Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари
“Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!”
Конституциямизнинг қабул қилиниши халқимиз ҳаётида ниҳоятда муҳим тарихий бурилиш бўлди. Мустақиллик қўлга киритилгач, мамлакат тараққиётида юз берган барча ижобий ўзгаришлар, янгиланиш ва муваффақиятларнинг асосида айнан давлатимизнинг Бош қомуси, яъни Конституция туради.
Истиқлол йилларида халқимиз Ватан равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилиб, илм-фан ва ижод орқали тараққиёт йўлидан дадил одимлаб келмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги ютуқларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётган Конституциямиз нафақат маънавий эркинлигимизнинг ишончли кафолати, балки давлатимиз ривожининг таянч ҳужжати, келажагимизни белгилаб берувчи мустаҳкам асосдир.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми натижасида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди ва 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Муҳими, янги таҳрирдаги Конституциянинг нормалари, бошқа қонунлар ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлигидан қатъи назар, бевосита амал қилиши қатъий белгилаб қўйилгани миллий ҳуқуқий тизимнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган янгиланишлар нафақат сиёсий бошқарув тизимини модернизация қилишни, балки мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини ҳам тубдан жадаллаштиришни кўзда тутади. Бироқ, ушбу ўсиш жараёнларининг адолатли, ошкора, ҳисобдор ва шаффоф кечиши аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг қай даражада таъминланганига бевосита боғлиқдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг марказида инсон қадри, унинг манфаатлари ва шаъни устувор ўринда туради. Бу ғоя янги тараққиёт стратегиясининг асосий бош тамойилига айланган.
Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатнинг ҳуқуқий тизимида туб бурилиш ясади. Асосий Қонунга киритилган ўзгартишлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш билангина чекланмай, балки уларга риоя этиш, уларни амалга ошириш ва самарали ҳимоя қилишнинг аниқ конституциявий кафолат ва механизмларини яратиб берди.
Асосий Қонунда “инсон – жамият – давлат” тамойилининг конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилгани, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилган нормалар киритилгани, шунингдек, ижтимоий давлат концепциясининг мустаҳкамлиги барча фуқароларнинг муносиб ҳаёт даражаси, тенг имкониятлар ва ижтимоий адолат тамойилларини қонуний даражада таъминлашга хизмат қилмоқда. Натижада Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласи том маънода давлат фаолиятининг амалий йўналишига айланди.
Конституциявий ислоҳотлар инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида белгилаб, давлат органларининг масъулияти, жавобгарлиги ва фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилди. Шунинг учун бугунги ислоҳотлар моҳиятидан келиб чиқадиган хулоса битта – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт модели инсон ҳуқуқлари кафолатларининг мустаҳкамлигига таянади ва айнан шу асос ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда.
Ўзбекистон Конституциясининг Иккинчи бўлими инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳақида бўлиб, бевосита инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Маълумки, “фуқароларининг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари”, деганда давлат томонидан белгилаб қўйилган ҳамда Конституцияда мустаҳкамланган имкониятлар тушунилади.
Бу имкониятлар ҳар бир фуқарога ўз хатти-ҳаракатини мустақил танлаш, шахсий ҳаётида ёки жамият ишларида фаол иштирок этиш ҳуқуқини беради. Конституцияда кўрсатилган айрим имкониятлар “ҳуқуқ”, бошқалари эса “эркинлик” сифатида ифодаланади.
Масалан, янги таҳрирдаги Конституция 42-моддасида ҳар бир инсонга меҳнат қилиш, касбини эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатланган. Бу ҳуқуқ, бир томондан, фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқига эгалигини билдирса, бошқа томондан, касбни эркин танлаш ва адолатли меҳнат шароитида ишлаш эркинлигидан фойдаланишини англатади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ва фуқаро ҳуқуқларини кафолатлайдиган тизим кенгайтирилди. Энди ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча воситалар орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, 55-моддага кўра, агар шахс давлат ичида мавжуд барча ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлса, у халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу билан фуқаро ҳуқуқларининг халқаро даражада ҳам ҳимояланиши таъминланмоқда.
Конституция нормаларининг амалда тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2023 йил 8 майда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу Фармонда, айниқса, инсон ҳуқуқларига оид конституциявий нормаларни амалга ошириш учун кучли механизмлар ва аниқ тадбирлар белгилаб берилгани эътиборга лойиқ.
Конституцияда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш учун иқтисодий шароитлар яратишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг “ижтимоий давлат” сифатидаги тамойилларига тўлиқ мос келади ва аҳолининг турмуш сифати, ижтимоий ҳимояси ҳамда ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларга турли ҳуқуқ ва эркинликларни берибгина қолмай, уларни амалда рўёбга чиқариш учун зарур бўлган иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий кафолатларни ҳам яратиб беради.
Севинч ЖАМШИДОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази кичик мутахассиси
Ўзбекча
English
Русский