2026 – 2030: тараққиёт стратегиялари ва юксалиш дастурлари – бахтли ҳаётимиз йўл харитаси
“Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда. Ҳаммамизга аёнки, Мирзо Улуғбек бобомиз бундан олти аср муқаддам инсоният учун юлдузлар харитасини яратган эди. Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим”. Ушбу долзарб чақириқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида янгради.
Шу асосда Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 – 2030 йиллар учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган Ислоҳотлар дастурлари ҳамда Давлат дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу муҳим ҳужжатлар Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 16 февралда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланди.
Айни ҳужжатлар лойиҳалари жорий йилнинг 23 январь – 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида кенг тарғиб қилингани уларни маромига етказишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш учун қулай имконият туғдирди. Давлат дастури лойиҳаси билан Интернетда 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Олий ўқув юртлари ва давлат идораларида муҳокама тадбирлари ўтказиш, шунингдек, хориждаги ватандошлар билан мулоқотлар ташкил этиш асносида лойиҳалар юзасидан қатор қўшимча ташаббуслар билдирилганини алоҳида қайд этиш лозим. Натижада кенг жамоатчиликдан тушган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, Давлат дастури лойиҳасига киритилгани унинг янада халқчиллигини таъминлади.
Тараққиёт стратегиялари ва юксалиш дастурлари лойиҳаларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам, бир томондан, жамоавий асосда таклифларини тақдим этган бўлса, иккинчи томондан, ходимларимиз алоҳида ўз таклиф-тавсияларини билдирдилар. Бинобарин, айни ҳужжатларнинг тасдиқланган матнида Миллий марказ таклифлари ҳам акс этгани бизга чексиз қувонч ҳамда фахр-ифтихор бахш этди.
Кейинги тўққиз йилда Янги Ўзбекистонда тараққиёт стратегиялари ва юксалиш дастурларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ҳамда ижро этиш борасида ибратли тажриба тўплангани ва муайян мақбул амалиёт шаклланганини эътироф этиш айни муддаодир. Бу борадаги янги ҳужжатлар туркуми синовдан ўтган миллий амалиёт ва илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашувлар негизида ишлаб чиқилгани айниқса таҳсинга лойиқ.
Ислоҳотлар дастурлари ва Давлат дастури бир-биридан фарқли жиҳатларга эга. Жорий йил 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевга энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан берилган ахборотда масаланинг ушбу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Ислоҳотлар дастурларининг тўғридан-тўғри амал қилиш механизми мавжуд ва улар айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти аниқ белгиланди.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида мазкур Стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Жорий йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатининг 4-бандида “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган. Мазкур банд ижроси учун асосий масъул Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳисобланади.
Дастурда кўзда тутилган “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи миллий стратегияси бўлади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2020 йилда қабул қилинган ва ижроси якунига етган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси бу соҳадаги илк ҳужжатдир.
Маълумки, Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар дастури ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилишни тавсия этган. Бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатида инсон ҳуқуқлари соҳасида 150 дан ортиқ миллий режа (стратегия) қабул қилинган бўлиб, амал қилиш муддати қисқа, ўрта ёки узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ушбу ҳужжатлар турли даражаларда: президентлар, парламентлар, ҳукуматлар томонидан тасдиқланган.
Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги тажрибаси жуда эътиборга лойиқ. Марказий Осиё мамлакатлари Конституцияларида "Давлат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва таъминлайди" тамойили аниқ белгилаб қўйилган. Қозоғистонда 2023 йилда Президент томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги учинчи ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. Қирғизистон ҳукумати 2022-2024 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилди ва амалга оширди. Тожикистон ҳукумати 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилди. Туркманистон Президенти томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Айни вақтда мамлакатимизда 2026 йилги Давлат дастури доирасида “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари жадал бормоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек, ўтган давр мобайнида шаклланган миллий амалиёт инобатга олинади. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш доирасида тақдим этилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари тавсиялари ҳам ўз аксини топишига аминмиз.
Бундан ташқари, Президентимиз Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасининг 266-бандида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини ўтказиш ҳам кўзда тутилди. Форумни ўтказиш билан боғлиқ асосий масъулият Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ зиммасига юкланган.
Шуни қайд этиш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми 2018 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар икки йилда ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Форумнинг ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 9 октябрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Бу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Самарқанд форумининг асосий вазифаларига, хусусан:
-
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш;
-
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ва ташаббусларини муҳокама қилиш, мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш;
-
халқаро ҳамжамиятнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишида саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш;
-
ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари киради.
Навбатдаги Самарқанд форумига келсак, ушбу халқаро тадбир БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланиши кўзда тутилмоқда.
Бинобарин, бу йил БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти қабул қилинганига 60 йил тўлади. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилишига асосий масъул орган – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганига эса 30 йил бўлади.
Бундай муҳим миллий ва халқаро саналар муносиб нишонланадиган жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг юксак савияда ўтказилиши эл-юртимиз ҳаётида катта аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2026 йил 11 март кунги 47 (1646)-сони
Ўзбекча
English
Русский