Янги Ўзбекистоннинг судларни адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган шиддатли ислоҳотларига бир назар

5 май куни пойтахтимизда “Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судлов: рақамли трансформация ҳамда илғор тажрибалар сари интеграция” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир Одил судлов академияси томонидан ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг суд-ҳуқуқ таълими муассасалари, прокуратура органлари ҳузуридаги академиялар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертлар қатнашдилар.

Кейинги ўн йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси негизида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича янги концепция изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу қисқа даврда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасидаги ислоҳотларини амалга оширишга қаратилган 25 та ҳужжат – Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани улкан аҳамиятга эга..

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи лавозимида имзолаган илк ҳужжати айнан суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларига қаратилганди. Бу ўринда Президентимиз томонидан 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳақида сўз бормоқда.

Фармонга мувофиқ, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 13 июнда мамлакатимиз судьялари билан учрашувда уларнинг олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талабни қўйди.  Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари: «Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адл қасри, яъни адолат қўрғони бунёд эт», деб йўл-йўриқ кўрсатиб кетганига яна бир бор эътибор қаратилди.

Чиндан ҳам, бу мисралар Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган: «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак», деган ғоя билан ниҳоятда уйғун ва ҳамоҳанг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони далиллар мақбуллиги масаласини аниқлаштиришда муҳим қадам бўлди. Эндиликда агар далиллар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини чеклаш йўли билан ёхуд  Жиноят-процессуал кодекснинг талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд инстанцияларининг камайиши ва назоратнинг тўлиқ бекор қилинишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Фармон ижроси доирасида бир қатор муҳим натижаларга эришилди.

Биринчи натижа: суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари 3 тагача камайтирилди.

Иккинчи натижа: суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тўлиқ тугатилди.

Учинчи натижа: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида:

биринчидан, судларнинг фаолияти юзасидан турли брифинг, матбуот анжумани ва учрашувлар ўтказиш;

иккинчидан, жамоатчилик эътиборига тушган ишлар судларда кўрилишида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокини таъминлаш;

учинчидан, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд фаолиятига дахлдор ахборотлар, воқеликлар, турли маълумотларни онлайн режимда жойлаштириш;

тўртинчидан, телеграм-бот каналлар очиб, унда аҳолига суд фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг судларга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Президентимиз томонидан 2023 йил 21 декабрда “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарор асосида 2024 йил 1 февраль ойида оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган “Оила судьялари” ташкил этилди.

Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга оид устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фармон асосида, айниқса, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллангани алоҳида диққатга сазовор.

Президентимиз ташаббуси билан суд соҳасини рақамлаштириш асосида “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди. У фуқаролар ва тадбиркорларга “контактсиз суд” орқали адолатли ва қулай хизмат кўрсатишни кўзлайди.

Шунингдек, судларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида майда қарздорликлар, коммунал тўловлар каби низосиз ишлар нотариуслар ваколатига ўтказилиши режалаштирилган. Бу судлар эътиборини мураккаб низоларни ҳал этишга қаратишга имкон беради. Маъмурий ва иқтисодий ишларда экстерриториал судлов тизими жорий этилиб, фуқароларга истаган ҳудуд судига мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.

Мухтасар айтганда, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи самарали мулоқот майдонига айланган ушбу форумда Янги Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида қисқа даврда эришилган шу каби қамровдор ютуқлар таъкидланди ва эътироф этилди.

Ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичи кадрлар тайёрлашга сифат жиҳатидан янги ёндашувни талаб этаётганига эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, миллий суд-ҳуқуқ тизими учун рақамли трансформация, ортиб бораётган профессионал стандартлар ва кенгайиб бораётган халқаро ҳамкорлик шароитида самарали фаолият юрита оладиган кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида қайд этилди.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech