Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг янги босқичи бошланди
Мамлакатимизда бугун ҳар ўн минг аҳолига ўртача 319 та мурожаат тўғри келмоқда. Айрим ҳудудларда бу кўрсаткич анча юқори бўлиб, жумладан, 2025 йилда Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 452 тадан мурожаат қайд этилган. Бу ҳолат айрим ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш тизими етарлича самарали эмаслигини кўрсатади.
Ушбу рақамлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб 13 март куни ўтказилган видеоселекторда келтирилди. Йиғилишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари айрим ҳокимлар ва мутасадди раҳбарларнинг бу борадаги фаолиятини танқид қилиб, хусусан, баъзи жойларда сайёр қабуллар номига ўтказилаётгани, аҳоли билан мулоқот шунчаки расмиятчиликдан иборат бўлиб қолаётганини ташвиш билан қайд этди. Масъулларни бундай ҳолатлар фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шу билан бирга, йиғилишда ижобий натижалар ҳам эътироф этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида раҳбарларнинг мурожаатлар билан бевосита шуғуллангани натижасида аҳоли мурожаатлари 25–30 фоизга камайган. Бу эса раҳбарларнинг масъулияти ва шахсий назорати муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил эканини кўрсатади.
Ҳақиқатан ҳам, таҳлилларимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ фаолияти ана шу баҳо ва хулосалар билан уйғунлигини кўрсатмоқда. Миллий марказга 2025 йилда жами 1228 та мурожаат келиб тушган ва бу кўрсаткич олдинги йилдагига қараганда 18,4 фоиз камдир. Мисол учун, 2024 йилда аризалар сони 1455 тани ташкил этган бўлиб, кейинги йилларда аризаларнинг камайиш тенденцияси кузатилмоқда.
Ҳудудлар кесимида таққослаганда, Миллий марказга энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушганлигини кўриш мумкин. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Навоий, Жиззах ва Хоразм вилоятлари аҳолисидан мурожаатлар сони камайган.
Видеоселектор йиғилишида республика бўйича умумий мурожаатлар 16 фоиз камайган бўлса-да, баъзи туман ва шаҳарларда шикоятлар сони 50 фоизгача ошгани соҳадаги камчиликлардан далолат бериши очиқ айтилгани бежиз эмас. Масалан, ички ишлар органлари, мажбурий ижро бюроси, энергетика, бандлик ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича мурожаатлар кўплигича сақланиб қолаётгани ҳолати айни соҳаларда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш зарурлигини англатади.
Қолаверса, электр таъминоти, йўллар, сув ва канализация тизими билан боғлиқ муаммолар бўйича 2025 йилда 100 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида жорий йилда 20 триллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағларни, аввало, энг кўп мурожаат тушаётган маҳаллаларга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Миллий марказнинг мурожаатлар билан ишлаш борасида 2025 йилда амалга оширган фаолияти мониторинги натижалари ҳам айни ҳолатни тасдиқлайди. Ўтган йиллардаги каби, таҳлил қилинган даврда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар, яъни ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп келиб тушган.
Шунга ҳам эътибор қаратиш жоизки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Мамлакатимизда одил судлов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, давлат тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекс ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2025 йил давомида юборилган 500 дан ортиқ тавсия кўриб чиқилди ва натижада мурожаатларнинг муайян қисми қаноатлантирилди, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди ва қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам берилди. Шунингдек, мурожаат қилган бир қатор фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 2025 йилда телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2500 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бинобарин, Миллий марказга оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шу ўринда бундан 9-10 йил илгари фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими бугунги даражада бўлмагани ҳақида ҳам мухтасар тўхталиш лозим. Ўша даврда кўплаб одамлар ўз муаммосини ҳал қилиш учун турли идоралар эшигини тақиллатиб юришга мажбур бўлгани, ариза ва шикоятлар ойлаб ташкилотлар орасида беҳуда айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундай бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликлар фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаганди.
Бундай номақбул вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон қабул қилинганини алоҳида таъкидлашга бурчлимиз. Негаки, худди шу ҳужжат асосида юртимизда Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, фуқароларга муаммоларини бевосита давлат раҳбари назоратидаги тизим орқали билдириш имконини туғдирди.
Дарвоқе, Миллий марказ мутахассислари фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини мунтазам тушунтириб келмоқда. Бу борада 2025 йилда Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларида, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Яккабоғ туманларида аҳоли билан учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилгани фикримизнинг амалий исботидир.
Янги Ўзбекистон аҳолиси ҳозирги вақтда 38 миллиондан ошди, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 20 миллиондан зиёдни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, аҳоли даромадлари икки баробар кўпайди. Бу омиллар, албатта, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар самараси билан чамбарчас боғлиқ.
Айни чоғда, юртимиз аҳолиси сонининг ўсиши ва иқтисодий фаолликнинг ортиши мурожаатлар сонининг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис мазкур соҳадаги ишларни янада самарали ташкил этиш долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.
Президентимиз уқтирганидек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Йиғилишда ушбу янги тизимнинг бир нечта поғоналари ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.
Биринчидан, эндиликда ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар фақат кўтарилган масалани ҳал қилиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиши, мурожаатларга олиб келаётган омилларни аниқлаши, шу асосда мурожаатларни камайтириш билан тизимли равишда шуғулланишлари зарур.
Иккинчидан, Халқ қабулхоналари фақат ариза қабул қилувчи идора эмас, балки соҳа ва жойлардаги муаммоларга уларга тегишли масъул идораларнинг эътиборини тортадиган, улар билан биргаликда таҳлил ва ечим таклиф қиладиган марказга айлантирилади.
Учинчидан, жойларда алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш, ойликлар кечиктириб тўланишининг олдини олиш, бошқарув сервис компаниялари фаолияти, давлат идоралари ходимлари устидан шикоятлар, уй-жой билан таъминлаш, нафақа тайинлаш каби масалаларда манзилли ишлаш йўллари ва бунинг учун масъуллар белгиланади.
Тўртинчидан, барча ҳудудлар ва 208 та туман-шаҳар ҳокимлари Қарши шаҳри мисолида кўрсатилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси билан қатъий шуғулланади. Бу борадаги иш режалари ҳар ой маҳаллий Халқ депутатлари кенгашларида тасдиқланиб, аҳолига етказиб борилади.
Бешинчидан, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ой Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказади, ижросини назорат қилади. Одамларнинг кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли йўналишлар бўйича таклифларни Ҳукуматга киритади.
Олтинчидан, Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади.
Еттинчидан, Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий кўрсатмалар киритиш ваколати берилади, мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтинги йўлга қўйилиб, ҳар олти ойда эълон қилиб борилади.
Мурожаатлар билан ишлашда “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти ҳам кескин оширилади. Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади, у ёшлар етакчиси ва маҳалла раиси томонидан юритилади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим этиб боради.
Шунингдек, мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилади. Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо кучайтирилади.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш. Тўғри, Халқ қабулхоналари ўз вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди”.
Бундан буён айни соҳадаги ислоҳотларда “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор барча даражалардаги раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлиши белгиланди.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи;
Фарида ХАКБЕРДИЕВА,
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
Ўзбекча
English
Русский