Инсоният тараққиёти нафратга эмас, балки ўзаро оқибат, ишонч, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликка таянади
18 июнь – Халқаро нафрат тилига
қарши курашиш куни
БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йил июль ойида Марокаш ташаббуси билан махсус резолюция қабул қилиб, 18 июнни – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни (International Day for Countering Hate Speech) сифатида таъсис этган. Ушбу халқаро сана илк бор 2022 йилда нишонланган.
Бу ташаббуснинг замирида инсониятни камситиш, нафрат уруғларини сочиш ва жамиятни парчалашга қаратилган ҳар қандай баёнотларга қарши глобал миқёсда бирлашишга чақирув ўз мужассамини топган. Айни халқаро сананинг асосий мақсади маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш, бағрикенгликни кучайтириш ҳамда инсон қадр-қимматини камситувчи нафрат сўзларига қарши яхлит жамият бўлиб курашишдир.
Гап шундаки, БМТ нафрат тилини инсониятга қарши содир этиладиган оммавий жиноятлар, геноцид ва зўравонликларнинг энг бирламчи рамзий ифодаси ва бошланғич нуқтаси сифатида кўради. Яъни, халқаро ҳамжамият нафрат тилини огоҳлантирувчи омил, деб баҳолайди.
Бугунги кунда нафрат тилига қарши курашиш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай долзарблик бир қатор омилларга бориб тақалади.
Биринчи омил – рақамли макон ва ижтимоий тармоқлар. Интернет ва ижтимоий медиа нафрат тилининг чегара билмай, жуда тез тарқалишига хизмат қилмоқда. Турли гуруҳлар, миллатлар ёки дин вакилларига қарши онлайн ҳужумлар реал ҳаётдаги зўравонликларга айланмоқда.
Иккинчи омил – сунъий интеллект хавфи. Сунъий интеллектнинг ривожланиши, айниқса, дипфейклар, алгоритмлар орқали заҳарли контентнинг кўпайиши нафрат тилини янада кенгроқ ёйиш ва инсонларни чалғитиш воситасига айланиб бормоқда.
Учинчи омил – геосиёсий бўлинишлар. Дунёдаги бугунги низолар ва сиёсий қутблашишлар фонида муайян қатламларни, масалан, мигрантлар, қочқинлар ёки миллий озчиликка мансуб гуруҳларни сиёсий мақсадларда айблаш ва камситиш ҳолатлари кучайган.
Ўз навбатида, “Нафрат тилига қарши қандай курашиш мумкин?”, деган савол туғилиши табиий.
БМТ ушбу халқаро сана муносабати билан #NoToHate (Нафратга йўқ денг) кампанияси доирасида ҳар бир фуқарога қуйидаги оддий ва самарали қадамларни тавсия этади.
-
Фактларни текшириш (Fact-check): Олинган маълумотларни тарқатишдан олдин уларнинг ҳаққонийлигини текширинг.
-
Бағрикенгликни тарғиб қилиш: Нафратли мазмунга эга постларга муросасиз бўлиб, тинчлик ва ҳурмат муҳитини кенгайтиринг.
-
Жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш: Нафрат тили ёки кибербуллинг нишонига айланган инсонларга маънавий далда беринг.
-
Шикоят қилиш (Report): Ижтимоий тармоқларда нафрат сўзларини ишлатган профиль ёки контентлар устидан платформа маъмуриятига шикоят юборинг.
Ҳозирги дунёмиз катта синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда. Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташвиш билан қайд этганидек, “Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”.
Ҳақиқатан ҳам, сайёрамиздаги урушлар, қурбонлар, қонлар, зиддиятлар, таҳлика ва таҳдид, хатар ва тажовузлар билан чамбарчас боғлиқ бундай нохуш “ўсиш”ларнинг замирида, бир томондан, турли томонларнинг манфаатлари турган бўлса, иккинчи томондан, ўзаро ишончсизлик, учинчи томондан, одамзодга хос нафрат туйғуси ётибди.
Нафрат нима? Афсуски, халқаро ҳуқуқда ушбу атамага аниқ таъриф берилмаган. Шу боис “нафрат”, “нафратомуз”, “нафрат тили” каби тушунчаларни қўллашда жаҳон жамоатчилиги ўртасида ҳали ҳам турлича ёндашувлар ва қизғин баҳслар давом этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти талқинига кўра, нафрат тили – инсонга ёки муайян гуруҳ аъзоларига уларнинг кимлигини – қайси дин, ирқ ва миллатга мансублиги, тана ранги, ижтимоий аҳволи ҳамда жинси қандайлиги каби фарқли омилларни писанда қилиб, тажовуз этиладиган ё таҳқирловчи ёхуд камситувчи ифодалар қўлланадиган оғзаки, ёзма ёки муомала-муносабат шаклидаги коммуникация, яъни ўзаро алоқанинг ҳар қандай туридир. Нафрат ҳамма учун бирдек хатарли бўлгани туфайли унга қарши курашда ҳамма бирлашиши зарур.
Афсуски, бугунги кунда нафрат тили дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Нафрат тилига хос бўлган тажовузкорлик эса ижтимоий бирдамлик ва бағрикенгликка ҳалокатли зарба беради, инсонларга руҳий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан путур етказади. Бундай зиёнкор ифода услубининг нафақат муайян инсонга ёки аниқ бир гуруҳ аъзоларига, балки бутун жамиятга зарари тегади.
Ер юзида одамзод яралибдики, унга муҳаббат ва нафрат ҳамиша ҳамроҳдир. Аммо, янги рақамли технологияларнинг изчил кенгайиб бораётган кўлами ва таъсири оқибатида ҳозирги вақтда нафрат тили – глобал миқёсда инсонларни бир-бирига қарши қўйиш, жамиятларни бўлакларга бўлиб ташлаш мафкурасининг тобора жадаллик билан тарқалаётган самарадор воситаларидан бирига айланиб бормоқда.
Нафрат тили – ёвузлиги ва вайронкорлиги билан ўзининг тобора янгича қиёфасини намоён этмоқда. Агар нафрат тилига қарши қатъий кураш олиб борилмаса, у тинчлик ва тараққиётга ҳам рахна солиши мумкин. Негаки, нафрат тили одамзод қалбига низо ва можаролар, инсон ҳуқуқларига қарши бешафқат ихтилофлар уруғини экади.
Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йили бутун дунёда нафрат тилининг кенг тарқалиб бораётганидан глобал хавотир билдирган ҳолда, Нафрат тилига қарши курашишда динлараро ва маданиятлараро мулоқот ҳамда бағрикенгликни рағбатлантириш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияда камситиш, ксенофобия ва нафрат ҳиссини гижгижлаш ҳолатларига қарши курашиш зарурлиги эътироф этилди.
Бу борада тегишли субъектлар, жумладан давлатларга мурожаат қилиниб, улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар доирасида ушбу иллатга қарши курашни фаоллаштиришга чақирилди. Бош Ассамблея томонидан 18 июнь – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни деб эълон қилингани замирида ҳам айни шу эзгу интилишлар мужассам.
Нафрат тили наинки БМТнинг дастуриламал қадриятларини инкор этади, айни чоғда БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган инсон қадрини улуғлаш, тенглик ва тинчлик каби принцип ва мақсадларга ҳам мутлақо хилофдир. БМТ миссиясининг туб моҳияти инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва нафратга қарши курашишдан иборат экани назарда тутилса, ушбу халқаро ташкилот нафрат тилидек глобал муаммога қарши ҳамжиҳатликдаги курашнинг бошида туришга масъул эканини англаш қийин эмас.
Нафрат тилининг бузғунчи таъсири БМТ фаолиятининг кўплаб соҳаларига – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, токи ёвузликларга барҳам бериш, тинчликни сақлаш, гендер тенгликка эришиш, болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга қадар дахл қилмасдан қолмайди. Шунинг учун Халқаро нафрат тилига қарши курашиш кунининг таъсис этилиши – бу 2019 йил 18 июнда тақдим этилган БМТнинг Нафрат тилига қарши кураш бўйича стратегияси ва Ҳаракатлар режасининг қатъий талабидир.
Мазкур Стратегия ва Ҳаракатлар режаси БМТнинг айни йўналишдаги дастлабки умумтизимли ташаббуси ҳисобланади. Нафрат тилига қарши курашишга оид бу ташаббус БМТнинг айни соҳада давлатлар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган муҳим дастурий асосдир.
Стратегияда нафрат тилига қарши курашишнинг ниҳоятда зарурлиги, бунда кенг кўламда, фикр ва сўз эркинлигига тўла амал қилган ҳолда, тегишли манфаатли томонлар, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, технологик компаниялар ва ижтимоий тармоқлар платформалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлиги таъкидланган.
Ўзбекчасига лўнда қилиб айтганда, нафрат – муҳаббатнинг зиддидир. Нафрат – муайян шахсга ёки кишилар гуруҳига, ғояга ёки амалий фаолиятга нисбатан қаттиқ ғазаб ва жирканиш туйғуси.
Ақлли, тўғри, ҳалол, пок ва виждонли инсон нопок, ўғри, порахўр, мунофиқ, ахлоқан бузуқ кишилардан ва уларнинг ишларидан ҳазар қилади, уларга нафрат билан қарайди. Қуръон ва ҳадисларда нопок, имонсиз, туҳматчи ва ғийбатчи кишилар ҳам нафратга лойиқ эканлиги таъкидланади.
Шу билан бирга, барчага яхши муносабатда ва қўлдан келганча фойдали бўлиш яхши ахлоқ ва юксак маърифат соҳибларининг сифатидир. Халқимиз нақл этганидек, “Хушхулқлик – жамол, камтарлик – камол”.
Хушхулқ ва камтар инсон – бошқаларнинг ҳақларига риоя қилган, ҳурмат кўрсатган ва ҳеч кимга зарари тегмаган комил инсондир. Бу эзгу инсоний фазилатни улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай назмий тараннум этганлар:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурки, солимдур
Тилию илгидан мусулмонлар.
Бинобарин, Ҳадиси шарифда марҳамат этилганидек: “Мусулмон қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар эмин бўлган кишидир” (Бухорий, “Имон”, 4; Муслим, “Имон”,19).
Яъни, инсонларнинг ор-номуси, шарафи ва қадр-қимматига тажовуз қилиш ҳаром. Туҳмат қилиш, ғийбат қилиш, сўкиш, масхаралаш ёмон одат ва катта гуноҳдир. Инсонларнинг қалбини яралаган, кўнглини ўкситган бундай ҳаракатлар жамоатда биродарлик заифлашиб, бирлик ва аҳиллик бузилишига сабаб бўлади.
Буни қарангки, неча минг йиллар давомида ота-боболаримиз сизу бизни ўзга инсонларнинг жонига, молига, шарафига ва номусига тажовуз қилишдан қайтариб келганлар. Шунга қарамай, кейинги даврда ушбу муаммо бутун инсоният учун долзарб глобал таҳдидлардан бирига айланмоқда. Ваҳоланки, инсоният тараққиёти нафратдан эмас, балки ўзаро оқибат, ишонч, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликдан куч олади.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский