқеликларни содда, равон тилда баён қилиши китобнинг кенг китобхонлар оммасига манзур бўлишига хизмат қилади.
Китоб аввалида таъкидланганидек, “бу тарихни барчамиз – Ўзбекистон халқи бирга битмоқда. Унинг шонли, ёрқин бўёқларга бой бўлишида ҳар биримизнинг ҳиссамиз бўлиши лозим. Миллатнинг улғайиши учун ҳар биримиз дахлдормиз. Бунинг учун инсонда буюк туйғу – ватанпарварлик бўлиши керак”.
Яна бир алоҳида жиҳат: китобда Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда Марказий Осиё минтақаси халқаро майдонда ўзига хос қиёфага эга минтақа ва алоҳида ҳуқуқий субъект мақомида намоён бўлаётгани теран талқин этилган. Муаллиф бу борада сўз юритар экан, АҚШ эксперти Женнифер Брик Муртазашвилининг қуйидаги фикрларини келтирган: “... Марказий Осиёни борича кўриш вақти келди. Бу энди постсовет ҳудуди эмас. У Евроосиё. Мен Марказий Осиёга постсовет призмаси орқали қараб келинган деб ўйлайман, унга Евроосиё суперконтинентининг юраги сифатида қаралмади...”
Китоб саҳифаларидан юртимиз касаба уюшмалари фаолиятига оид мақолалар ҳам ўрин олгани бежиз эмас. Чунки айни вақтда Қ.Рафиқов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг раиси ҳисобланади.
Айтмоқчимизки, муаллиф моҳир сиёсатчи сифатида фақат китоблар ёзиш билангина машғул эмас. Аксинча, Қ.Рафиқов Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган халқчил сиёсатни давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи тармоғи ва фуқаролик жамияти институти тизимларидаги ўзининг амалий фаолияти билан изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Хусусан, Қ.Рафиқовнинг бевосита раҳбарлигида Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари шаклланди, дейишга барча асослар бор. Ўтган ўн йиллик даврда касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асослар такомиллаштирилди. Айниқса, 2019 йил 6 декабрда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун имзолангани ҳамда 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни деб белгилангани муҳим воқеа бўлди.
Юртимизда илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффициентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқланди. Касаба уюшма инспекциялари қайта тикланди. Энг муҳими, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди.
«Миллат шавкати» китобида атоқли давлат арбоблари, сиёсатшунослар ва олимлар, шоир ва адиблардан иқтибослар келтирилган. Муаллиф улуғ Соҳибқирон Амир Темур каби шавкатли аждодларимизнинг ибратли тузуклари, Занги ота сингари азиз-авлиёларимизнинг ҳикматлари, жадид боболаримизнинг эзгу амалларига мурожаат қилган ҳолда, тарихдан сабоқ чиқариш муҳимлигини уқтиради.
Ишончим комилки, мазкур китоб нафақат сиёсатшунослар, давлат бошқаруви соҳаси мутахассислари ва олимлар, балки талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳамда мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини чуқур англашни истаган ҳар бир китобхон учун муҳим манбадир.
Шу ўринда асарни мутолаа қилиш асносида туғилган 3 та илмий хулоса ва 3 та амалий таклифимни билдирмоқчиман.
Биринчи хулоса: «Миллат шавкати» китоби Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий-фалсафий асосларини ёритувчи муҳим сиёсий-публицистик манба ҳисобланади. Муаллиф давлат сиёсати, миллат руҳияти ва фуқаролик масъулияти ўртасидаги ўзаро боғлиқликни очиб беришга муваффақ бўлган.
Иккинчи хулоса: китобда баён этилган айрим фикрларни янги таҳрирдаги Конституция, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган миллий стратегиялар билан қиёсий таҳлил қилган ҳолда ўрганиш асарнинг илмий-амалий аҳамиятини янада кучайтиради.
Учинчи хулоса: энг асосийси, таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов ўз китобларида, бир томондан, Янги Ўзбекистонни ва улуғ Ватанимизнинг бунёдкор халқини ошуфталик билан тараннум этса, иккинчи томондан, халқимиз раҳнамоси – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретини яратиш билан бир қаторда, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс замонавий лойиҳалари муаллифи ва асосчиси ҳисобланувчи давлатимиз раҳбарининг маънавий дунёсини ҳам очиб беради.
Биринчи тавсия. Китоб Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси тингловчилари, университетларнинг ҳуқуқшунослик ва сиёсатшунослик йўналишларида таҳсил оладиган талабалар учун «давлатчилик тафаккури», «сиёсий публицистика» ёки «миллий тараққиёт ғоялари» фанларига қўшимча адабиёт сифатида тавсия этилиши ўринлидир.
Иккинчи тавсия. Китобни инглиз ва рус тилларига илмий таҳрир асосида таржима қилиш лозим. Шунда уни бевосита ўрганиш имконига эга бўладиган хорижий тадқиқотчилар учун ҳам Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг маънавий ва сиёсий моҳиятини англаш имконияти кенгаяди.
Учинчи тавсия. Муаллифнинг нафақат «Миллат шавкати» китоби, балки бошқа сиёсий-публицистик асарларини ҳам Ўзбекистон Касаба уюшмалари Кенгаши сиҳатгоҳларида ўқитишни йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман.
Бу хулоса ва тавсиялар каминанинг субъектив фикрларидир. Зеро, тарихдаги барча буюк ишлар юртга, халққа, умуммаънода айтганда, инсониятга муҳаббат негизида дунёга келган.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2026 йил 24 июль кунги 149(1748)-сони
