Янги Ўзбекистон – 2025 йилда: инсон ҳуқуқларини таъминлаш – барқарорлик омили
Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи барқарорлик ва хавфсизликнинг асосий шарти бўлиб, инсон ҳуқуқлари ҳар қандай шароитда универсал ва ажралмас қадрият сифатида эътироф этилиши, глобал таҳдидлар шароитида эса давлат ички сиёсати ва институционал ислоҳотларининг устувор йўналиши бўлиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида 2025 йилда ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилди. Мамлакатда иқтисодий ўсиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, сиёсий институтларни мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Жумладан, давлат бошқарувини рақамлаштириш Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди ва БМТнинг Электрон ҳукумат ривожланиши индексида мамлакат кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди. Шунингдек, 2025 йил натижалари бўйича Жаҳон банки томонидан тузиладиган GovTech Maturity Indexда Ўзбекистон жаҳонда 9‑ўринга кўтарилди.
Бу кўрсаткич рақамли давлат бошқаруви самарадорлиги бўйича юқори натижа ҳисобланади. Ушбу индекс давлат органларининг рақамли хизматлар, асосий электрон платформалар, фуқаролар иштирокчилиги ва бошқа кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Ўзбекистон “жуда юқори ривожланган” давлатлар тоифасига яқинлашди.
Шунингдек, рақамли трансформация мамлакатнинг “Digital Uzbekistan – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Бу стратегия рақамли хизматларни аҳоли ва бизнес учун қулай қилиш, ахборот коммуникация технологиялари инфратузилмасини кенгайтириш, давлат хизматларини тўлиқ электрон форматга ўтказишни назарда тутади.
“My.gov.uz” ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 100 та янги хизмат ва сервислар кўрсатилиши йўлга қўйилган ҳамда жами хизматлар сони 800 тага етказилган. Биометрик идентификация, сунъий интеллект элементлари ва электрон ҳужжат айланмаси жорий этилиши давлат хизматларининг шаффофлиги ва аҳоли учун қулайлигини оширди.
Сиёсий институтлар ва маҳаллий бошқарув тизимида жамоатчилик иштироки, хусусан маҳалла раисларининг сайловлари янги тартиб асосида ўтказилиб, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда иштирок этиш имкониятлари кенгайди. Бу жараён жойларда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилди.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликка қарши кураш мақсадида вояга етмаганларни ҳимоя қилиш механизмларини сезиларли даражада кучайтирилди. Хусусан, 2025 йил 24 декабрда Ўзбекистон Президенти томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2026–2030 йилларга мўлжалланган стратегияни тасдиқловчи ПФ-256-сонли фармон имзоланди.
Шу билан бирга, мамлакатда зўравонликдан жабр кўрган болалар учун профессионал тутинган оилалар (Foster care) хизматини йўлга қўйиш ишлари бошланди. Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган болаларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланди. Жумладан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида тергов судьяси институти амалиётга кенг жорий этилди. Ушбу механизм орқали қамоққа олиш, тинтув ва махсус тергов ҳаракатларига санкция бериш ваколати мустақил суд органларига ўтказилди.
Бу янги чора, ўз навбатида, айблов ва ҳимоя ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек: “Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди”.
Манба: 2025 йилда Ўзбекистон Республикасида
инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга
риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида ахборот. – Т.:
Ўзбекча
English
Русский